Саломатликка нисбатан назорат локуси (Есоғ). Есоғ нинг юқори кўрсатгичлари одамнинг ўз саломатлиги учун ўзи масъул эканлигини, хаста бўлиб қолишига ҳам, тузалиб кетишига ҳам кўпроқ ўзи сабабчи эканлигини эътироф этишини билдиради. Пастлиги эса – саломатликнинг қандай эканлиги тасодифга боғлиқ эканлиги, хаста бўлганда тузалиш ҳам аввало, бошқа инсонлар, биринчи навбатда врачларнинг ҳаракатига боғлиқ эканлигини кўрсатади.
2 боб. Оилавий муносабатларни урганиш усуллари
Қўллаб-қувватланишга нисбатан мотивацияни ўрганиш методикаси
(Методика изучения мотивации к одобрению)
Одамнинг ижтимоий табиатига хос бўлган муҳим жиҳат – бу унинг ўзини ўраб турган яқин инсонларининг доимий қўллаб-қувватлови, рағбатига эга бўлиш ва уларнинг кўнглидагидай хатти-ҳаракат қилишга мойилликдир. Бу холат айниқса, шарқ халқлари, жумладан, ўзбекларга хос бўлиб, бундай мотивация янги хонадон остонасини босиб кирган келинчаклар психологиясига хосдир. Бундай интилиш болалар психологиясига ҳам хос бўлиб, яқин инсонларнинг мақтовини эшитиш, амалга оширган сайъи-ҳаракатларини қуллаб-қувватлашларига сазовор бўлиб, улар фаолиятининг кучли мотиви ҳисобланади.
Қўллаб-қувватланишга нисбатан мотивацияни ўрганиш методикаси дастлаб америкалик психологлар Д. Краун ва Д. Марлоулар томонидан 1960 ва 1964 йилларда ишлаб чиқилган эди. Уларнинг қўллаб-қувватланишга нисбатан мотивацияни ўрганиш шкаласини биз маҳаллий муҳитга мослаштирдик ва юзлаб келинчакларда синовдан ўтказдик. Методиканинг ўзбекча варианти 20 та тасдиқ фикрдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бир калит жавобга мослари бир баллдан баҳоланади. Маълумотларни қайта ишлаш айнан калитга мос келган жавоблар миқдорини санаб чиқиш билан ифодаланади.
Қуйидаги жавобларга “ҳа” деб жавоб берилган бўлса: 1, 2, 3, 4, 5, 8, 11, 14, 15, 16, 20; ва қуйидагиларга “йўқ” деб жавоб берилган бўлса: 6, 7, 9, 10, 13, 17, 18, 19 респондент бир баллдан баҳоланади.
Умумий кўрсатгич қўллаб-қувватланган мотивларнинг умумий сони билан баҳоланиб, уларнинг қиймати 0 дан 20 гача диапозонда жойлашади. Кўрсатгич қанчалик юқори бўлса, демак, қўллаб-қувватланишга нисбатан мотивацияни шунчалик кучли, яъни, сўралувчи ўзаро мулоқот жараёнида ўзгаларнинг унга нисбатан ҳайриҳох бўлишларини исташи шунчалик юқори бўлади.
Оилавий ўзаро муносабатлар тизимида келинчакнинг янги яқин қариндошлар билан ўзаро муносабати коммуникатив акт сифатида ундаги мулоқандмандлик даражасининг пастроқ бўлишини тақозо этса-да, у томонидан ўзгаларнинг ҳайриҳохлигига сазовор бўлиши унинг шу оиладаги бўлғуси мақомини белгилайди ва адаптация жараёнини тезлаштиради.
Демак, сўралувчи келинчакка қуйидаги саволлар берилади ва уларга “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб бериш сўралади.
Инструкция: “Қуйида келтирилган фикрларни диққат билан ўқиб чиқиб, агар уларнинг мазмуни Сизнингча тўғри ва Сиздаги ҳаракатларга мос келса, “ҳа” деб, мос келмаса “йўқ” деб белгиланг.
Қўлимга бирор китоб тушиб қолса, уни эгасига топширишдан аввал тўла ўқиб чиқишга ҳаракат қиламан.
Бирор кимсага ёрдам бериш лозим бўлса, мен иккиланмай унга кўмаклашишга киришавераман.
Мен уст-бошим, кийим-кечагим, бугун нимани кийишимга ҳамиша эътиборлиман.
Овқат тановул қилганимда жамоат жойида ўзимни қандай тутсам, уйдаги яқинларим олдида ҳам ўзимни шундай тутаман.
Менинг астойдил ёмон кўрган одамларим деярли йўқ.
Бирор юмушни яхши бажара олмаслигимга кўзим етган шароитларда мен уни бажармай ташлаб кетган холларим ҳам бўлган.
Баъзан йўқ одамни ёмонлаган, ғийбат қилган пайтим бўлган.
Ким бўлишидан қатъий назар, мен суҳбатдошни диққат билан тинглайман.
Ўзимни оқлаш, айбимни юмшатиш учун баҳоналар ўйлаб топган вақтим ҳам бўлган.
Бефаросатлик қилган одамнинг шу камчилигини суиистеъмол қилган вақтим ҳам бўлган.
Ўз хатоларимни қўрқмай бўйнимга оламан.
Баъзан кимнидир кечириш ўрнига уни жазолаш пайига тушганман.
Мен ўз айтганларимни қилдиришга астойдил ҳаракат қилган пайтларим ҳам бўлган.
Менинг кўмагим, ёрдамим кимгадир керак бўлган онларда ичимда қилаётган ишим учун норози бўлмайман.
Менинг фикримга қарши бўлган фикрни баён этишганда, мен бунга нормал холат деб қарашга ўрганганман.
Бирор манзилга узоқ муддатга кетаётганимда ўзим билан нималарни олишим лозимлигини олдиндан астойдил ўйлаб кўраман.
Ўзгаларнинг муваффақиятларига бироз хасадим келган пайтларни ҳам эслайман.
Мени хадеб сўроқ қилаверган одамларни ёқтирмайман.
Одамларнинг бошларига ташвиш тушганига гувоҳ бўлсам, бунда уларнинг айби бор, деб ҳисоблайман.
Ёмон воқеалар, кўнгилсиз ишлар тўғрисида кулиб гапирганимни эслай олмайман.
Do'stlaringiz bilan baham: |