* * *
Бир кун Мирёқуб нойиб тўранинг уйида эди. Бу сафар олиб
борган ҳадяси тўрага ниҳоят даражада ёқиб кетган бўлса керак, тўра
уни узоқ олиб ўтириб, кўп нарсаларни гапириб берди. Тўранинг тили
чарчаб, Мирёқубнинг оғзида биринчи эснаш асарлари кўринган
эдики, ташқаридан бир одам кириб келди. Икки томон ёқасига
тилладан болға сурати ўрнатилган, новча бўйли, мош-биринч
соқолли, хушмўйлов ва бир кўзи жиндак ғилайдан келган бу кулар
юзли одам маъруф инженерлардан эди. Нойиб тўра билан бетакаллуф
кўришди, Мирёқуб билан кўришиб ўтирмасдан, тўппа-тўғри столнинг
тўғрисига ўтирди ва юмшоқ курсини бир қўли билан қаттиққина
қимирлатиб кўргандан кейин, аввал билагидаги тилла соатга қаради,
сўнгра «да-да» деб чўзиб қўйиб, курсига ўзини ташлади.
Шундан кейин нойиб тўра Мирёқуб томонга ишорат қилиб ва
янги меҳмонга томон бурилиб:
— Бизнинг Мирёқуб билан танишмисиз, азизим?
Ноёб одамлардан! — дегач, у одам ўтирган ўрнида секингина бош
силкиб қўйди.
Мирёқуб ғурурининг калтакланишидан келган бир заҳарханда
билан кулди, инженер эса бурунги кулар юзини ҳам нўқталаб олди.
Муни ноиб тўра яхши пайқади шекилли, Мирёқубга худди меҳрибон
отанинг севимли боласига қарайдиган қараши билан илиқ ва мулойим
кулиб қаради. Мирёқуб ҳам эрка ўғилдек муқобала қилди. Шу билан
бу суҳбатнинг Мирёқуб аралашган кўринишларига парда тортилди-
да, иккала билимдон сўзга тушди. Инженер, булбул сингари, сайрай
кетди, сайрай кетди!
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
60
Мирёқуб адвокат халқининг маҳмадоналигини биларди бу
одамнинг адвокат эмас, инженер бўлганини ҳам ажрата оларди. Шу
учун бошда уларнинг тобора қизишаётган суҳбатларига у ҳам
қизиқиб қаради. Кейинча тўра ҳам, — меҳмондан юқдими нима? —
тилларини бурро қилиб сўзлашга, меҳмоннинг кўп даъволарини акси
даъволар билан синдирмоққа тушиб кетгач, бизнинг Мирёқуб
секингина қўл узатиб, столнинг бир четида турган катта бир китобни
олди. Китоб сурат билан лиқ тўла эди, ҳеч шарпа қилмасдан, уни
битта-битта варақлай бошлади.
Тўра Мирёқубни унутди, гўё у бу ерда йўқ каби... Инженернинг
оғзидан, баъзи-баъзида сартларга оғир келадиган сўзлар чиқиб
кетганидагина, тўра бояги қараш билан Мирёқубга қараб қўяр, лекин
ундай фурсатларда унинг икки кўзи китобда бўлса ҳам икки қулоғи,
аврашга тушган илондай, диккайганини тўра билмас эди.
Узоқ чўзилган бу суҳбатда Мирёқубнинг қулоғи бир марта жуда
ғалати диккайди, ҳатто унинг қоп-қора чиройли кўзларида аллақандай
сеҳрли оловлар ёнди. Унинг боши ҳам китобдан кўтарилиб,
юзларидан енгил бир қизиллик ёйилиб ўтди. Ўша жойда сартларни
камситадиган гап ўтмаганлигидан бўлса керак, тўра ҳам узр сўраган
қараш билан Мирёқубга қарамади. Иккала суҳбатдош ўша жойда
Мирёқубнинг қулоқларини диккайтирган сўзларни унга ва у мансуб
бўлган халққа алоқасиз бир нарса деб қарадилар, шекилли, худди
Мирёқуб шу ерда бўлмагандай, ўз ораларидагина ўтказиб
юбордилар...
Инженер туриб чиқиб кетгандан кейин Мирёқуб ўрнидан турди ва
кетишга ижозат сўради. Тўра у билан хайрлашаркан, инженернинг
бояги камситишлари учун яна-тағин узр сўраган бўлди. Мирёқуб
фақат кулибгина қўйди, бошқа ҳеч нарса демади. Тўра бу кулишни
Мирёқубнинг хурсанд ва рози эканига йўйди ва кўнгли ўрнига тушди.
Фақат Мирёқубнинг кўнгли бир неча кунгача ўрнига тушгани йўқ.
Бир инженернинг (у, ахир, нойиб тўра сингари катта амалдор эмас!),
ниҳояти бир инженернинг бир-икки марта сартларни камситиши
Мирёқубни шунча безовта қилдими? Йўқ, унақа камситишлар ҳар
қадамда бор! Ҳаммасига безовта бўла берса, Мирёқуб бечора тўрт
кунда сил бўлиб қолмайдими? Йўқ, йўқ! Камситишлар ўша оннинг
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
61
ўзидаёқ унутилган, ўтган йилги қордек эриб йўқ бўлган, баҳордаги
ёмғир каби асари ҳам қолмаган...
Инженер ўша суҳбатда янги — ҳали сир бўлган бир хабарни
айтиб эди: шу шаҳардан бошлаб фалон-фалон жойларга поезд йўли
тушар экан. Бир ширкат планларини Петербургдаги катта
маҳкамаларга топширган, улар тасдиқ қилишга ваъда берганлар.
Аллақайси бир банкка пул бермоқчи бўлган, текшириш учун яқин
орада инженерлар чиқар экан. Иморат — бино ишларига ўша
инженерни чақирганлар.
Мирёқуб поезднинг қаерлардан ўтишини билиб олган эди. Ўша
суҳбатда унинг қулоғи бир диккайди, жуда ажойиб диккайди, лекин!
Ана ўшанда поезднинг ўтиш жойларини миясига жойлаштирган эди.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, безовталик ҳаракатга ва ишга
айланди. Бир ойга етар-етмас, ўша келажак поезд йўли бўйларидан
Мирёқуб жуда кўп — бир неча юз десатин ер сотиб олди. Ерларнинг
ҳаммаси деярлик сувсиз, нообод, ташландиқ ерлар эди. Шунча кўп
ерга қанча оз пул кетди. Кўплар бу шошилиш савдони бил-мадилар;
билганлар Мирёқубни «жинни бўлибди», дедилар.
Ширкат поезд йўли солишга ижозат олиб, тайёргарликларга
киришгандан кейингина, Мирёқуб қилган ишини нойиб тўрага айтди.
— Сен худди бир америкаликка ўхшайсан, Мирёқуб! — деди
тўра. — Лекин кўнглингга оғир олма, чакки шу сартия ичида туғилиб
қолгансан!
Мирёқуб кўнглига оғир олиш тугул, бу гапга севинди балки,
юзларига яна ўша енгил қизиллик югурди.
Янги йўлнинг аллақайси бир жойида кўз илғамас бир чўл бор эди.
Чўл, қуп-қуруқ чўл... Сув — пастда, чуқурда. Атрофдаги
деҳқонлардан баъзилари у ерни экин ерига айлантириш учун турли
даврларда якка-якка уриниб кўрган, лекин ҳамма қилган меҳнатлари
бекор кетиб, у ердан хафсалалари пир бўлганди. Ҳали ҳам у чўлда
унумсиз қолган одам меҳнатининг асарлари, тўғриси, харобалар
кўринади: ариқлар, экин, поллари, марзалар, бир неча туп қуриган тут
дарахтчалари...
Мирёқуб оз пул, кўп усталик сарф қилиб ўша чўлни ўз номига
ўтказди. Фақат бу вақтларда поезд йўлининг режалари тортила
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
62
бошлаганлигидан, одамлар Мир-ёқубни «жинни» демадилар, балки
«бу — бир нарсани билиб қилади», дедилар.
Поезд йўли солиниб битмасдан туриб, у чўлга неча тегирмонлик
катта сув чиқди. Аввало ўз чўнтагининг, қолаверса, отахон
мингбошининг ёрдами билан чўлнинг ўртасидан катта бир ариқни
ўтказиб қўйди. Шундан кейин ерсиз деҳқонларга чек бўлиб бера
бошлади. Кўп ўтмай, у ерда бир қишлоқ пайдо бўлди ва сув чиқарган
одамнинг шаҳардаги отахони номига аталиб «Парпи чеки» бўлди
(нойиб тўранинг номи Фёдор, сартлар «Парпи тўра» дейдилар.)
Кейинча чўлнинг бир четига поезд станцияси тушди, ёни-берига
чойхоналар, дўконлар, саройлар солина бошлади. Поезд йўли
очилгандан кейин ўша жойдан пахта заводи учун ер танладилар.
Болгариялардан иборат уч кишилик бир ширкат яна ўша жойдан анча
ер сотиб олиб, каттакон бир мевалик боғ ва зўр бир сабзавот полизи
вужудга кел-тирди.
Ҳар қалай, поезд ўтгандан кейин, бир неча йил орасида
Мирёқубнинг қўлида жуда оз ер қолди, ҳаммаси ҳар кимга ўтиб
кетди. Мирёқуб ерни унча севмайди, ер қўлдан чиқса, хафа бўлмайди.
Шунча ер қўлдан чиққан бўлса, унинг бараварига қанча давлат қўлга
киргандир, муни худо билади-ю худонинг севимли бандаси қоракўз
Мирёқуб билади!..
Do'stlaringiz bilan baham: |