www.ziyouz.com kutubxonasi
205
Шу ёшга етгунича ёнидан бир сўмни чиқариб ўйлаб сарф этган Кесакполвон бир миллион чўз,
деса, индамай бериб қўядиган аҳмоқ эмасди. Агар бу ростдан ҳам Хонгирейнинг талаби бўлса,
сўраганини беради. Фақат ёнидан чиқармайди, йигитлар уч юз эмас, тўрт юз мингдан
тўлашади, вассалом! Масалани шу тарзда ечган Кесакполвон Селимдан кўзини узмай,
тиржайди:
— Сен мен билан нард ўйнасанг ўйнайвергин-у, аммо ўйнашма!
Кесакполвон Селим қўнган меҳмонхонадан чиқиб, Шариф Намозовнинг уйи сари йўл олди.
Гарчи Асадбекнинг сўнгги буйруғини бажаришга майли йўқ эса-да, ўзини мажбурлаб борди.
Усталар янги уйга сўнгги пардоз бериш билан, мардикорлар эса эскисини бузиш билан банд
эди. Кесакполвон ишларни ташқаридан бир оз кузатди-да, лой кечиб дарвозахонага, ундан
ҳовлига ўтди. Чап томондаги хона эшиги очилиб, пешонасини оқ рўмол билан боғлаган,
кийими томган бўёқлардан ола-чалпоқ бўлиб кетган, калта соқол-мўйлабли уста чиқиб келиб,
салом берди.
Ўзбекларда салом-аликдан кейин «ҳорманглар», деб қўйиш фазилати борлигини унутган
Кесакполвон у билан қўл учида, менсимаган тарзда кўришиб:
— Ҳа, ишлар кетяптими? — деб сўради.
— Оллоҳимга шукр, кам қилмаяпти, — нотаниш меҳмоннинг қўрслигидан кўнгли оғриса-да,
уста сир бой бермай жилмайиб қўйди. «Сиз кимсиз, сизга нима керак?» деб ҳам сўрамади.
Унинг ўрнига Кесакполвон сўради:
— Бўёқчимисиз?
— Ҳа, унча-мунча бўяб турамиз, асли касбимиз наққош, ганчкор, Худога шукр, — деди уста
ҳилм билан
— Қанчага келишдиларинг бу ишларни?
Бу савол устани ҳайрон қолдирди. Одамлар унинг ишини кўриб таҳсин айтишарди-ю, аммо
«қанча пул олдингиз?» деб сўрашмас эди. Бу киши эса ишни кўрмай туриб пулдан гап очяпти,
мақсади нима экан?
— Худонинг ризқи-да, — деди уста ҳилмликдан чекинмай. — Тақсир, иморат қуряптиларми,
бизга лозим юмушлари борми?
— Ҳеч қанақа юмуш йўқ, — деди Кесакполвон совуқ оҳангини ўзгартирмай, — хўжайинларинг
қаерда?
— Хабарим йўқ, тақсир, хизматда бўлсалар эҳтимол.
— Ҳозир хизматга борасизми, уйигами, менга барибир, қаерда бўлса ҳам топинг. «Ҳайдар акам
келиб кетдилар, тез чойхонага борар экансиз», деб айтинг. Тушундингизми?
— Тушундим, «қайси чойхонага экан?» деб сўрасалар-чи?
— Ўзи билади, — Кесакполвон шундай деб изига қайта бошлади. Дарвозахонага етганида
«овсарроқ одам бўлса билмаслиги ҳам мумкин» деган ўйда тўхтаб, кузатиб келаётган устага
қаради: «Асадбек аканг одамлар билан гаплашадиган чойхонага», десангиз ўзи тушунади.
Шариф Намозовнинг уйини сотиб олиб, кўчиб келишга тайёрланаётган одам ҳаялламади.
Асадбек акасининг чойхонасига йўқланаётганини эшитиши билан юраги така-пука бўлиб
тезгина етиб келди. У шаҳарнинг кунботар томонида шундай чойхона борлигини, бунда ақлга
сиғмас ишлар бўлиб туришини эшитган, «бунақа жойга дуч келишни душманимга ҳам раво
кўрмайман», деб юрарди. Чақирилган жойга етиб келгунича «Худога нима ёмонлик
қилувдимки, мени буларга рўпара қиляпти», деб ўйлаб борди. Ўйлади-ю, саволга жавоб топа
олмади. Агар ошхонасидаги таомга тушиши лозим гўштнинг тенг ярми «уриб» қолиниши,
сомсаларга калла гўшти тиқилиши, баъзан эса ташлаб юборилиши шарт бўлган, қуртлаган
жигарми, бошқасими, қиймаланиб, ишлатиб юборилишини эслаганидами, саволига жавоб
топарди. Украинадан келтирилиб, радиатсия нурланиши кучли бўлгани сабабли куйдириб
ташлашга тайёрланган гўштни арзон-гаров сотиб олиб ишлатиб юборганини эсламаса ҳам
бошқа қилиқлари тарозунинг жазо палласига ўтириши учун кифоя қиларди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |