www.ziyouz.com кутубхонаси
23
Гўбалак от думи остидан чиқди дегандан, телпагим билан тапиллатиб уриб ўлдирдим.
Жойимга қайтиб бориб ўтирдим.
Тарлон тағин қозиғини айланиб-айланиб чопди. Дирк-дирк ўйнади. Ўйнаб-ўйнаб пишқирди.
Тарлон гўбалакдан халос бўлди-да! Энди, ўйнайди-да!
Тарлон думлари ёйилди, ёллари ҳурпайди. Ёллари бир чап бўйнида, бир ўнг бўйнида ўйнади!
Бир қўлим гўштда, бир қўлим пичоқда қолди. Кўзим Тарлонда қолди! Ё, пирим-ей, ё, пирим-ей!
Гўштга топширади? Шундай зотни-я? Шундай хушрўй зотни-я? Гўшт қиладиган бошқа жонивор
қуридими? Ўзи, қандай қилиб гўшт қилади? Мана бундайми?
Дастурхондаги гўштга тикилдим. Ана шундай-да? Тарлон ҳадемай шундай бўлади-да? Лаҳими
бир ёқли, суяги бир ёқли бўлади-да? Эб-ей, эб-ей!
Кейин, калла-пойчаси алоҳида бўлади. Туёқларини итга отиб юборадилар. Итлар туёқларни
ғажиб ейди. Фақат туёқдаги нағаллар қолади.
Ёллари билан думларини кўмиб ташлайдилар. Ёллар тупроқ остида чирийди. Шундай ёллар-а?
Бу ёл эмас, ипак, ипак! Бу ёл эмас, дўмбира тори, дўмбира тори!
Тарлон от эмас, Жуманбулбул куйлаган «Қунтуғмиш»! Фозил Йўлдош куйлаган «Алпомиш»!
Гажак-гажак бўйинлар бўйин эмас, дўмбира, дўмбира!
«Кунтуғмиш»ни гўштга топшириб бўладими? «Алпомиш»ни гўшт қилиб бўладими?
Тарлон диркиллаб-диркиллаб ўйнади. Бирдан оёқ илди. Орқа оёқларини кенг ёйди. Бошини
сарак-сарак қилди. Олд оёқларини кўтарди! Тағин, тағин-да кўтарди. Олд тиззаларини хиёл
букди. Олд туёқлари ерга эгилди. Қулоқлари олға динг бўлди.
Тарлон орқа оёқларида тик турди!
Девор узра олис-олисларга қаради. Боботоғ чўққиларига қаради. Қаради-қаради... бор овози
билан кишнади!
Қишлоқ узра кишнаш таралди. Хаёл қилдим, адирлардан акс садо келди. Хаёл қилдим, кишнаш
Боботоғгача борди.
Биродарлар, тани жоним роҳат қилди! Жоним энтикди, таним яйради! Кўнглим хўрсинди,
кўнглим жўшди.
— Аҳай-аҳай! Ҳа, овозгинангдан-а! — дедим. Ўзим кулиб, ўзим айтдим!
— Ҳа, жон! — дедим.
Кишнаш эмас, рубобий мусиқа эшитгандай бўлдим! Дўмбира сози эшитгандай бўлдим!
Биродарлар, от — рубобий мусиқа, от — кўркам суврат!
Бали-е, Тарлонбой-ей, бали-е!
Кўзим яна қўлимдаги гўшт билан суякка тушди...
Йўқ-йўқ, ўлсам-да йўл қўймайман...
33
Ярим кечаси Тарлонни жабдуқлаб миндим. Обширга от қўйдим.
Обшир қишлоғи кунботарида оқ тупроқли адирлар, тепалар мўл. Ана шу тепалар нишабида
камарлар мўл. Тарлонни ана шу зимистон камарлардан бировга олиб кириб боғладим.
Кун ёйилди, олам мунаввар бўлди. Ана шунда уйга қайтиб келдим. Таътилланиб, подаётоққа
бордим.
Оқшом вақти ўн кило арпа билан бир қоп самонни аралаштирдим. Қош қорайтириб, қопни
орқалаб жўнадим. Йўлда терладим. Дам олиб-дам олиб бордим. Қопни камарга суяб қўйдим.
Кафтимда гугурт чақдим. Тарлон кўрсин, мени танисин дея, оловни юзимга олиб келдим.
Тарлон емсираб, илтижоли пишқирди.
Тарлонни етакладим. Шу яқиндаги ариқдан сувлаб келдим. Тўрвасида ем бердим. Баданларини
қашиладим. Тарлонга қараб-қараб кетдим.
Уйда тамадди қилдим, ёнбошладим. Оёқларимни ёздим. «Вақт» эшиттиришлари-да адо бўлди.
Шунда, тўшакка ўтиб ётдим. Кўзим илинди, кўзим кетди.
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |