www.ziyouz.com кутубхонаси
6
— Улуғ Сайзлернинг отаси ҳеч қачон камбағал бўлган эмас. Менинг ёшимда у чинакам
командада ўйнар экан.
— Мен бўлсам сенинг ёшингда елканли кемада юнга бўлиб, Африка қирғоқларига сузиб
борганман. Кечқурунлари йўлбарсларнинг қирғоққа чиқишини кўрганман.
— Бир гапириб берувдинг.
— Хўш, биз нима ҳақда гаплашмоқчимиз ўзи — Африка тўғрисидами ёки бейсбол
ҳақидами?
— Яхшиси бейсбол ҳақида. Менга буюк Джон Мак-Гроу ҳақида гапириб бер.
— У ҳам авваллари бизнинг Террасимизга келиб турарди. Аммо ичиб олса, тамом, унга ҳеч
ҳам бас келиб бўлмасди. У фақат бейсболгина эмас, от жинниси ҳам эди. Ҳар доим чўнтагида
мусобақа программасини олиб юрар ва телефон орқали отларнинг номини атаб, уларга пул
тикарди.
— У улуғ тренер эди,— деди бола.— Отам, у бутун дунёда энг улуғ тренер бўлган дейди.
— Уни бошқалардан кўпроқ кўргани учун шундай дейди. Агар Дюроше ҳам биз томонларга
ҳар йили келиб турганда, отанг уни ҳам дунёда энг улуғ тренер, деб мақтаган бўларди.
— Сенингча, энг улуғ тренер ким? Люкми ёки Майк Гонсалесми?
— Менимча, улар бир-бирларидан қолишмайди.
— Дунёда энг чапдаст балиқчи бўлса — сенсан.
— Ундай эмас. Мендан ҳам зўр балиқчиларни кўрганман.
— Qu e Va!
1
— деди бола.— Дунёда яхши балиқчилар кам эмас, жуда ажойиблари ҳам бор.
Лекин сенинг олдингга тушадигани йўқ.
— Раҳмат. Сен шундай деб ўйласанг, хурсандман. Менга жудаям катта балиқ тушмайди, деб
умид қиламан, акс ҳолда, ишни дўндиролмай қолиб ҳафсалангнн пир қилиб қўймасам, деб
қўрқаман.
— Ҳақиқатан ҳам аввалги кучинг бўлса, дунёда сен эплолмайдиган балиқ топилмаса керак.
— Балки, илгариги кучим қолмагандир. Лекин менда ғайрат бор, чидамим ҳам етарли.
— Энди сен ётиб ухла, эрталаб тетик бўлиб туришинг керак. Мен бўлсам идишларни олиб
бориб бераман.
— Майли. Хайрли кеч. Эрталаб мен сени уйғотаман.
— Сен мен учун нақ қўнғироқ соатнинг ўзисан,— деди бола.
— Мен учун қариликнинг ўзи қўнғироқ соат. Чоллар нега жуда барвақт туришаркин-а?
Наҳотки, буни қолган умрларидан бир кунини бўлса ҳам чўзиш ниятида қилишса?
— Билмадим. Фақат шуни биламанки, ёшлар қаттиқ ва кўп ухлашади.
— Бошимдан ўтган, биламан,— деди чол.— Мен сени вақтида уйғотаман.
— Негадир мени анови уйғотганини ёқтирмайман. Худди мен ундан қолишадигандек.
— Тушундим.
— Хайрли кеч, Сантьяго.
Бола кетди. Улар чироқ ёқмасдан овқатланишганидан, чол қоронғида ечиниб ётди. У
кийимларига газетани ҳам қўшиб ўраб, ёстиқ ўрнига бошига қўйди. Чол одеялига бурканиб,
каравотнинг қуруқ пружиналарига ташлаб қўйилган эски газеталар устига чўзилди.
У ётди-ю, ухлаб қолди. Уйқусида ёшлик чоғлари ўтган Африка, унинг узун, олтин
қирғоқлари ва кўзни қамаштиргудек оппоқ саёзликлар, юксак қоя ва ҳай-батли қўнғир тоғлар
тушига кирди. Энди у яна ҳар кеча уйқусида шу қирғоқларга қўнар, уввос билан отилган
тўлқинларнинг шовқинини эшитар ва ерлилар тушган қайиқни тўлқин қирғоққа қандай суриб
бораётганини кўриб турарди. Тушида у ҳамон палубадан чиқаётган лос ва смола исини туяр,
димоғига эрталабки шамол қирғоқдан олиб келган Африка нафаси уриларди.
1
Қўйсанг-чи!
Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |