www.ziyouz.com kutubxonasi
40
шу хурсандчилик сабабли бўлаётган экан. Соҳибий Ҳамид Ғуломдан чақалоққа чиройли бир
исм қўйиб беришни сўрайди. Шоир кўп ўйлаб ўтирмай, оти Дилшода бўлсин, дейди. Шундай
қилиб Ҳамид Ғулом Дилшоданинг вакил отаси, яъни маънавий отаси бўлиб қолади.
Ҳабиб: «Ҳозир сўз област ижроқўми раисининг ўринбосари Дилшода Соҳибовна
Дадажонованинг вакил отаси, машҳур шоир Ҳамид Ғуломга» деб эълон қилди.
Эрталабдан бери гулхан атрофида кайфчоғлик қилаётганлар бирдан жимиб қолишди.
Ҳамид Ғулом етмишдан ошиб кетган бўлишига қарамай қадди тик, гапга чечан,
тингловчиларни гап билан «сеҳрлаб» қўядиган, уста нотиқ. У минбарга чиқиб одамларга
таъзим қилди.
— Мен дунёнинг саксондан ортиқ мамлакатини кезиб келган Машрабдек дарбадар
шоирингизман. Осиё ҳамда Африка мамлакатларида, Оврўпода мен бормаган жой қолмаган.
Ёзувчилар, давлат арбоблари, машҳур рассомлар, бастакорлар билан дўстлашдим. Мен бу
юртларда жонажон Узбекистонимиз манфаатини кўзлаб, улар билан талашиб-тортишиб
қанчадан-қанча шартномаларга, дўстона борди-келдиларни ривожлантиришга алоқадор
келишувларга имзо чекдим. Амирлар, президентлар ҳузурида бўлиб, конференциямизга
келадиган арбобларнинг моддий таъминотини ўз зиммаларига олишларини илтимос қилдим.
Кўп қийинчиликлардан кейин уларни маблағ ажратишга кўндирдим. У томонларда халқнинг
ночор аҳволини кўриб, Ўзбекистон деб аталган жаннат юртда туғилганим ва шу юртда вояга
етканимга минг-минг шукроналар айтдим. Намангандек гўзал шаҳар ҳуснига ҳусни вобаста
Дилшодахон қизимнинг меҳри мени бу галги узоқ сафардан олиб қолди. Биз Дадажон Соҳибий
билан қизимизга гўзал хулқ, одоб бердик. Ва ниҳоят уни интернационализм руҳида тарбия
қилдик. Азиз ва муҳтарам наманганлик жигарларим, мен шу кичкинагина нутқимни шеър билан
якунламоқчиман.
Кимки Ўзбекистон деса тилда бол,
Кўксини тог цадар кўтарар иқбол.
Минг фазилат берган Аллоҳ инсонга
Хам оддий фуҳаро ва ҳам султонга...
Куйганёрдаги боғимда шийпонга чиқиб Қорадарёнинг айқириб оқишини томоша қиламан.
Кейинги кунларда дарё қирғоғини чумчуқ босиб кетди-Канал мироблари суви чекиниб,
очилиб қолган оролчаларга шоли экишган. Ҳозир улар ўриб олган боғ-боғ шолиларни
шундоққина шийпон тагидан орқалаб олиб ўтадилар.
Чумчуқлар тўкилган шоли донларини талашиб-тортишиб чўқиб юрадилар.
Уларга лоқдек қоп-қора бир чумчуқ аралашиб қолган. Бошқа чумчуқлар уни ётсираб чўқиб
ҳайдайдилар. Охири уни ташлаб бошқа ёққа учиб кетадилар. Қора чумчуқ эса улардан
қолмайди. Қанчалик чўқиб ҳайдамасинлар бари бир ўзини улар тўдасига ураверади. Ажаб! Бу
қандоқ сир-синоат бўлди?
Уруш арафаси эди. Бозордан карнайгул кўчатларини олиб келиб ҳовлимга эккандим. Шу
гулнинг ҳидини ниҳоятда яхши кўраман. Кўпчилик уни назарга илмай қўйган. Ҳар хил
атиргуллар ўшанда жуда обрў топган пайтлар эди. Маҳаллада ҳам, районда ҳам ҳеч ким
карнайгул экмасди. Оқ, қизил, зангори, сариқ, тарғил гуллар орасида биттаси амиркон
ковушдек қоп-қора бўлиб очилди. Ҳиди ҳам бошқача. Айниқса офтоб тушганда ажиб бир ҳид
ҳовлини тутиб кетади. Қўшниларим бу ҳид қайдин келяпти, деб ҳовлимизга бош суқадилар.
Уруғини чумчуқ чўқиб кетмасин деб кечгача қўриқлаб ўтираман.
Демак бундан кўп йиллар олдин қаердадир шунақа гул бўлган. Ўзига мос иқлимни кутиб
ётган. Шундай бир шароит бўлгану уйғониб кетган.
Қирқинчи йиллар бўлса керак, «Огонёк» журналида негр бола туққан оқ танли бир ёш
аёлнинг қопқора бола кўтариб турган суврати босилган эди.
Киприкда қолган тонг (қисса). Саид Аҳмад
Do'stlaringiz bilan baham: |