www.ziyouz.com kutubxonasi
112
ва бир бечорага бу йўсун азоб бериб юрмангиз! — деди ва бир оз тўхтаб давом этди. — Сиз
билган инсофни мен ҳам биламан. Бир бечорани фақат сизнинг кайфингиз учун азоб эмас,
чеккан хўрлиғини ўйлаб ҳар куни бир қат этдан тушаман... Агар ўз кайфингиздан кечсангиз,
яхши билингизким, бир эмас икки жонни азобдан қутқарған бўласиз, онажон! — деди.
Ўзбек ойим ўғлининг бунчалик қатъий кетишини кутмаган эди ва бу йўсун қаттиғ
муомалани-да Отабекдан биринчи мартаба кўрар эди. Сўз қайтаришға ўрин тополмадими ва ё
жанжалнинг улғайишидан қўрқдими, ҳайтовур узоққина истеҳзоланиб қараб турғач, «есингни
ебсан, болам», деди-да, меҳмон-хонадан чиқди.
Отабек ёлғиз меҳмонхонада ётиб кун кечириш билангина қолмади. Кечалари аллақаёқларға
кетиб, йўқолатурған одатлар ҳам чиқарди ва бир-икки қайта ортиқча маст бўлған ҳолда
қайтиб, Ҳасаналини тамом ҳайратда қолдирди. Ул Отабекка насиҳат қилишни ҳам билмас ва бу
сирни биравга айтиш учун ҳам ҳайрон эди.
Бир кун кечаси ул янги одати бўйича аллақаёққа кеткан эди. Ҳасаналининг кўнгли бу кун
ҳам бир ишка гувоҳлик бергандек бўлиб, ичкарида ёткуси келмади, ўринни меҳмонхонаға
ёзиб, дарбозани занжирлаб келди. Агар бу кун ҳам ул ўша ҳолда қайтса, бир нарса демакчи,
яъни қўлидан келган насиҳатни қилмоқчи эди. Ухламай кутиб ўлтурди. Аммо ул тунги соат ўн
бир бўлса ҳам келмас, ўн иккида ҳам дараксиз эди. Ниҳоят, кута-кута уйқуси танг қилғач,
ўрнига чўзилиб кипрагини кипрагига улаб ётди ва ухлаб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Орадан номаълум бир муддат ўтиб дарбозанинг сўнақасиз тақиллашидан чўчиб уйғонди ва
йўлакка югурди. Қоронғуда занжирни тимискилар экан, «ким?» деб сўради ва жавобиға
«мммман» деган сархуш товушни эшитди. Бу товуш унинг юрагини уюшдириб юборған ва «бу
кун ҳам шунақа» деган сўзни кўнглидан ўтқузған эди. Занжирни тушуриб, дарбозанинг бир
табақасини очиши ҳамоно шу табақаға суялиб турган Отабек Ҳасаналининг оёғи остиға
йиқилиб тушди. Ҳасанали бу кунги кайфнинг ўтача кетканлигини пайқаған, йўлакни тутиб
кетган ичкулик исидан ўқчиёзған эди. Отабекни суяб меҳмон-хонаға келтурар экан, икки кўзи
ичкари ҳавлининг эшигида, чунки Юсуфбек ҳожининг тунлари ташқариға чиқатурған
одатининг шу вақтға тўғри келиб қолишидан юраги така-пука эди. Отабекни ешинтирар экан,
ризосиз бир оҳангда деди:
— Ўғлим, сизга шу шайтони ишнинг нима зарурати бор?
Отабек мастларча кулди:
— Ммменга зарурати бўлмаса кккимга бор?!
— Нима бўлғанда ҳам мен бу ишингиздан рози эмасман, — деди Ҳасанали ва қандай жавоб
эшитишини кутиб турди. Отабек ўрнига ётиб олғач, кучлик қилиб бир уфлаб олди. Ҳасанали
ундан жавоб кутар экан, бир оздан сўнг жавоб ўрнига хуррак товшини эшитди... Отабекнинг
кутилмаганда бу янглиғ ярамас кўчаларга кириб кетишига ҳеч бир турлик маъно бералмай
боши қотса ҳам, аммо унинг кўз ўнгидан игнага зўрлаб тақилған ип нарига кетмас эди. Ундан
сўнг, икки ойлардан бери Марғилонни тилга олмаслиқда уни бир оз шубҳага тушириб,
«ораларидан бирар совуқчилиқ ўтдими экан», деб ҳам кўнглидан кечирди. Отабек билан бирга
чой ичиш мақсадида эрталаб Ойбодоқнинг дамлаған чойиға бормай, Отабекнинг уйғонишини
кутиб юрди. Отабек тушка яқин уйғонғач, Ҳасанали чой ҳозирлади. Дастурхон ёзиб ўзини кутиб
ўлтурган Ҳасанали ёниға қисиниб-қимтиниб Отабек келди. Тундаги ҳоли эсига тушиб бўлса
керак, бошини ердан кўтариб Ҳасаналига қарамас ва бир оғиз бўлсин сўз айтмас эди.
Отабекнинг бу ҳоли Ҳасаналининг ничка юрагига қаттиғ таъсир эткан ва ўйлаб қўйған
насиҳатларни унутиб, бекзодани бу оғир ҳолдан қутқазиш фикригагина тушкан эди.
— Ёшлик — бебошлик, деган экан машойихлар, — деб кулиб қўйди Ҳасанали ва: — уй
ичидан битта-яримтаси сезиб қолмағай деб жуда хавотирда бўлдим... Ҳайтовур ҳеч ким
пайқамапти, — деди. Отабек ташаккур эткансумон Ҳасаналига кулиб қаради ва ўзи-нинг бу
кетишидан ризосизлик билдирган каби энтикиб тин олди. Ҳасанали сўзни уринтириб Отабекни
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |