www.ziyouz.com kutubxonasi
87
ҳолларнинг барчаси ўша ҳиндининг жодусидан бўлиб, муаккиллар Отабекнинг бўйнидан
сиртмоқ солиб Марғилонға тортадирлар...
Ҳасанали хўжабекасининг кўбдан бери домлахўжа билан саргардон бўлиб юришини билса-
да, аммо унинг «ҳинди, сиртмоқ солиб тортиш» каби сўзларига тушунмади. Бекасининг феъли
хўйини яхши билгани учун, яъни унинг қарғашидан қўрқиб тушунмаганлигини билдирмади-да,
«қани гапнинг теги қаерға борар экан», деб жим, қулоқ солған бўлиб ўлтура беди. Аммо Ўзбек
ойим сўзини ҳалиги ерда тўхтатиб: «Сан шунга нима кенгаш берасан?» деган саволни берди.
— Мен нима дер эдим... Сиз нимани маъқул кўрсангиз шуда, — деди. Ҳасаналининг
тушунмаслик орқасида берган бу жавоби Ўзбек ойимға ниҳоятда ётишиб келди:
— Баракалла, Ҳасан. Ана шунинг иложини ўзинг қиласан.
— Яхши...
— Эрта-индин чарлар бўлиб ўтса, албатта Отабек Марғилонға югирадир. Шу вақтда сан ҳам
бир нарсани баҳона қилиб бирга Марғилон борасан-да, қаердан бўлса ҳам ўша ҳиндини
топасан ва назрини бериб яхшилаб қайтартириқ қилдирасан...
— Кимни?
— Кимни бўлар эди, Отабекни-да.
— Нега?
— Тушунмадингми?
— Тушуниш бўлса — тушундим... Шунчаки аниқлаб олмоқчиман-да.
— Марғилонлиқ-ку Отабекни ҳинди домладан ўзига боғлатиб қўйибдир. Ана шуни сан ҳам
пайқаб юргандирсан-ку?
— Пайқамаған бўлсам ҳам аммо мақсадингизга энди тушундим, — деди кулиб Ҳасанали. —
Ниятингиз Отабекни марғилонлиқ келиндан совитиш.
— Баракалла, — деди Ўзбек ойим, — совитишгина эмас, унинг чангалидан Отабекни узил-
кесил қутқариш.
Ҳасанали ҳайрон бўлди. Чунки хўжабекасининг марғилонлиққа мунчалик адовати бор деб
ўйламас эди.
— Нега энди?
— Ўғлимни марғилонлиқларнинг қўлиға бериб қўй-майман-да, ахир. Бурун Тошкандда
хотини бўлмаған бўлса — энди бор, мундан кейин анди келинга бизнинг муҳтожлигимиз йўқ...
— Хайр, энди нима қилмоқчисиз?
— Нима қилишим кундан ҳам равшан, — деди Ўзбек ойим ва тамом қаноат ва ишонч билан
бояғи мақсадни такрорлади: — ўзингга айтканимдек, Мар-ғилондағи ҳинди домланинг ўзидан
бир мартаба қайтариқ қилдирсақ марғилонлиқнинг сир-жодулари ботил бўлиб, Отабек ўз-
ўзидан андини талоқ қилиб юборадир...
— Сиз марғилонлиқ ҳинди домланинг ўғлингизга қилган жодусини қаердан билдингиз?
Ўзбек ойим бу савол билан ўзининг кашфидан бир оз шубҳаланди-да, ишончсизроқ қилиб:
— Ўзим билдим, — деди.
— Ўзингиз қаёқдан биласиз, ахир бирав айткандир сизга?
— Ўз ақлим билан топдим.
Ҳасанали ўзини тутолмай кулиб юборди:
— Лекин шунга қолғанда ақлингиз бир оз янглишибдир...
— Нега?
— Негаки икки ўртада сиҳирчи ҳинди ҳам йўқ, сиҳир қилдирғучи марғилонлиқ ҳам, Отабек
ҳам сиҳирланган эмас.
— Нега бўлмаса Отабек ҳадеб уйланса ҳам Мар-ғилонга ошиқаберадир?
— Бунинг сабабини ҳали ҳам билмайсизми?
— Биламан, сиҳир-жоду қуввати.
— Жодуни ким қилдирадир?
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |