www.ziyouz.com kutubxonasi
32
берармикин» деб, ташвишга тушар эди.
— Кўп ташвишланаверманг, ая, — деди Ҳикматилло. — Справкасиям тўғри бўлади.
Бегимқул эсингиздами?
— Қўй, ўша айиқполвонни гапирма! — ая серажин юзини тескари бурди. — Уйимда яхши-
ёмон бир-икки йил турган эди-ку, эсида бордир деб, бир сафар йўқлаб бордим. Шунақа-шунақа,
умид билан газ ўтказувдим, қариганимда қолган беш куним тинчроқ ўтсин, десам... «ая, газ
ёқаман десангиз, хумга кўмган олтинларингиздан оп келинг» деб, ҳиринглаб кулса бўладими.
Вой тилгинангга чипқон чиқсин бувинг тенги кампирга уялмай шу гапни айтган! Олтиним
бўлса, юрармидим сочим оқарганда қоровуллик қилиб, дедим ичимда! Бир ўйим, катталарга
кириб айтай дедиму, ке, қўй, ошимни ошаб, ёшимни яшаб бўлганимда... чақимчилик қилиб
юраманми дедим, бўтам...
Кампирнинг гапи Ҳикматиллога яна бояги воқеаларни эслатди-ю, қўлидан арраси тушиб,
ўрнидан туриб кетди. У эртага Бегимқулга боришга, бориб кўнглидаги ҳамма гапни юзига
шартта-шартта айтишга аҳд қилди.
Ҳикматилло ҳовлини бир айланиб келиб, яна ишга киришди. У эртага Бегимқулга айтадиган
гапларини ўйларкан, темир қирқаётган арранинг ҳаракати тезлашар, қони жўшиб, юраги гурс-
гурс урарди.
Арра ўткир бўлса ҳам, темир трубани қирқиш осон эмас эди. Пайванд қилинса бирпаслик
иш, анчага чўзилди-ю, концерт вақти ҳам ўтиб кетди. Бу орада, эрталаб диканглашиб,
гимнастика қилган қизлар ўқишдан келишди. Улардан хабар олгани кетган ая зум ўтмай, қайтиб
келди:
— Сени бир қиз йўқлаяпти, сўйлоқ!
— Қанақа қиз?
— Танимасам! — деди кампир. — Ишқилиб, қиз бўлса... бекнинг қизи, хотин бўлса
пошшонинг хотини.
— Пошшонинг хотини биздай фуқарони бошига урадими?
— Билмасам энди, қидириб кепти-ю, аннаниб кетай!..
Ҳикматилло шоша-пиша қўлини артди-да, аллақандай ички бир сезгидан юраги увишиб,
ташқарига чиқди. Кўчада, дарвоза олдидаги олча тагида... Нилуфар турар, нарироқда оч яшил
такси кўринарди. Эгнида янгича тикилан калта хонатлас кўйлак ва оқ момиқ жемпер, оёғида
тўнғиз тумшуқ, пошнаси баланд туфли, қўлида тилла ҳалқали қизил чарм сумка, Нилуфар
бошини бир томонга сал эгиб, олча япроқларини ўйнаб турарди...
Ҳикматилло вужудидан ўт чиқиб кетгандай бўлиб, эшикда тўхтади.
— Нилуфар?!
— Ажабланяпсизми? — Нилуфар қизариб кулди-да, олча тагидан чиқди. — Боя... тўсатдан
бўлганига... шошиб қопмиз. Шунга ҳалиги... сўраган пулингизни опкелдим... — Нилуфар
итоатсиз бармоқлари билан қизил чарм сумкасини очди-да, негадир қўллари қалтираб,
дўппайган конверт олди.
— Юз сўм, Ҳикмат ака...
— Бекор овора бўпсиз...
— Овораси йўқ... Илтимос қиламан, олинг, Ҳикмат ака! — Нилуфар қўлини чўзганича бир
қадам олдинга юрди, овози титраб, дудуқланиб гапирди. — Кўнглингизга ҳеч нарса келмасин.
Боя... Сиз кетгандан кейин ўйлаб қарасак... Жуда хунук иш бўпти... Майли, қачон десангиз
шунда қайтарарсиз...
Ҳикматиллонинг қалбида бир-бирида зид икки туйғу олишарди, бири қандайдир изтироб
тўла миннатдорлик, бири худбинлик аралаш шодлик!
Нилуфарнинг, бундан бир йил муқаддам уни ҳақоратомуз гаплар билан рад этган бу гўзал
санамнинг энди ялингандай бўлиб келиши Ҳикматиллонинг иззат-нафсини қитиқламоқда, бир
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |