www.ziyouz.com кутубхонаси
3
Мен тинмас, Момосулувнинг кўнглига-да кирибман! Ошиқона-ошиқона қадамлар босиб,
кўнглини овлабман. Зим-зиё бир олам эмиш. Теварак ҳувиллаб ётармиш. Қимирлаган жон йўқ
эмиш. Эркак зотининг ўзи тугул, излари-да йўқ эмиш. Беҳиштдай бир олам эмиш.
Теваракка аланглаб, кулар эмишман: ушбу беҳиштга мендан ўзгалар келмабди!
Кўнглимни зўр бир хушвақтлик қитиқлар эмиш: ушбу беҳиштга биринчи бўлиб мен қадам
қўйибман! Аҳай-аҳай!
Кўзимни очсам уй зимистон, болишни қучоқлаб ётибман.
Уйқум қочди. Уйқумни қувалаб, шифтга қараб ётдим. Чин, қишлоғимизда шундай қиз бор. Оти
Момосулув.
4
Eрталаб таътил қилдим. Белимга тушлик ўрадим. Заранг таёғимни олдим.
Eлбурутдан подаётоққа бордим. Бир тошга ёнбошлаб олдим.
Eл қўй-ечкиларини ҳайдаб келди. Шунда... шунда, у-да келди!
Мен ўрнимдан туриб қарадим. Хаёлимда, юзларим ловуллаб қизиди.
У қўлидаги хивични қўйлари кетидан отиб юборди. Изига қайрилиб кетди. Менга қайрилиб-да
қарамади. Ажабо, у кеча мени кўрдимикин? Уялганидан тез қайрилиб кетдимикин?
Биродарлар, шу қиз кўз олдимдан кетмай қолди! Кечаси-да, кундузи-да! Шу қизга совчи
қўйдим!
— Тегмайман, калласи кал, — дебди.
Ё, пирим-ей, ё пирим-ей! Кал бўлса нима бўпти? Гап жундами? Жунда ақл борми, хоҳлаган
ерига бита беради-да. Бировга қуюқ битади, бировга сийрак битади. Яна бировга битта-да
битмайди. Бу яратганнинг иши-да!
Жун экиш деҳқончиликмидики, айб бўлса! Ана, калласига жун экмади, экса-да, суғориб,
парваришламади, оқибат, қуриб қолди, деса. Майли, ана унда мени камситсин. Зиёдулла калда
эркаклик уқув йўқ, муштдай калласига жун экиб ололмади, десин. У яхши эр бўлмайди десин...
Мен барибир шаштимдан қайтмадим. Совчини босиб қўябердим.
— Айтиб қўйинглар, мен ҳали от олиб, кўпкари чопаман! — дедим.
Момосулув ноз қилиб-қилиб, охири кўнди!
Тўй-томоша бўлди. У мастона-мастона қадам қўйиб, чимилдиққа келин бўлиб кирди. Мен
мардона-мардона одим қўйиб, куёв бўлиб кирдим.
Момосулувга кўрган тушимни айтиб бердим.
— Сен ҳам шундай туш кўриб эдингми? — дедим.
— Кўриб эдим, — деди.
— Чинингни айт, — дедим.
— Чиним, — деди. — Лекин, таниёлмай қолиб эдим, чироқ ўчиқ эди, — деди.
— Ўша мен эдим! — дедим, кўкрагимга урдим.
— Сиз эканлигингизни билиб тегдим-да, — деди.
— Аҳай-аҳай! — дедим.
Биродарлар, Момосулув тушимда. Чўлпон эди, ҳушимда Ой эди, қўйнимда Офтоб бўлди!
5
Бир сурув қўй сотдим. Пулини белимга ўрадим. Намоз чавандозни олдимга солиб, Обоқлига
жўнадим.
Биродарлар, бизнинг Сурхонда мана бундай гап бор: от олсанг, Обоқлидан ол, аёл олсанг,
Ирғалидан ол!
Бунинг мағзи шуки, от деганлари дев! От бепоёнликни дейди. От масофа нималигини
билмайди. От қаҳратон қишда-да дашт-биёбонларда чопиб ўсади. Ана шунда диркиллаган от
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |