www.ziyouz.com кутубхонаси
35
бўлмаса ажралармиди? Асирликда бўлган экан, нималар қилган у ёкда, ким билади?!
Отам билан бўлган бу суҳбатдан сўнг Қосим аканикига оёғим тортмай бордим. Эшикни
секин тақиллатдим. «Ким?» — деган хаста овоз эшитилди. Кўп ўтмай эшик очилди.
Олдимда оқ дока рўмол ўраган бир кампир турарди. Салом бердим.
— Алайкум салом. Келинг, болам? — деди кампир менга кўзларини тикиб. — Ичкарига
киринг. Кимсиз, болам?
— Танимайсиз мени, — дедим унинг орқасидан ичкарига кириб.
— Судданмасмисиз?
— Йўқ. Мен қишлоқданман. Яккачинордан.
— Яккачинордан? — сўради кампир ҳовлининг ўртасидаги супага ўтириб. —
Усмонжоннинг олдиданми?
— Ҳа.
— Вой айланай-эй, саломатмисиз? Усмонжон ўзи эсон-омон юрибдими? Попук қалай?
Катта қиз бўлиб юрибдими? Анчадан бери кўрганим йўқ. Мактабни битирай дедими?
— Ҳа, битирган. Колхозда ишлаяпти.
— Барака топсин. Бирам ақлли қизки! Бирам ёқимтойки! Худди попукнинг ўзи дейсиз.
Омин! Ҳамма бало-қазолардан худо ўзи асрасин, Оллоҳу акбар!
Кампир фотиҳа ўқиб, менга юзланди.
— Келинг, болам?
— Келинойим уйдамилар?
— Йўқ, ҳализамон келиб қолади. Нима эди?
— Усмон акам... Усмон акам қамалиб қолди.
— Вой шўрим? Вой шўр пешонам! Вой бола бечора!.. Кампирнинг кўзларидан тирқираб ёш
оқиб кетди. У энтикарди. Анчадан сўнг оғир хўрсиниб, рўмол учи билан кўзларини артди-да,
менга қаради.
— Нега қамалди? Нима гуноҳ қилган экан?
— Билмаймиз, — дедим мен. — Қосим акамларнинг ишларига алоқадормикин, деб бу ёққа
келдим. Келинойимлар билан суриштирсакмикин?
— Суриштиришнинг ҳожати йўқ, — деди шу тоб орқамдан бегона овоз.
Ўгирилдим. Бу ёш, келишган жувон эди. Қосим аканинг хотини эканлигини дарров
пайқадим.
— Суриштиришнинг ҳожати йўқ, — деди у мен билан сўрашар экан янгитдан. — Ҳеч
қандай натижа бермайди. Мен биламан.
— Сен ҳаммасини биласан, болам, — деди кампир истеҳзо билан.
— Ҳа, биламан, ойи! — деди жувон жиддий оҳангда. — Кесатманг.
— Билганинг учун ажралаётган экансан-да! — кампир йиғлаб юборди.
— Ҳа, билганим учун! — деди жувон ўзини жаҳлдан зўрға тутиб. — Майли, мендан хафа
бўлаверинг. Лекин бир нарсани яхши билиб қўйинг. Ўғлингиз сизга қанчалик азиз бўлса, менга
ҳам шунчалик азизлар.
Жувон шундай деб менга ўгирилди-да, оғир хўрсиниб, деди:
— Ҳозир ўша ёқдан келяпман. Усмон акам шу ерда эмиш. Қосим акам кўрибдилар. Лекин
гаплаша олмаптилар. Менимча, Усмон акам Қосим акамнинг ишлари билан қамалган бўлсалар
керак. Улар жуда яқин эди. Бормоқчимисиз?
Бошимни қимирлатдим.
— Фойдаси йўқ, — деди жувон. — Ҳеч нарса билолмайсиз. Саломат, дейишади, холос. Ҳеч
нарса қилолмайсиз. Яхшиси, қайтинг, Ойпопукни овутинг, кўп қайғурмасин. Пешонамиздагини
кўрамиз. Мендан салом айтинг. Сал тинчий, бораман ўзим.
Кампир билан хайрлашдим-да, эшикка йўл олдим. Жувон кузатиб қўйди.
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |