www.ziyouz.com кутубхонаси
10
авзойи бузилди. Унинг авзойидан «есиз жўхори, қатиқ, ўтин» деган маънони англаб хотин,
кўнгли тортмаслигига қарамасдан, косани бўшатди, аммо дарҳол том орқасига ўтиб кўзлари
қизарган, чакка томирлари чиққан ҳолда қайтди.
— Ҳали туғилмаган болани ер юткур дединг-а, — деди Туробжон борган сайин тутақиб.
Хотин индамай дастурхонни йиғиштириб олди, қозонга сув қуяётиб, эшитилар-ешитилмас деди:
— Ўша асалнинг пулига анор ҳам берар эди.
— Берар эди! — деди Туробжон заҳарханда қилиб. — Анор олмай асал олдим!
— Албатта берар эди! Албатта анор олмай, асал олгансиз!
Мана шундай вақтларда тил қотиб оғизда айланмай қолади, мабодо айланса, муштнинг
хизматини қилади.
— Ажаб қилдим, — деди Туробжон титраб, — жигарларинг эзилиб кетсин!
Бу сўз унга қандай таъсир қилганини фақат бошқоронғи хотингина билади. Туробжон бу гапни
айтди-ю, хотинининг аҳволини кўриб аччиғидан тушди, агар иззат-нафс қўйса ҳозир бориб
унинг бошини силар ва: «Қўй, хафа бўлма, жаҳл устида айтдим», дер эди.
— Кишининг юрагини қон қилиб юборасан, — деди анчадан кейин. — Наинки мен асал
олсам! Асал отлиққа йўқ, ҳали биз пиёда-ку! Хўжайинга бир ошнаси совға қилиб келган экан,
билдирмасдан... ўзидан сўраб оз-роғини олдим... Ўзи берди. Тансиқ нарса, хурсанд
бўлармикансан дебман. Ё тансиқ эмасми? Умрингда неча марта асал егансан? Ўзим умримда
бир марта еганман: Шокирхўжа қандолатчи асал қиём қилдираётганда қозонига аммамнинг
жўжаси тушиб кетганди, шу жўжани ялаганман...
Туробжоннинг бу сўзлари хотинининг қулоғига нотайин бир ғулдираш бўлиб кирар эди. Унинг
Туробжон билан уй қилганига уч йил бўлиб келаётир, назарида, бу одам шу уч йилдан бери
ғулдираб келган, ҳозиргиси шунинг давомидай эди. Иттифоқо, бу кун, нима бўлди-ю, уч сўзни
равшанроқ айтди: «Жигарларинг эзилиб кетсин», деди. Оламда унинг суянгани эри, бирдан
бир орзуси — анор эди, бирданига ҳар иккиси ҳам йўққа чиқди.
Хотин уйга кириб кетди. Анчадан кейин дарчадан хира шуъла тушди. Туробжон ҳам кирди.
Хотин дарча ёнида, бир тиззасига бошини қўйган, қорамтир — кул-ранг осмонга қараб ўтирар
эди. Туробжон тикка туриб қолди. Токчадаги бешинчи чироқ пихиллаб ёнар, унинг атрофида
катта бир парвона айланар эди. Туробжон ҳам дарча ёнига ўтирди. Шифтнинг қаеридир «қирс»
этди, қаердадир калтакесак чирқиллади, Туробжоннинг қулоғи жинғиллади. У ҳам осмонга —
хира юлдузларга қаради. Масжиддаги кекса бақатерак орқасидан кўтарилган қизғиш ўт кўкка
оловли из қолдириб жуда юқорилади ва гўё осмонга урилгандай чилпарчин бўлиб, «пўп» этди.
— Мушак, — деди Туробжон, — Муллажон қозининг боғида. Муллажон қози бешик тўйи қилган.
Хотин индамади.
— Шаҳардан тўралар ҳам чиққан, — деди Туробжон яна.
Хотин яна индамади. У Муллажон қозининг боғини кўрган эмас, аммо таърифини эшитган. Бу
боғни кўз олдига келтириб кўрди: боғ эмас, анорзор... Анор дарахтларида анор шиғил,
чойнакдай-чойнакдай бўлиб бўлиб осилиб ётипти.
— Битта мушак уч мири,— деди Туробжон, — юзта мушак отилса... биттангадан юз танга. Бир
миридан кам — етмиш беш танга бўлади.
Eр-хотин узоқ жим қолишди. Туробжон оғзини катта очиб ҳам эснади, ҳам уф тортди.
— Ма, буни тик,— деди у яктагини ечиб, — ма!
Хотин яктакни олиб ёнига қўйди, афтидан, ҳозир тикмоқчи эмас эди.
— Бўл,— деди Туробжон, бирпасдан кейин, — ол... Сенга айтяпман!..
— Ҳа, мунча!.. Туртмасдап гапира беринг... Тикиб қўярман, мунча қистов...
Даҳшат (ҳикоялар тўплами). Абдулла Қаҳҳор
Do'stlaringiz bilan baham: |