www.ziyouz.com кутубхонаси
89
— Эй Расулуллоҳ, Оллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалар қаторидан қилсин.
Расулуллоҳ (с.а.в.) холалари учун хос дуо қилдилар. Бу орада такрор уйқу босиб келди.
Умму Ҳарам «дуо қабул қилинган бўлиши шубҳасиз» деган ишонч билан кута бошлади. Кўп
ўтмай, Расулуллоҳ (с.а.в.) иккинчи марта уйғондилар. Яна юзларида табассум.
— Умматимдан Оллоҳ йўлида жиҳодга чиққан бир гуруҳ ғозийлар кўрсатилди менга, —
дедилар.
— Дуо қилинг, эй Набийаллоҳ, мен ҳам улардан бири бўлай.
Бу марта Умму Ҳарамнинг хоҳиши бажо келтирилмади. Ўрнига «Сиз биринчилардансиз»
деган жавоб бўлди.
Умму Ҳарам уйида қилинган бу дуонинг натижасини бир неча йиллардан кейин кўражак,
денгиз йўли билан кемада жиҳодга чиққан бир гуруҳ ғозийнинг сафида у ҳам бўлиб, бир оролга
(эҳтимол, Қибрис оролига) қадам қўйиши билан отдан йиқилиб шаҳид бўлажак эди. (Бухорий,
3/201.)
* * *
Каъб ибн Моликнинг жорияси ҳар тонгда қўйларни ҳайдаб Салъ тоғига борар, ўтлатиб
келар эди. Бир куни тўсатдан бир қўйнинг типирчилаб ётганини кўрди. У ёқбу ёғига қараб,
бировни ёрдамга чақирмоқчи бўлди. Лекин тоғда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бари бир
ўлади, деган ўйда кескир бир тошни олиб, «Бисмиллоҳ, Оллоҳу акбар» деди-да, қўйнинг
бўйнига босди.
Кеч тушиб, қайтаётганида сўйилган қўйни ҳам бирга олиб келди. Жория сўйган қўйнинг
гўшти ейиладими? Каъбнинг уйида баҳс бошланиб кетди. Ахийри, Каъб:
— Мен Расулуллоҳдан бемаслаҳат ҳеч иш қилмайман, — деб мунозарага нуқта қўйди.
Эртасига масалани Расулуллоҳга тушунтириб бергач, гўшт ейилади, деган фатво билан
уйига қайтди. (Бухорий, 3/61.)
Бир куни саҳобалар Расулуллоҳдан (с.а.в.) ушбу қиссани эшитдилар:
Бир киши ер сотиб олган эди. Ерни ағдараётганида бир идиш топиб олди. Идиш тўла
олтин эди. Идишни олиб, ерни сотган кишининг ҳузурига келди ва унинг олдига қўйди.
«Ҳа, дўстим, бу нима?»
«Кўриб турибсан, олтин тўла идиш».
«Хўш, нима бўлибди?»
«Бу сенга тегишли».
«Тушунмадим».
«Бу олтинлар сеники, яъни, сен менга сотган ердан чиқди».
«Ўзинг биласан, мен сенга ерни сотганман, қолгани билан ишим йўқ».
«Аммо мен сендан бу олтинларни эмас, ерни сотиб олганман. Менга тегишли бўлмаган
бир нарсага кўл теккизмайман».
Иккиси ҳам олтин ўзига тегишли эмаслигини иддао қилишар ва, ҳаром бўлади, деган
андишада унга қўл уришмас эди. Ахийри, ишончли бир кишини ҳакам қилишга келишиб
олишди. Бориб масалани тушунтиришди. Ҳакам уларнинг гапларини эшитганидан сўнг:
«Фарзандларингиз борми?» деб сўради.
«Менинг ўғлим бор», деди бири.
«Менинг қизим бор», деди иккинчиси.
«Ундай бўлса, фарзандларингизни бир-бирларига уйлантиринглар ва олтинларни уларга
беринглар».
Ҳукм айнан татбиқ этилди. Шу тариқа, иккала киши ҳам ўзларининг тўғри инсон
эканларини кўрсатишган эди. (Бухорий, 4/150.)
Саодат асри қиссалари. 3-китоб. Аҳмад Лутфий
Do'stlaringiz bilan baham: |