www.ziyouz.com кутубхонаси
5
Ғазалда «жон» сўзи ўн тўққиз, «жонон» сўзи ўн олти марта такрорланиб келган. Бироқ бу
қайтариқлар бизга нохуш туюлмайди, аксинча, кучли завқ уйғотади, шоирнинг заковати,
топқирлигига қойил қоламиз, Қаршимизда ўзига хос бутун бир ғазал-тажнис, яъни бир ўзакли,
талаффузи, шакли ўхшаш, аммо маънолари хилма-хил сўзлар воситасида барпо бўлган
ҳайратомуз санъат намунаси. Аёнки, тажнис классик шеъриятимизда кенг тарқалган усул, лекин
етти байтли ғазалда икки жинодош сўзнинг бошдан-охир ҳар гал янги маънода, янги жило, янги
товланиш билан бундай занжирланиб келиши фавқулодда ҳодиса. Гўё уста заргар бир бўлак
жавоҳирдан турфа тароватли марварид доналарини суфталаб, ипак ипга тизиб чиққандай. Ва
лекин шу нарса ҳам эсда турсинким, улуғ шоир сўз соҳибқирони эканини кўз-кўз қилиш
учунгина бу санъатга қўл урган эмас. Бу санъат замирида Навоий қалбида ҳамиша яшаб,
кўкариб тургап эзгу-ардоқли фикрлар: ишқ, вафо, садоқат ҳақидаги мунаввар, муборак ғоялар
порлаб диққатимизни тортади. Сўз —тафаккур хизматида, санъат — фикр ва ғоянинг кўрки,
тарғиботчиси.
Бутун ғазал бўйлаб сўз додини бериб тажнисни узлуксиз давом эттириш бир санъат бўлса,
буни муҳим ижтимоий-ахлоқий ғоя билан боғлаб ривожлантириш орқали гўзал бир тасвирни
вужудга келтириш яна бир санъат — юксак шоирлик маҳоратининг, уйғоқ, уйғун тахайюл,
табиатдай қудратли ва сахий истеъдоднинг нашъу намоси, сеҳркорлиги. Шоирнинг усталигини
қарангки, байтлар бир-бири ила мантиқан пайвандланиб, етакчи, сарбон ғояни теранлаштира
бориш асносида лирик қаҳрамоннинг туйғулари ҳам байтдан байтга кучайиб, унинг юрагидаги
дарди, эҳтирос-ҳаяжонлари жўшиб бораверади, жон ва жонон можароси зўраяди, висол
шодлигию ҳижрон азоблари, ошиқ изтироби ва ёр истиғноси орасидаги драматик зиддият
таранглашади.
Ғазални шарҳлаганимизда бу хусусият янада равшанроқ кўзга ташлана боради. Аммо бу
ишни бошлашдан олдин ҳамма гапларимиз келиб тақаладиган «жон» ва «жонон» сўзларига изоҳ
бермоқчимиз. Жонон сўзининг жондан келиб чиққани аниқ. Лекин қандай қилиб? Балки бу
«жон каби», «жонга ўхшаш» (жондан ширин) деган маъноларни англатар? Яъни: жонмонанд —
жонмон — жонон тарзида бирикманинг ихчамлашиб бориши оқибатида содир бўлгандир? Форс
тилида сўзни мана шундай ихчамлаб, талаффузни енгиллаштириш ҳодисаси бор. Аммо Суддий
Баснавийнинг фикрича, жонон жон сўзининг кўплигидир. Маҳбубни улуғлаш, унга чексиз
ҳурмат-эҳтиром билдириш мақсадида шундай қилинган бўлса ажаб эмас, чунки бу яхши
одатимиз ҳозир ҳам амал қилиб келмоқда. Бундан ташқари, жонон — жонларнинг жони (жони
жонҳо, жони жонон) туганмас, ўлмас жон маъносида ишлатилиб, бора-бора тилда
мустаҳкамланиб қолган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда барча маъноларда ҳам жонон (муаннас
шакли жонона) инсон учун энг қимматли, азиз ҳисобланган жон билан баробар қўйилгани,
ҳаттоки ундаи ортиқроқ билиб, эъзозланаётгани аён бўлмоқда. Жонон — маҳбуб, маъшуқ,
дилбар, дилором, санам — буларнинг барчаси ёрнинг сифат-синонимлари. Улардан ҳар бири
шеъриятда ўз мавриди, ўз мақом-нисбатида қўлланиб келинган. Чунончи, жонон сўзи тилга
олинганда албатта жон сўзи ҳам қўшиб зикр этилган.
Воқеан бир-бирига вобаста бу тушунчаларни яна ҳам тўлиқроқ тасаввур этмоқчи бўлсак,
жон сўзининг келиб чиқиш моҳиятини ҳам билишимиз даркор. Зеро, қадимги аждодларимиз
буни ҳозир биз тушунгандай талқин этмаганлар. Ҳозир биз жонни танадан ажратиб тасаввур
қилолмаймиз. Жон, яъни тириклик материянинг олий даражада уюшган шакли бўлмиш
биологик ҳаётнинг (демак инсон вужудининг ҳам) хусусияти деб қараймиз. Қадимгилар эса,
жон бошқа, тана-жисм бошқа деб тушунганлар. Боз устига, уларнинг тасаввурича, жон, руҳ —
олий неъмат, бирламчи борлиқ бўлиб, жисм қуйи хаюло — тўрт унсурдан таркиб топган бир
қолип. Агар жон бўлмаса, вужуд ўзича яшай олмайди, дунё тимсоли бўлган бу «вайрона»ни
жон обод қилиши мумкин. «Ошиқ дили дўстга мунтазир ва беқарор талпинганидай, жисм руҳга
муштоқ ва муҳтождир», дейди «Кашфул маҳжуб» китобининг муаллифи Шоҳ Иноятулло.
Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар
Do'stlaringiz bilan baham: |