www.ziyouz.com kutubxonasi
61
Бир кун кейин Нормуҳаммад қушбеги ҳам бир мунча сипоҳни Тошкандда қолдириб, Қўқонға
жўнаш ҳаракатига тушди. Тошканд оломонининг та-лаблари билан Азизбекнинг икки оёғидан
арқон билан боғлаб отнинг човиға судратма қилдилар.
Сипоҳлар Қўқонға қараб ҳаракат қилар экан, Қўқон дарбозасига тўлған халқ Азизбекнинг от
оёқлари остида судралиб кетишига ҳузурланиб томоша қилар эди.
22. «БИР ҒАРИБИ БEЧОРА»
Бу тарихдаги хон ўрдаси Қўқоннинг бу кунда Хода бозор аталған ўрнида эди. Рўмоннинг ўн
учунчи фаслида Марғилон ўрдасининг таърифи ёзилғанлиқдан ва бу ўрданинг ҳам ташқариғи
айланаси ўша ўрда қабилидан бир тусда, бир услуб ва бир вусъатда бўлғанлиқдан бу ўринда
яна қоғоз қоралаш ортиқчадир. Ўрда дарбозаси, навбатчи қоровул, дарбоза саҳнининг
кенглиги — барчаси ҳам ўшал ўрда сингари, аммо бунинг ташқариғи кўринишидағи ортиқлиғи
тўрт бурчида қада-либ турған навбатчилари эди. Ўрда дарбозасидан ичкарига кирилгач,
бундаги тузилиш Марғилондағидан тамоман деярлик бошқача бўлиб чиқар, шунга биноан бу ер
билан танишмоқ эҳтиёжи тушар эди.
Ўрданинг ичкариги ўнг, чап биқинлари сипоҳ туриш учун солинған бинолар ва саҳнида биз
Тошкандда кўриб танишқан равишча кийимлик сипоҳлар (йигитлар) турким-турким бўлиб,
понсад бошилар қарамоғида қилич уриш машқини таълим олмоқда эдилар. Ўрданинг белидан,
яъни шимолдан шарққа қараб бир хатти мустақим билан девор ва бул деворнинг икки
тарафини баробар— линг ташланиб, ўрданинг ичкари қисмиға хон саройига кириладирган
дарбоза қурилған эди. Бу дарбоза эскиргансумон кўринса ҳам асли яратилишдағи нафислик,
меъморий санъаткорлик ўчаёзған бўлса ҳам, бироқ ундаги ивир-живир сирлар, ўйма нақшлар
ҳали ҳам кишини ҳайрон қолдирарлик эдилар. Айниқса дарбозанинг икки биқинидағи
«ўгирмагул» тарзи билан ишланган гулдасталар, дарбоза равоқидағи ганчдан қабартирилиб
ясалған бўртма нақшлар, гуллар ҳали ўзларининг нафосатларини унчалик йўқотмаған эдилар.
Қуёш ғарбга қараб оғқан, улдасталар устига қўндирилған олтин ҳилол аломатлари қуёш нури
билан кўзни элитарлик даражада яшнар эдилар. Дарбозанинг икки ёнидағи махсус ишланган
қоровулхона — суфачаларда икки нафар навбатчи турар эди. Навбатчидан ўтиб, дарбозага
кирилса гунбаз рави-шида йўлак, ўнгға юрилса девонхонаға, сўлға кетилса хон маҳкамасига
чиқиладир-да, маҳкама бўсағасида яна ҳалигидек икки нафар навбатчига учрашиладир.
Марғилон ўрдасида кўрганимиздек бир даҳлиз, аммо бу ўзининг нақшлари, гуллари, анвўи
сирлари, олийлиқ ва кўркамлиги билан Марғилонникини кўлагада қолдирарлиқ эди эрса-да,
эскирганлиги унинг ортиқлиғиға халал бермакда эдилар. Даҳлиздан ичкарига қаралса бир
мунаққаш ва музайян зол, икки томонида хоннинг шоғовул бошилари, ясовул бошилари,
дастурхончи ва офтобачилари, тунқатор ва парвоначилари оталиқ ва меҳтарбошилари ва тағи
алла қанча вазир-вузаролари қатор тизилишиб ўлтурмакда эдилар. Золнинг учунчи
даричасидан нариғи томон бир юпқа мунаққаш девор билан ажратилган бўлиб, ичкарига
кириладирган эшиксиз бир йўл, бу йўл билан ҳалиги девор иккига ажралиб, ҳар бир бўлим
деворнинг ўртасида киши боши сиғарлиқ бир туйнук, бу туйнуклар ёнида қўлиға ойболта
ушлаган икки нафар жаллод қотиб турар эдилар. Шу жаллодлар орасидан ўтиб учунчи бўлимга
кирилса, қаршида ярим газлар юксакликда тўрт оёғлиқ оқ мармардан ясалған тахт устида
олтин камарга тақилған олтин соплиқ қиличини тизаси устига кўндаланг қўйиб, қизил
духобадан тикилган пўстун камзул устидан адрас тўн кийган, бошиға симоби шоҳи салла
ўраған ўн саккиз ёшлар чамалиқ, чўзиққина юзлик, буғдой ранглик хон ўлтурар эди. Бу Худоёр
эди. Хоннинг сўл томонидағи олтин ҳаллик курси кишидан бўш, ўнгдаги — ички саройга
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |