www.ziyouz.com kutubxonasi
161
шундан бошқа ҳеч гап йўқ, ўғлим. — деди ва бир оз тўхтаб давом этди: — Мен кўб умримни
шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир
қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси
йўлида бир-бирини еб, ичкан ман-сабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар
Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу
ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ яқиндирки, ўрус
истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз
билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз
қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширқучи — биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг
лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни
тўнғузхона қилишиға ҳозирланған биз итлар яратгучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур
Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино
каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб
судрағучи албатта тангрининг қаҳриға сазовордир, ўғлим! Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб,
болалар ятимхоналарини вайрон қилғучи золимлар — қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған
ги-ёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!..
4. ОЙ ЭТАК БИЛАН ЁПИЛМАС
Чой тугалган эди. Отабек фотиҳа ўқуб, ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди.
— Турма!
Юсуфбек ҳожи тарафидан берилган амирона буйруғ Отабекни қайтадан ўлтуриб қолишга
мажбур этди ва отасиға «нима хизматингиз бор?” дегандек қилиб қаради. Юсуфбек ҳожи бир
сўз демасдан салласини олиб тиззасига қўйди, бош қашинишиб яна салласини кийди.
Дадасининг салла олиб бош қашиниши кейинидан кўпинча ўзини бир тергов остида кўрар эди.
Шунинг учун яна бир мартаба дадасига қараб қўйди.
Чини билан ҳам ҳожининг тусидаги бояғи ҳасрат ва қайғу аломатлари йўқолиб, уларнинг
жойини шарқ оталиғи вазияти олди.
— Марғилонда нима ишлар қилдинг?
Кутилмаган бу саволга Отабек нима деб айтишини билмай қолди. Жавоб ўрниға хавфли
томонға қаради.
— Сендан сўраяпман, Отабек.
— Сизга хабар бергувчи нима ишлар қилғанимни ҳам айткандир...
— Жўн одамлар қаторида одам ўлдириб юрдим, дегин? Отабекнинг юзида кулимсираш
билинди.
— Жўн одамлар қаторида эмас, — деди, — мажбурлар қаторида, зўрланганлар қаторида...
Ҳожи ўғлининг киноясига тушунмади:
— Одам ўлдириш учун сени ким зўрлаб мажбур қилди?
— Ҳали билмайсизми?
— Билмайман, — деди ҳожи, — айтишларига қара-ғанда сени ҳеч ким мажбур қилмаған.
— Мени зўрлаған ва мажбур қилған эдилар, дада, — деди заҳарханда билан. — Йўқса,
сизнинг ўғлингиз бўлған бир йигитнинг шаънига албатта одам ўлдириш уят ва номусдир.
— Ким сени мажбур қилди, ахир?
— Сиз, онам!
— Эсинг ўзингдами, йигит?
— Ўзимда, — деди ўғул, — сиз ўзингизнинг орзу-ҳавасингиз йўлида мени мажбур қилдингиз
ва душманларимга йўлни катта қилиб очиб бердингиз, мен бу жониворлиқни хоҳ-нохоҳ
ишлашка мажбур қолдим.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |