www.ziyouz.com kutubxonasi
166
қилиғи эътиборисиз қолар, бир нимадан ғашланиб, ёки аччиқланиб турган бўлса, «Қўлингни
артсанг ўлиб қоласанми», «Бурнинггача қаймоқ чаплабсан-а, бунча исқирт-сан», «Кучук болага
ўхшаб чаппиллатаверма» каби заҳарли танбеҳларни эшитарди. Эшитарди-ю,
«қаймоқхўрликнинг асл мазаси шунда-да», деб ўз билганидан қолмас эди.
Кесакполвоннинг бармоқларини ялаб, кўришмоқ учун билагини тутиши Асадбек учун янгилик
эмасди. Илгарилари буни бефаросатлик рамзи сифатида қабул қилган бўлса, ҳозир
менсимасликнинг бир кўриниши деб билиб ғашланди. Қандайдир овоз (балки шайтон
алайҳилаънадир) «заҳарли сўзларингни санчиб-санчиб олсанг-чи, индамай қўяверасанми»,
деди. Бошқа овоз эса (балки Яратганнинг фаришталаридир) «Сен энди бу билан ўчакишма, сир
берма, ўзингни бир поғона паст ол, кам бўлмайсан. Шундай қилки, уни ғафлат боссин...» деб
шаштидан қайтарди, кўнгил ғашлигини сездирмади.
Кесакполвон гўё қаймоқхўрлик билан банд бўлса-да, ошнасининг кўз қарашларидан,
сўзларидан бир нимани илғаб олишни истарди. Айни чоқда кеча болохонадаги йигитларнниг
қўнғироғидан кейин уйғонган навбатдаги талвасасини ошнасига сездирмасликка тиришарди.
Фақат ўзигагина маълум ўтда қоврилаётган Кесакполвон чойдан бир-икки хўплаб хўриллатиб
ичди-да, ошнасидан ҳол сўраган бўлди:
— Қаёқда юрибсан, бирга қаймоқҳўрлик қилармиз девдим.
— Шунақа нияти бор одам эртароқ келади, — деди Асадбек унга жавобан.
— Вақтли келмоқчийдим, — Кесакполвон шундай деб оғзини қаймоқли нонга тўлдирди-да,
косани Асадбек томонга салгина суриб «Ол, е» деб манзират қилди. Кейин луқмасини чала-
чулпа ютиб изоҳ берди: — Бугун уйқудан кечроқ турсанг керак, деб ўйлабман.
— Кун ёйилгунча биқсиб ётганимни кўрганмидинг?— деди Асадбек зардали оҳангда.
— Ресторандан кейин бошинг оғриб ётгандирсан, дебман-да, — Кесакполвон «қойилмисан»
дегандай айёрона кулимсираб қўйди.
Бошқа одам бўлганида балки «Ие, шундан ҳам хабар топдингми!» деб ажабланган бўларди.
Асадбек эса бу гапни эътиборсизлик билан тинглади.
Муовиннинг ресторан хўжайинини топиб нохуш воқеадан хабардор қилиши, унинг эса ярим
кечадами ёки эрта тонгдами Кесакполвонга учраб, «Бек акалари ҳузурида узрли бўлиб
қолганлари»ни айтмоғини Асадбек ҳисобга олиб қўйганди. Кесакполвоннинг бугун албатта
келишига ишончи борлигининг биринчи сабаби шу эди. Иккинчи сабаби эса, гарчи
болохонадаги йигитлар «Eрталаб Ҳайдар акаларингга учрашларинг, бундан бу ёғига
бажардиган ишларингни айтади», деган амрни олсалар-да, эртани кутиб ўтирмай ўша заҳотиёқ
акаларига сим қоқиб, «уйдан чиқларингу Бек акаларингга сездирмай кўчада пойлаларинг»,
деган буйруқни олишлари аниқлиги эди.
Асадбек кечқурун ресторандан қайтганида аввал болохона деразасига боқди: ҳамиша ёниб
турувчи чироқнинг ўчирилгани йигитларнинг йўқлигидан дарак эди. Шундай бўлишини ўзи
хоҳлаган бўлса-да, юқоридаги чироқнинг ўчиши давру даврони, шуҳрати машъаласининг
сўнишидан дарак бергандай юраги бир увишди. Айни нафасда муюлишда икки кишининг
қорасини кўриб, Кесакполвондан амр бўлгани, ошнасининг эрталаб етиб келажагини англади.
— Бўтавой қашқани пичоқсиз сўйиб келибсан- ку, — деди Кесакполвон, дастурхонга
томган қаймоқни жимжилоғи билан ялаб.
— Қашқанг ким? — деб сўради Асадбек.
— Танимайсанми? — Кесакполвон «ростданам танимайсанми ё мени лақиллатмоқчимисан?»
дегандай унга синовчан боқди. Ҳатто лаблари бир пас чапиллашдан тўхтади.
— Рестораннинг хўжайинини танимайсанми? Маҳмуд орага тушиб қўйдирувди-ку?
— Эсимда йўқ... нима, олдингга эмаклаб бордими?
— Эмаклайдиган одамни учиб борадиган қилиб қўйибсан-ку. Ёмон эзибсан бола пақирни. Агар
овутиб қўймасам унга иштон чидамай қоларди.
Кесакполвон шундай деб кулди, ошнасидан «нима қилибманки, бунчалар эзилса», деган
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |