Абдуқаҳҳор Иброҳимов. Ойна синди (трагикомедия)
www.ziyouz.com kutubxonasi
5
Сайёра. Биринчи келган мижоз кирсин.
Ҳалимхон. Айтганингиз бўлади, бегим.
(Чиқади.)
Сайёра стол тортмасидан олтин гардишли қора кўзойнак олиб, тақади. Хонага худди
шундай кўзойнак таққан, қип-қизил шойидан кофта-юбка кийган Манзура кириб келади, қўлида
ҳам қизил сумка.
Сайёра (ўрнидан туриб кетади). Ойи!
(Кўзойнагини олади.)
Манзура. Қизим!
(Кўзойнагини олади). Кабинетинг сенга жуда-жуда ярашибди, муборак
бўлсин.
Сайёра. Ташаккур! Ўтиринг ойи!
Бу орада Ҳалимхон патнисчада, жажжи чинни идишларни тантанавор кўтариб кириб,
бирини ликопчаси билан
Манзурага тутқазади.
Ҳалимхон. Буюрсинлар, хоним! Қора қаҳва. Турк услубида ҳозирланмиш.
Манзура (қаҳвани ижирғаниб, мажбуран олиб, Сайёра қаршисидаги стулга ўтиради.
Зўрма-зўраки). Ташаккур!
Ҳалимхон (Сайёрага қаҳва узатади). Буюрсинлар, бегим.
Сайёра (қаҳвани олиб жойига ўтиради). Ташаккур. Ҳалимхон, ҳозирча олдимга ҳеч кимни
қўйманг.
Ҳалимхон. Жоним билан.
(Икковига бир-бир таъзим бажо айлаб). Тотли бўлсин.
(Чиқади).
Манзура (Ҳалимхоннинг орқасидан қараб қолиб). Бу турқи совуқни қаёқдан топдинг? Нима
бало, сомонхонаю молхонада пайдо бўлганми... Балки ғўзапоя ота-онасига тўшак бўлганми...
Башарасининг қўтир жомашовдек ғадир-будир бўлишига қараганда беланчаги устидан самолёт
бутифос сепиб ўтганга ўхшайди. Тезроқ йўқот уни бу ердан, эрталабдан таъбимни тирриқ қилди
менга қаҳва тутқазиб.
Сайёра. Йўқ, ойи, Ҳалимхон кўринишдан... мана шунақароқ бўлсаям, қалби гўзал, яхши
йигит. Илгаритдан танишмиз, у ҳам сартарошлик мактабида ўқиган. Бунинг устига бир қўли
узунроқ одам тавсия қилиб қолди. Сартарош қилиб қўйишим ҳам мумкин эди, лекин
қабулхонага қўя қолдим, оёқ-қўли чаққонгина. Қолаверса, қабулхонада аёл киши ўтирса, ғийбат
чиқиши мумкин. Барно йигитни қўйсам, ундан беш баттар бўлади. Лекин энг муҳими шуки,
Гўзаллик салонимизга гўзаллик истаб келган мижозларим Ҳалимхонни кўрибоқ анча таскин
топадилар.
Манзура. Ҳа, энди тушундим. Буям бизнеснинг, мижоз кўпайтиришнинг бир йўли дегин.
Баракалла, қизим. Ҳа, эсимга тушиб қолди, қачонлардир бир китобда ўқигандим, эр-хотин тинч-
хотиржам, сокин, безатилган гўшада, покиза ўринда, ювуқли ҳолда лаззатланишлари, лаззат
онларида, жимо пайтларида гўзал нарсаларни ўйлашлари, чиройли манзараларни кўз
олдиларига келтиришлари керак экан. Ана шунда кўркам ва соғлом фарзандлар дунёга келар
экан. Акс ҳолда анови Ҳалимхонингга ўхшаш турқи совуқлар туғилиб қолиши мумкин. Мана
шунақа ибратли гапларни ёзиб, шиор қилиб, кўча эшикдан, кираверишдан бошлаб ҳамма ёққа
осиб қўйдир, қизим. Бир дақиқалик ҳузур-ҳаловатни ота-онаси кўради-ю, жабрини ҳалигиндақа
Ҳалимхонларинг чекади. Гўзал бўлишлик каттакон бахт, қизим! Хунуклик, бадбашаралик –
бахтиқаролик. Бу хатони унутиб ҳам, тузатиб ҳам, кечириб ҳам бўлмайди. Биласанми, қизим, эр
хотинини қайси пайтда уриши мумкин? Шариат китобида ёзилишича, хотин киши агар
зийнатланиб юрмаса, эри уни ҳатто уриши мумкин экан.
Do'stlaringiz bilan baham: