www.ziyouz.com кутубхонаси
33
Бозор оқшоми барча аризабозларни уйимга айтиб келдим. Боқиб ётган бир қўйимни сўйиб
бердим.
45
Қишлоқ тағин отларга тўлди.
Чавандозлар отларини бойловга ташлади.
Тарлонни-да бойлаб боқдим.
46
Қарлуқда тўй бўлди.
Шу тўйга йўл олдим. Йўлда Тарлон тезак ташлаб-ташлаб борди. Ажабо, бундайчикин қилиғи
йўқ эди...
Бир муаллимникига тушдим. Қозиқни молхона ёнига қоқдим.
Тарлон қулоқлари шалпайди. Боши эгилди. Девор кавагига мунис термилиб қолди. Ем емади.
Иримига лабини-да тегизмади.
Кўнглим ҳадиксиради. Томоғимдан туз ўтмади. Тарлондан кўз узмадим.
Узанги йўлдошларим-да оромини йўқотди. Қарлуқда отни зўр биладиган бир синчи чол бўлди.
Ана шу чолни айтиб келди.
Чол Тарлонни айланиб кўрди. Энкайиб, кўзларига қараб кўрди. Ўзича, бош ирғади. Кейин,
тирсагимдан ушлади. Мени меҳмонхонага эргаштириб борди. Елкамга қўлини қўйди.
— Менга қара, эл чавандози, — деди. — Шу отни менга сотмайсанми? Йигирма қўй бераман.
Гапнинг эркагини айт.
Зардам қайнади. Мен нима ғамда-ю, чол нима ғамда!
— Бова, — дедим, — эрта биров айтган экан, мен ўз ғамим билан, мулла менинг... деб! Ўзи
нима гап, аввал айтинг-да!
Чол мужмалтоб бўлди.
— Сен бўларини айт, эл чавандози. Кейин мен айтаман, — деди.
— Йўқ! Қиёматда-да сотмайман! Бўлдими?
— Ҳа, майли. Унда эшит, эл чавандози. Отинг, зўр от. Кўргандан беш кетдим. Адашмасам,
яқинда оғир бир дардни бошидан кечирган дейман-ов!
Тарлон камарда ўн кун оч ётди, ана шу хаёлимдан ўтди. Аммо чолга сир бермадим.
— Ҳа, дардга чалиниб эди. Кейин, фориғ бўлиб эди.
Чол маҳобат қилди.
— Бали, эл чавандози, — деди. — От ҳозир шуни эслаяпти, эртага бўладиган кўпкарини
ўйлаяпти. Дарддан аввалгидай чополаманми, йўқми, деган ғам отни ўйга солаяпти. Мен буни
кўзларидан билдим. Мениям айтди дерсан, эл чавандози.
Чол кетди.
Мен бемаҳалгача гурунглашиб ўтирдим. Тарлоннинг қайғуси кўнглимдан кўтарилмади. Қайғу
юзимга-да урди шекилли, уй хўжаси кўнглимни кўтарди.
— Кўп қайғура берманг, чол синчи, билонғич, — деди. Кейин, чол кимлигини айтиб берди.
Eмишки, отлар бир йилда бир марта кавш қайтаради. От кавш қайтарганда ёнади! Баданлари
товланади, кўзни қамаштиради! Айниқса, кўзлари порлаб ёнади! От — дев-да! От кавш
қайтариши ҳориқулодда* ерда, ҳориқулодда вақтда кечади. Кўз очиб, кўз юмгунча бўлиб
ўтади! От кавш қайтаришини кўрган одам, ё телбанамо бўлади, ё шўрпешона бўлади, ё бахтли,
ё доно, ё нуктадон бўлади!
Eмишки, чол от кавш қайтарганини кўрган эмиш...
Do'stlaringiz bilan baham: |