www.ziyouz.com кутубхонаси
30
— Йўқ!
— Доим мен билан бирга бўласиз-а?
— Ҳа!
— Сизсиз бир соат ҳам, бир минут ҳам туролмайман, денг!
— Сизсиз бир минут ҳам туролмайман.
— Мен ҳам. Мен ҳам сизсиз бир минут туролмайман. Сизни сира ҳам, сира ҳам ёлғиз
ташлаб кетмайман. О, мен иақадар бахтлиман, бахтлиман!
Ҳа, биз иккаламиз ҳам бахтли эдик. Гўё, дунё фақат биз учун яратилгандек, ундаги ҳамма
нарса, бепоён далалар ҳам, кўкўпар тоғлар ҳам, кумуш дарёлар, жилғалар, лоларанг чамандек
ястаниб ётган боғлар ҳам биз учун, ёлғиз биз учун барпо этилгандек эди. Қайтаётганимизда
сўрадим:
— Усмон акамга нима дейсиз? Ойпопук қизариб кетди.
— Ҳар кунги гапимни айтаман. Фаридаларникидайдим, дейман.
— Ҳеч нарсани сезмаяптиларми?
— Йўқ, — деди у хаёл суриб. — Сезмаётган бўлсалар керак. Айтиш керак эди. Лекин қандай
қилиб айтаман?
— Мен айтайми?
— Йўқ, йўқ, — деди шошиб Ойпопук. — Мен ўзим... ўзим айтаман. Барибир, айтиш керак-
ку ахир. Яшириб бўлмайди.
— Қиз боласиз, қийин бўлар? Мен айтақолай?
— Йўқ, — деди у, — дадамлардан ҳеч нарсани яширмайман. Буни ҳам айтаман. Лекин...
икки кундан бери нашъалари паст.
— Ҳа, мен ҳам сездим, — дедим мен. — Лекин нега? Колхозда ишлар ёмон эмас.
— Мен биламан, — деди Ойпопук. — Тошкентда бир ўртоқлари бор эди. Қосим ака деган.
Инженер. Шу киши қамалибди.
— Қамалибди? — ажабланиб сўрадим мен.
— Ҳа.
— Нега қамалибди?
— Ҳеч ким билмайди. Уйдагилар ҳам. Дадамлар, адашиб қамалгандир, бунақа воқеалар
бўлиб туради, деяптилар. Қосим ака бизникига кўп келиб турардилар. Утган йили кузда
Яккачинорга ҳам келиб, уч-тўрт кун туриб кетганлар. Доктор у кишига жуда ёқиб қолган эди.
Ай-ниқса, пазандалиги. Яккачинорга яна келсам, Мавлонжоннинг оши учуноқ келаман, деган
эдилар. Урушда ҳам бўлганлар, кўп қийинчиликларни тортганлар. Асирда бўлганлар-да, кейин
қочганлар. Польшадан. Анча вақт ишга жойлашолмай юрдилар. Дадам жойлаштириб қўйдилар.
Эҳ, тортган азобларини гапириб берсалар, юракларингиз эзилиб кетади. Ўктам ака, адашиб
қамалгандир-а, нима дейсиз?
— Менимча ҳам шундай бўлса керак, — дедим мен.
— Бирам яхши ойилари бор. Худди қўғирчоқнинг ўзи дейсиз.
Ойпопук кулди.
— Уйларида кўп бўлганман. Мени нуқул пучуқ, дейдилар. Мен пучуқманми?
Ойпопук эркаланиб менга қаради.
— Пучуқсиз, — дедим мен. Иккаламиз кулдик.
Уйга келганимда Мавлон юзига журнал ёпиб, каравотда ётарди.
— Ҳа, доктор? Касалмисиз? — дедим ҳазиллашиб. У уҳ тортди.
— Туринг, овқатланамиз. Шундай қорним очди.
— Кўпроқ юринг, — деди у заҳархандалик билан, кейин қўшиб қўйди. — Тағин менинг
тегишимни ҳам тушириб қўйманг. Ўлаётган бўлсам ҳам овқатни ейман. Менга қаранг!
— Хўп, қарадим, — дедим овқатга ёпишиб.
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |