www.ziyouz.com кутубхонаси
36
— Менга қаранг, — деди кетаётганимда тўхтатиб. — Сиздан илтимос, ойимлар билан,
бояги... ажралиш ҳақидаги гапимиз орамизда қолсин. Хўпми?
— Хўп, — дедим.
— Раҳмат.
Шундай деб, у кириб кетди. Эшик ёпилди. Мен жойимда туриб қолдим. Бошим гангиган
эди. Ҳеч нарсани тушунмас эдим. Аммо борган сари юрагимда пайдо бўлган ғулғула кучаярди.
«Наҳотки рост бўлса? — дердим ўзимча. — Наҳотки Усмон ака айбдор бўлса!» — Шундай
дердим-у, бу гапга ишонишимни ҳам, ишонмаслигимни ҳам билмасдим.
— Нима гап? — сўради отам уйга келганимда. — Бирон нарса билдингми?
— Йўқ, — дедим мен. — Лекин Қосим аканинг хотини, ҳаммалари бир иш юзасидан бўлса
керак, деяпти.
— Ҳа... — деди отам ўйланиб. — Айби бўлмаса қамалмасди.
Мен индамадим. Назаримда, отам ҳақдай эди...
Ана шундай аҳмоқона, бир умрга мени бадбахт қилган гуноҳкорона ишонч билан учинчи
куни қишлоққа қайтдим. Тўғри уйимга бордим. Мавлон ниманидир ёзиб ўтирарди.
— Нима гап? — деб сўради у ҳам отамга ўхшаб.
Ҳеч гап йўқ, дегандек бошимни қимирлатдим-да, каравотга чўзилдим. Мавлон ёнимга
ўтирди. Қанча вақт ўтди, билмайман, бир маҳал:
— Ойпопукни тасдиқламади, — деди у. Ўрнимдан туриб кетдим.
— Алдаманг!
— Алдаб нима қиламан? — деди доктор. — Рост.
— Нега? Нима учун?
— Билмайман. Вақтинча сабр қилинг, дейишибди. Бошқа ҳеч нарса билмайман. Отаси учун
бўлса керак-да!
— Отаси учун?
Мавлон индамади. Бўшашганимча ёстиққа ёнбошладим. Мен ўйлардим. Аммо мияга ҳеч
нарса келмасди. Қоронғи тушди. Қаердадир товуқ қўрқув аралаш қақиллади. Мен ҳамон
ёнбошлаб ётардим.
— Ойпопукни кўрдингизми? — сўради доктор.
— Йўқ, — дедим.
— Бормайсизми? Сизни кутиб ўтиргандир?
Бу гап мени ўзимга келтирди. Ўрнимдан туриб, Ойпопукларникига йўл олдим.
Ҳовлида Фарида мени қарши олди.
— Келдингизми! — деди у қувониб. — Попукнинг мазаси йўқ. Ҳеч нарса емайди, ҳеч нарса
демайди. Райкомда тасдиқлашмади...
У пиқирлаб йиғлаб юборди.
— Эшитдим, — дедим мен, — ўзи қани?
— Уйда. Ўтирибди. Кўзи ойнада.
Ичкарига кирдим. Ойпопук дераза олдида ўтирарди. Эгнида нўхат гулли кўйлаги. Бошида
дадасига тикиб берган қўқон дўпписи. Ҳали-ҳали эсимда. Менинг кирганимни сезмади.
Кўзларини олис-олисларга қадаб ўтираверди. Маҳ-лиё бўлиб қолдим. Кўзларимга у бутунлай
бошқача бўлиб кўриниб кетди. У анча улғайган, бутун қоматида, чимирилган қошлари бир-
бирига ёпишиб, ғунчадек тугилган лабларида салобат, вазминлик сезилиб турарди.
— Ойпопук? — дедим секин.
У чўчиб, орқасига қаради-да, севиниб кетди.
— Келдингизми?! — деди қаршимга юриб. — Сизни росаям кутдим. Лекин келгунингизча
йиғлаганим йўқ. Мана, қаранг. Ииғлаганга ўхшайманми?
У ўзини қанчалик шўх тутишга ҳаракат қилмасин, қалтироқ овози, қовоқлари шишган
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |