Жаҳон амалиётида шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, бир мамлакат доирасида бир нечта таснифлаш тизимлари амал қилади. Масалан, Буюк Британияда «тожлар» тизими билан бир қаторда, Британия туристик агентликлар уюшмаси – «Britich Travel Authority» (BTA) томонидан таклиф қилинган таснифлаш тизими қўлланилади:
бюджет меҳмонхоналари – шаҳарнинг марказий қисмида жойлашган ва қулайликлар минимумига эга меҳмонхоналар;
туристик тоифадаги меҳмонхоналар – таркибида ресторан ва бар бўлиши шарт;
ўртача тоифадаги меҳмонхоналар – хизмат кҳрсатиш савияси анча юқори бўлган меҳмонхоналар;
биринчи тоифа меҳмонхоналар – шинамлик даражаси жуда юқори бўлган, аъло даражада хизмат кўрсатиладиган меҳмонхоналар;
олий тоифа меҳмонхоналар – яшаш ва хизмат кўрсатиш экстра даражада бўлган меҳмонхоналар.
Буюк Британияда амал қилувчи «тожлар» тизимини «юлдузлар» тизими билан уйғунлаштириш учун «тожлар»нинг умумий миқдоридан битта «юлдуз»ни айириш керак (масалан, тўрт «тожли» даража уч «юлдузли» даражага тенг).
Юқорида кўриб чиқилган Британия агентликлари уюшмаси томонидан таклиф қилинган меҳмонхоналарни таснифлаш тизими ҳам шундай мувофиқликни назарда тутади:
- бюджет меҳмонхоналари – 1 юлдуз;
- туристик тоифа меҳмонхоналари – 2 юлдуз;
- ўртача тоифа меҳмонхоналар – 3 юлдуз;
- биринчи тоифа меҳмонхоналар – 4 юлдуз;
- олий тоифа меҳмонхоналар – 5 юлдуз.
Жаҳонда Франция миллий таснифлаш тизими айниқса кенг тарқалган. Бу тизим туристик меҳмонхоналарни 6 тоифага ажратади. Шулардан беш тоифа меҳмонхоналарга маълум миқдорда юлдузлар беришни назарда тутади (1 юлдузли, 2 юлдузли, 3 юлдузли, 4 юлдузли ёки 5 юлдузли меҳмонхоналар). Бир тоифа – юлдузсиз. Бундай тизим меҳмонхона хизматлари бозорини анча тўлиқ қамраб олиш имконини беради.
Германия таснифлаш тизимига кўра, меҳмонхона корхоналари беш тоифага ажратилади. Бу тизимни Европа тизими билан уйғунлаштириш мақсадида бу ерда ҳар бир тоифа маълум юлдузлар миқдорига мос келиши назарда тутилади:
туристик тоифа – 1 юлдуз;
стандарт тоифа – 2 юлдуз;
комфортли тоифа – 3 юлдуз;
биринчи тоифа – 4 юлдуз;
люкс – 5 юлдуз.
Германия таснифлаш тизими 22 та мажбурий ҳамда корхоналар тоифасига боғлиқ бўлмаган мезонлар бўйича талабларни белгилайди:
- қабул қилиш хизматининг иши;
- нонушталар сервиси;
- ичимликлар сервиси;
- овқатланиш сервиси;
- номерда телефоннинг мавжудлиги;
- номерларнинг 75% минимал майдонга эгалиги (ванна ва ҳожатхона майдонини ҳам қўшганда);
- санитария қулайлиги (ванна ва ҳожатхоналарнинг умумий жиҳозланишига нисбатан фоиз ҳисобида);
- ванна ва ҳожатхоналарнинг жиҳозланиши;
- «suite»-номерлар (апартаментли номерлар)нинг мавжудлиги;
- номерларнинг мебель ва бошқа анжомлар билан жиҳозланиши;
- номерда радио ва телевизорларнинг мавжудлиги;
- меҳмонлар учун совғаларнинг мавжудлиги;
- кир ювиш ва дазмоллаш хизматининг мавжудлиги;
- сейфларнинг мавжудлиги;
- холлар миқдори ва ҳолати;
- нақд пулсиз ҳисоб-китоблар қилиш имкониятининг мавжудлиги;
- телефакснинг мавжудлиги;
- меҳмонхона барлари миқдори ва уларнинг иш режими;
- ресторанлар миқдори ва уларнинг иш режими;
- конференция ва банкетлар ўтказиш имконияти;
- қўшимча (факультатив) хизматлар миқдори.
Бошқа таснифлаш тизимлари ҳам ўзининг «юлдузлар» тизимига мувофиқлигини белгилашга ҳаракат қилади.