www.ziyouz.com кутубхонаси
72
— Пича шаллақироқ.
— Э-э-э, ундай дема-е, уккағарни аёли, ундай дема! Раисни қизиниям шундай дейдими?
Раисни қизини-я!
— Раис бўлса бўпти-да. Билганимни айтаман-да.
— Билсанг-да айтма! Ён қўшнинг — жон қўшнинг!
— Унда, нимага сўрайди?
— Ҳали, гап очилса айтаман-да. Оғзимга толқон солиб ўтирмайман-да.
— Ҳа-а, мақтаб қўя берсин-да.
— Нима деб мақтайин, сен айт-да? Эркак одам умри далада ўтади, нимани билади.
— Тавба-е, аёл одамни умриям уйда ўтаётган йўқ!
— Ишқилиб, аёл аёл-да, қиз болани яхши билади.
— Нима деб мақтарди, қизимиз унча-мунча қизлардан эмас, дейди-да. Камгап, пазанда,
чевар дейди-да.
— Бизни қизимиз дейин-а?
— Дейди-да, ўзини қизлари билан билла ўйнаб катта бўлгандан кейин, дейди-да.
— Чин, катта бўлибди, билмай қолибман, чин.
— Ўзини қизидай гапда.
— Чин, ўзимни қизимдай гап, чин.
— Ишқилиб, мақтайди-да.
— Мақтайман-да, қизимизни мақтайман-да. Ё,
пирим, мен энди борайин, айтган жойдан
қолма, дедилар.
Сўридан кўча йўл олдим.
Раиси дарвоза олдида майда машина мўл бўлди — демак, раисимиз даврани катта олди.
Мен раиси дарвозаии жонли-жонли тақиллатдим.
Дарвозани раисимизни ўғли очди.
Мен чақирибсизлар дея, ичкари кириб кета берайин дедим — бетим бўлмади.
— Раис бова борми? — дедим.
— Бор-бор, айтиб келайин. Раисимиз чайқала-чайқала келди.
— Э-э, Деҳқонқул ака, тинчликми? — деди.
— Тинчлик, раис бова, тинчлик, — дедим. — Ҳорманг, раис бова?
— Саломат, саломат...
Шоберди бахши эшиб-эшиб дўмбира чалди.
— Ҳа, нима гап?
— Ҳеч гап йўқ, раис бова.
— Тракторларинг бузилиб қолибди, деб эшитдим?
— Созладик, раис бова, созладик.
— Ғайрат қилинг, тракторни тўхтатманг! Шоберди бахши эзиб-эзиб достон айтди.
— Ҳа-а, раис бова... қизимизга... одам келибди..
— Қизингизга одам келибди? Йўғ-е, қизингиз ҳали гўдак шекилли?
— Йўқ... қизимиз... қизингизга деймаи.
— Ҳа-а, менинг қизимни айтаяпсизми? Келди келди, ҳали-ҳозирча эскичасига нон синдириб
қўйдик.
— Нон синдирдиларингизми?
— Ҳа-да, ўйлаб ўтирамизми. Синдирдик-қўйдик.
— Бинойи бўпти, хўп бинойи бўпти, — дедим. — Ҳа-а, чақирган экансиз, раис бова?
— Чақирибман? Қачон? Э, ҳа-а, бугун Деҳқонободи қуда бўлмишлар иккита фотиҳа қўй
ташлаб кетиб эди. Шу қўйни бировини сўйиб, район катталарини чақирайин, дедим. Чой ичиб
кетинг, этайин, дедим. Уёққа бола юбордим, буёққа бола юбордим, Қўй сўйгич одам
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
73
тополмадим.
— Ўзимга айтинг эди, даладан вақтлироқ келиб сўйиб берар эдим.
— Бўлди-бўлди, Клара Ходжаевнани шопирига сўйдирдим. Ўзимиз сўйиб, ўзимиз еб
ётибмиз.
— Қандай... Этли-сулли қўй эканми?
— Ҳа энди, Деҳқонободи қўй бўлгандан кейин, этли-сулли қўй бўлади-да.
Шоберди бахши бўғилиб-бўғилиб достон айтди.
— Бўпти, Деҳқонқул ака, — деди раисимиз, — тракторингиз тағин бузилса, дарров хабар
беринг. Ана, ичкарида район техника бошқармаси пири ўтирибди, Бир оғиз айтамиз, исталган
эҳтиёт қисмларни етказиб беради.
Кетимга қайрилдим.
Дарвозамиздан ичкариладим.
Сўри бошида серрайиб-серрайиб қолдим.
Аёлимиз ажабланмиш бўлди.
— Ҳа, вақтли қайтибди? — деди.
— Кўп ўтирмадим, — дедим. — Катталар маст-аласт. Ит эгасини танимайди...
Do'stlaringiz bilan baham: |