www.ziyouz.com кутубхонаси
25
— Улгу бермади, — дедим.
Онамиз қарғаб-қарғаб ичкарилади. Тайпоқ тобоқда исириқ тутатди. Чақалоқли уйни уч
айлантирди. Зиён-заҳматларни қувди.
34
Катталар хўжакўрсинга лалми дўқ уриб кетди, деб ўйладим.
Йўқ, эртаси куни тағин келди.
Искаланиб-искаланиб отхонани қаради, чақалоқли уйни қаради.
Катталар қилиғи ҳамиятимга тегди. Тишимни тишимга зўрға босиб турдим.
— Хўш, қани? — деди кал катта.
— Нима қани?
— От!
— От? Катта, сиз менга қайси бозордан от олиб бериб эдингиз? Деновнинг бозориданми, ё,
Шўрчининг бозориданми?
— Тишингни кўп ғижирлатма, биз сендан қўрқмаймиз! Яхшиликча отни чиқар! қўша қўша мол,
қўй, товуқ, от... бунча ҳайвонни нима қиласан? Ана, магазинда ҳамма нарса муҳайё. Гўшт
дейсанми, сут, кефир дейсанми...
— Катта...
— Нима, ё, капиталист бўлмоқчимисан? Кечириб қўясан! Биз сотсиалистик жамиятда
яшаяпмиз! Ҳадемай коммунизмда яшаймиз! Тўғрими, ўртоқ раис?
Раисимиз лаббайгўй бўлди.
— Тўғри, коммунизм сари бормоқдамиз! — деди.
— Ё, от миниб босмачи бўлмоқчимисан? Кечириб қўясан! Ўзи, аждодингда босмачи ўтмаганми?
Бир текшириб кўриш керак...
— Катта, ундай деманг. Отам бечора Совет тузумини деб қурбон бўлди. Отга келсам, от —
йигитнинг йўлдоши, катта. Қолаберса, от билан кўпкари чопамиз.
— Ия-ия, сен ўзи қайси жамиятда яшаяпсан, мия? Шу пайтгача эшакнинг қулоғига танбур
чертяпманми? Кўпкари — эскилик сарқити! Кўпкари — ёввойилар ўйини!
— Катта... ўзи, кал калла — калла эмас экан-да! Бир менинг каллам шундаймикин десам,
сизникиям меникидан қолишмайди!..
— Ўчир-е...
— Катта, энамни сўкманг. У бечора ичкарида неварасига қараб ўтирибди. Сизга бундайин
бепошна гаплар эп бўлмайди.
— Ўчир дейман-е...
— Эса, мен ҳам сизнинг...
Гапим охирига етмай қолди. Кал катта қулочкашлаб жағимга урди. Қўли аёлнинг қўлидай экан,
жағим оғримади. Гапимни охиригача етказиб айтдим.
Шунда кал катта кетимга тепмоқчи бўлиб шайланди. Мен ўзимни четга олдим. Чап бериб
қолдим.
Кал катта ўз шашти билан, ўз забти билан супадан учиб кетди. Чуқурга бориб тушди.
Раисимиз довдираб қолди.
— Эб-ей, эб-ей!.. — деди.
Чуқурга сакраб тушди. Кал каттани суяб олиб чиқди.
Кал катта ҳансираб-ҳансираб нафас олди. Қўли билан мени кўрсатди.
— Ушланглар, бандитни ушланглар! — деди.
Икки милитсионер икки ёнимдан келди. Қўлларимни кетимга қайирди. Кетимга бир тепди.
Колхоз идорасига олиб борди. Майдагина машинага босиб жўнади.
Йўлда қусиб-қусиб бордим.
Биродарлар, бензин исини ёмон кўраман! Бензин бошимни айлантиради. Кўнглимни айнитади,
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |