www.ziyouz.com кутубхонаси
258
Воқеалар жуда тез қуюқлашиб борарди. До Жонс кўрсатгичлари пастлашиш томон
кетаётганини аниқлаган бир ҳафта ичида ЮБТК акциялари яна бир банд кўтарилган эди.
Умуман ўлик, маъюс бозорга қарши ўлароқ ЮБТК акцияларига талаб ошгандан ошмоқда эди.
Палмернинг маслаҳати билан Бэркхардт шу йил акцияларнинг янги нодўст қўлларга ўтиб
қолишини қисқартиришга ҳаракат қилиб, акциялар сақловчилардан муддатдан олдин овоз
беришга одатдаги ишончномаларни сўраб олди, аммо бу энг кўп деганда бир неча минг
акцияни ҳаракатсизлантириб қўйиш учун умид туғдиришга имкон берувчи “мен дўконни
ёпаяпман” қабилидаги найранг эди. Айни вақтда агар Олбанидаги бернсча куч синашиш
муваффақиятсизликка учрагудек бўлса, бу ҳатто дўстона кайфиятдаги акция сақловчиларга
Бэркхардтнинг омонат банклари юзага келтирган вазиятни назорат қилишга қодир эмаслигини
намойиш қилади. Бундай ҳолда Бэркхардт ЮБТК устидан назоратни қўлида ушлаб тура
оладиган айнан ўшандай одам ҳисобланармикан?
Мураккаб ўйин, ўйлади Палмер. Очиғини айтганда, у Жо Лумис ташкил қилган қанотдаги
ҳужумларни мувофиқлаштириб ўтиришни унчалик хушламас эди. Ҳар бир бўғимда
муваффақият қозонишга имкон берувчи вақт ва куч захирасини танлаб олиш учун фавқулодда
устамонлик билан тузилган айёрона режа.
Палмер шундай фикрлаганича телефон гўшагини кўтарди ва Виржиниянинг ички
рақамларини терди.
— Бошинг қалай? — деб сўради у салом-алик қилиб ўтирмай.
— Ҳмм. Хайрли... — унинг эринчоқ овози хириллаб чиқди.
— Ёнимга қачон кира оласан?
— Шифокорлар кислород ёстиқчаси ёрдамида ўзимга келтириши билан.
У гўшакни жойига илиб, ўзича кулимсираб қўйди. Иккаласи ҳам ўтган кеча қаттиқ маст
бўлишган эди. У ниҳоят бугун эрталаб кайфи тарқаб, кўнгилсизликлардан қутулиб, ўзига
келди. Уйга ўз вақтида — кечки ўн бирда қайтганим яхши бўлди, — деган хулосага келди у
ўзича, — Эдисда ҳеч қандай шубҳа-гумон туғилмайди.
Ана, аёл кабинет эшигини очиб — ёпди, хонага пардалар орасидан қия тушаётган хира
феврал қуёшидан қамашган кўзларини ярим очганча остонада бир неча лаҳза туриб қолди.
Палмер унинг хона бўйлаб аста юриб келаётгани, иш столидан айланиб ўтиб, ўзига
яқинлашаётганига қараб турди. Аёлдан келаётган билинар-билинмас, сигарет тутуни аралаш
атир ҳиди унинг таъсирчан туйғуларига бўғиқ қўнғироқ овозидек таъсир қилди. Аёл энгашиб,
унинг яноғидан ўпди ва лаб бўёғи юқиб қолмадимикин дея ўпган жойига қараб қўйди, яна ёзув
столини айланиб ўтиб, қаршидаги стулга ўтирди. Аёл бурнини жийирди.
— Марҳамат қилиб, бунчалик димоғдор бўлманг, — деди аёл.
— Майли. Қандай бўлишим керак унда?
— Худо ҳаққи, бунчалик чиройли ҳам бўлманг. Менга ўхшаб ҳорғин бўлинг.
— Майли. Ҳорғин бўламан. Тўғри келадими?
— Худди каттакон банкнинг вице-президентига ўхшаб толиққан бўлинг.
— Менинг омадим юришяпти.
— Мени нега чақирдингиз? — хўрсинди аёл.
— Бу ер жуда ёруғ. Биз шафқатсиз одамлармиз, ҳеч нарсадан тап тортмаймиз.
Ва ниҳоят у кўзларини очди.
— Сиз нафақат шафқатсизсиз. Бу тунда бўлиб ўтган нарсаларни бажаришга мени қандай
мажбур қилдингиз?
— Ҳар қалай, қўлингизни қайириш йўли билан эмас.
— Мен баённомага аввал ва ундан ҳам аввал, ҳеч қачон бунга ўхшаш нарсага қўл урмаганим
ҳақидаги аризамни киритишингизни хоҳлайман. Ҳеч қачон.
— Қизиқ, бироқ таклиф сиз томонингиздан тушгани эсимда.
Аёл чуқур хўрсинди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |