www.ziyouz.com kutubxonasi
229
билиб қўй. Мен сени одам деб ёнимга олувдим. Ҳаммани ҳам яқинимга йўлатавермайман,
биласан а? Ҳозир биз учтамиз. Учаламиз бир зўр иш қилишимиз керак. Бек аканг биринчи
галда мен учун азиз, кейин сенлар учун қадрли. Агар унинг сочидан бир тола соч тўкилса,
менинг юрагимда битта томир узилади. Сочи оқариб кетганини кўрганимда мен ўлиб қолай
дедим. Гапимга тушуняпсанми? Бек аканг билан орамизда хусумат йўқ. Фақат у ҳозир
Хонгирейга ўчакишиб, янглишяпти. Биз уни эҳтиёт қилиб сақлаб қолишимиз керак. Адашган
йўлидан қайтармасак ҳаммамизга ёмон бўлади. Шунинг учун ҳам мен унинг босаётган
қадамини билиб туришим керак. Бек сенга ишонади.
— Тушундим, — деди Жамшид.
Жамшид шундай деди-ю, аммо аввал ҳам айтилган бу гапларнинг нима учун қайтарилаётганига
тушун-мади.
— Менга қара, сен бундай санқиб юрма, Уйлан, уй-жой қил.
— Мен бопи учраб қолса, ўзингиз бош бўласиз.
— Энди ҳалол гапни айт: Зайнабни ёқтирармидинг? Ҳа, ёқтирардинг. Шунга уйлана
қолмайсанми?
— Зайнабнинг эри бор.
— Эри ўлай-ўлай деб ётибди. Хоҳласанг эрталабгача ўлиб қолиши ҳам мумкин.
— Йўқ, ўлмасин, биз Зайнаб билан ака-сингил тутинганмиз.
— Зайнабнинг иккита акаси бор, сени бошига урадими? Сен бола, маҳмаданалик қилмагин-у,
таклифимни ўйлаб кўр?
3
Кесакполвон Элчиннинг тақдирини ҳал қилиб, Зайнаб билан Жамшидга ўзича никоҳ тўнини
бичаётганида Асадбекнинг уйида ўзгача масала ечилаётган эди.
Хуфтон намозини ўқиб бўлган Муҳиддин отанинг кўзлари уйқуга мойиллигини сезган Асадбек у
билан узоқ суҳбатлашмай, ётоққа бошлади. Кейин елкасига тўнни ташлаб, ҳовлига чиқди. Кўзи
беихтиёр болохонага қадалди. Кимсасиз болохона сўнаётган шон-шуҳратининг рамзи сифатида
кўзига хунук кўринди. Аста ўша томон юрди. Тепага кўтарилди. Чироқни ёқди. Тўртта каровот,
ўртадаги хонтахта устида янги дастурхон. Атрофида тоза кўрпача. Аввал бир чиққанида
димоғига сигарет тутуни ҳиди урилиб, кўнгли айниганди. Ҳозир бундай ҳид йўқ... Енгил оёқ
товушини эшитиб, ўгирилди. Хавотирланиб, эрининг изидан чиққан Манзура унсиз равишда
«Адаси, нима бўлди, нега бу ёққа чиқдингиз?» деб сўради. Бу саволга Асадбек ҳам унсиз
равишда «Сен нега орқамдан юрибсан?» деб савол билан жавоб қилди. Кейин «Ясатиб
қўйибсанми?» деб сўради.
— Тўйда ётиб қоладиган меҳмонларга тайёрлаб қўйдим. Кўрпа-ёстиқларгача алмаштирдим, —
деди Манзура.
Узоқдан келувчи биродарлар учун марказдаги меҳмонхонадан жой ҳозирлаб қўйилган,
болохонага муҳтожлик бўлмаса-да, Асадбек хотинининг кўнглини кўтариш мақсадида:
— Яхши қилибсан, — деди.
— Адаси, қизингиз сўрашга уяляпти. Куёвингизни тўйга олиб чиқсакмикин?
Асадбек буни ҳам ўйлаган, Элчиннинг тўйда яримжон ҳолатида ўтиришини истамаётган эди. Бу
хоҳишини хотинига ҳам, қизига ҳам билдиргиси келмай:
— Дўхтирдан сўраш керак, — деди.
— Дўхтири билан маслаҳатлашдик. Аравачага ўтқазиб олиб юриш мумкинмиш.
— Дўхтар билан гаплашдингми? Ишни пишириб қўйиб, энди мендан сўрайсанми? Менга деса,
аравачада эмас, бошингга ўтқазиб олиб чиқ. Тўрга ўтқазгинда «шунақа ажойиб куёвим бор»,
деб мақтан.
Манзура айтган гапидан афсусланиб, пастки лабини тишлади-да, эрининг елкасини силаган
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |