www.ziyouz.com kutubxonasi
199
олишимиз керак.
— Ишни бошладик. Ҳозир Красноярда бизга ҳеч қандай қаршилик йўқ. Ментлар ваъдада
туришибди.
— Уларга қаттиқ ишонворма. Эҳтиёт бўл. Молни фақат Ҳайдар орқали юбор. Кетса ўша кетсин,
бу томонларга кавлаб келишмасин. Ҳайдарнинг юриш-туриши қанақа?
— Сиз ўйлагандай. Селимга тоқати йўқ, лекин сир бой бермаяпти. Фақат... Асадбек билан
муносабатига тушуниш қийин. Асадбекнинг осонгина четга чиқиши менга ёқмаяпти.
— Бек ақлли одам, ўғилларини ўйлайди, болаларининг гаровда эканини яхши билади. Лекин...
пайт пойлайди. Индамай кетаверса мен уни ақлли демас эдим. Лекин... ақлли одамнинг узоқ
яшаши ҳам дуруст эмас. Шуни Ҳайдарга яхшилаб тушунтириб қўй. Бу ёғини ўзи эпласин,
эплолмаса Селимга қўйиб берсин, унга шундай де, — Хонгирей сигарет қолдиғини унга узатди-
да, ўрнидан туриб керишди.
Маматбей тиззасидаги кулни эҳтиётлик билан кафтига олиб кулдонга ташлади.
— Ҳайдар таъзияга келмоқчи эди, жойингда ўтиравер, дедим. Фотиҳага келиб-кетишмаса
тинчишмайди, уларнинг одати шунақа.
— Одатини уйида қилаверсин. Айтиб қўй: бу томонларда умуман ўралашмасин. Керак бўлса
ўзим чақираман. Сен эса бугун мени Марказий банкдаги одам билан учраштирасан. Ишни чўзиб
юборди. Уни «Лебединая песня»га олиб бор.
— У ер унча тўғри келмас дейман. «Пекин»*га та-йинлаб қўйсак-чи?
— Йўқ. Бегона кўзлардан холироқ бўлсин.
Маматбей бошқа эътироз билдирмади. Телефонда ким биландир гаплашди-да, Хонгирейга
қараб елка қисди.
— Бугун иложи йўқ экан, хотинининг туғилган куни эмиш.
— Шунақами? — Хонгирейнинг кўзларида чўғ ялтиллади. — Қаерда нишонлар экан, билчи,
балки бизни ҳам таклиф қилар, а? Шундай тантанадан қуруқ қолмайлик.
Маматбей хўжайинининг хаёлида бир режа туғилганини фаҳмлади.
Хонгирей кейинги пайтларда омади юришаётганидан қувониб, қадамни янада каттароқ
ташлашни мўлжаллаётган эди. Хонгирей «Шахсий банк очмоқчиман, номи «Гирей хон»
бўлади», деганида Маматбей «Княз, банк ишончсиз нарса», деб ажабланган эди. Банкнинг
ишончсиз экани Хонгирейнинг ўзига ҳам яхши маълум. Шу пайтга қадар омонат кассага сариқ
чақа ҳам қўймаган. Чангалига тушган одамларнинг уйидан жамғарма дафтарчаларини
олганда уларнинг лақмалигидан куларди. Ярим йилча муқаддам бир иқтисодчи банкдан
олиниши мумкин бўлган фойданинг миқдорини айтганда Хонгирей бу ишга қизиқиб қолди.
Мўлжалича, узоғи билан икки ой ичида ҳал этилиши лозим бўлган ишнинг ярим йилга
чўзилишига бошқа тоқат қилолмади. Айниқса ҳар бир ҳужжатдаги имзо учун ҳақ тўлаш унинг
иззат-нафсига тегарди. «Куч билан битадиган иш учун ҳақ тўлаш аҳмоқликдир», деб
сўкинарди. Сўкинарди-ю, куч ҳамиша ҳам натижа беравермаслигига ақли етиб, ўзини тиярди.
Оқим асосий тўғонлардан бирига келиб тўхтаганда унинг тоқати тоқ бўлди. Маматбей
хўжайинининг калласига қандай шумлик келганини билмасди, билганида ҳам тўхтатишга қурби
етмасди. Чунки Хонгирей худди Ҳосилбойвачча каби ёнидагилардан маслаҳат сўрарди-ю, лекин
ўз билганидан қолмас эди. Байгилдин — устоз, Мамат- бей — яқин ёрдамчи
ҳисобланганлари билан вазифалари буйруқни бажариш, амрга сўзсиз итоат этишдан иборат
эканини яхши билардилар.
Маматбей хўжайинининг амри билан туғилган кун нишонланадиган жойни аниқлагач,
белгиланган вақтдан ярим соат аввал «Прага» ресторанига келдилар. Хонгирей йигирма
кишига мўлжалланган дастурхонга кўз югуртириб, яна ўн стул қўйишни, дастурхон устини
янада тўкинроқ безашни буюрди.
— Ҳа, гапимга тушунмадингми? — деди Хонгирей буйруқни бажаришга шошилмаётган ресторан
хўжайинига қараб.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |