www.ziyouz.com кутубхонаси
30
«Уни иложи борича қаттиқ ушлаш керак. Таранг тортилган чилвир доирани ҳар сафар
торайтираверади. Эҳтимол, бирор соатдан кейин у кўриниб ҳам қолар. Мен уни аввал ўз
кучимга ишонтиришим керак, кейин тушовлаб оламан».
Бироқ икки соат ўтибди ҳамки, балиқ ҳамон қайиқ атрофида имиллаб айлангани айланган
эди. Чол қора терга ботган, чарчаганидан бурни ерга теккудай бўлган эди. Тўғри, балиқ
айланаётган доира анчайин қисқариб қолган, бундан ташқари, чилвирнинг сувга тушиб
боришидан балиқнинг борган сари юқорига кўтарилиб келаётганлиги кўриниб турарди.
Бир соатдан бери чолнинг кўз ўнги қоронғилашиб борар, сел бўлиб оққан тер кўзини ҳам,
кўзи устидаги жароҳатни ҳам, ва яна манглайидаги бошқа бир ярани ҳам ачиштиргандан
ачиштирарди. Кўз ўнгининг қоронғилашиб бораётгани уни қўрқитмас эди. Чилвирни шунчалик
зўриқиш билан тортаётгани олдида бу унча-лик ҳайрон қоларли иш эмасди. Лекин икки сафар
унга жисми гўё сочилиб кетаётгандай бўлиб туюлди, бу эса уни ҳазилакам ташвишга солмай
қўймади.
«Наҳотки мен повилғонилик қилиб қўйсам ва худо бехабар бир балиқ деб ўлиб кетсам?—
ўз-ўзига савол берарди у.— Келиб-келиб, ҳозир — ҳамма нарса кўн-гилдагидай бўлаётган
маҳалда-я. ё раббий, ўзинг менга чидам бер! Мен юз бор, «Ё падар» билан яна юз бор «Биби
Марям»ни ўқиганим бўлсин. Фақат ҳозир эмас. Ҳозир ўқий олмайман».
«Ҳозирча уларни гўё ўқигандай бўла қолай,— деб ўйлади у.— Кейинроқ ўқиб қўяман».
Шу дам у икки қўллаб ушлаб тургани чилвирга зарб тушаётгани, ҳамда силтаниш рўй
берганини сезиб қолди. Силтов жуда ҳам кескин ва бениҳоя кучли эди.
«У қармоқ уланган симга қилич тумшуғи билан уряпти,— деб ўйлади чол.— Худди ўзи.
Унинг шундай қилиши ҳам керак эди. Бироқ бу уни сакраб чиқишга мажбур қилиб қўйиши
мумкин, мен бўлсам унинг ҳозир айлана тургани маъқул деб билардим. Боя унга ҳаво олиш
учун юзага сакраб чиқиш керак бўлган эди, аммо энди ҳар бир янги сакраш қармоқ илиниб
турган жойни кенгайтириб қўйиши, оқибат натижада балиқ қўлдан чиқиши мумкин».
— Балиқ, сакрамагин,— илтимос қиларди у.— Ўтинаман, сакрама!
Балиқ қайта-қайта симга зарб урар ва ҳар гал чол бош чайқаб, чилвир бўшатар эди.
«Мен унга қуюшқондан ташқари азоб бермаслигим керак,— деб ўйларди у.— Менинг
дардим — ўзимда. Уни енгиб ўтишим мумкин. Аммо балиқ оғриқдан эси-ни йўқотиб қўйиши
ҳеч гапмас».
Бирмунча муддатдан сўнг балиқ симга уришдан тўхтади ва яна оҳиста айлана бошлади. Чол
мароми билан чилвирни ўзига тортиб йиғиштирарди. Аммо у яна ўзини лоҳас сеза бошлади.
Чол денгиз сувидан ҳовучлаб олиб бошидан қуйди. Кейин яна бир оз сув олиб бошига қуйгач,
энсасини уқалаб қўйди.
— Шукурки, ҳартугул томир тортишмаяпти,— деди у.— Балиқ тезда юзага чиқади, мен
бўлсам ҳали туриб бераман. Сен туриб беришинг керак, чол. Чидамим етмайди деб, ҳатто
хаёлингга ҳам келтира кўрма.
У тиззалаб ўтириб олди ва омонатгина бўлса ҳам чилвирни яна елкасига олди. «Балиқ
айланиб тургунча, мен нафас ростлаб оламан, кейин ўрнимдан тураман-да, у яқинлаб келиши
билан чилвирни ўзимга торта бошлайман».
Чол қайиқ бурнида туриб кўпроқ дам олгиси, чилвирни ўз ҳолига ташлаб, ортиқча бир
айланиб чиқиш учун балиққа йўл қўйиб бергиси келарди. Аммо тор-тиш маромидан балиқнинг
бурилиб, яна қайиқ томонга қайтаётганлиги маълум бўлган замон чол ўрнидан турди ва қўлга
иложи борича кўпроқ чилвир киритай деб, гавдасини дам у томонга, дам бу томонга ўгирганча
қулочлаб чилвир торта бошлади.
«Шундай чарчабманки, умрим бино бўлиб бунақанги аҳволга тушмаганман,— деб ўйлади
чол,— мана шамол ҳам кучайиб боряпти. Нафсиламрга балиқни уйга олиб бораётганимда, бу
шамол асқатади. Ҳа, жуда, жуда асқатади бу шамол».
Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |