Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети География ва табиий ресурслар факультети 5А140602-География (ўрганиш объекти бўйича) магистранти Актамов Зокир Орзи ўғлининг “Навоий вилоятида экотуризмни ривожлантиришнинг географик жиҳатлари”
мавзусидаги магистр академик даражасини олиш учун ёзилган ишига
ТАҚРИЗ
Ҳозирги кунда туризм барча мамлакатларнинг иқтисодиётидаги энг ривожланган тармоққа айланди. Айниқса ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётида етакчи ўринларни эгалламоқда.
Ўзбекистонда ҳам тобора ушбу соҳа ривожланиб, унинг турлари ҳам кўпайиб бормоқда. Айниқса ташқи туризмни ривожлантириш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Чет эллик сайёҳлар ташрифини кўпайтириш мақсадида республикамизда бир қанча ишлар амалга оширилаётганлиги сабабли сайёҳларнинг сони тобора кўпайиб бормоқда. Мустақил Ўзбекистон Республикасида кетаётган туб сиёсий, социал ва иқтисодий ўзгаришлар унда туризмнинг барқарор ривожланиш стратегиясининг шаклланишига катта таъсир кўрсатмоқда. Республикамизда туризмнинг барча йўналишларида туб ўзгаришлар рўй берди ва туризмни, жумладан экотуризмни шакллантириш учун норматив-ҳуқуқий база яратилди.
Навоий вилояти экологик туризмни ривожлантиришда ғоят катта истиқболга эга бўлиб, бунда улардан самарали фойдаланиш қулай ички ва ташқи муҳит яратишга кўп даражада боғлиқ бўлади.
З.Актамовнинг “Навоий вилоятида экотуризмни ривожлантиришнинг географик жиҳатлари” мавзусидаги магистрлик диссертация иши тузилиши жиҳатдан кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат.
Магистрлик ишининг тузилиши низомга мувофиқ кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат.
Кириш қисмида унинг долзарблиги, тадқиқот объекти ва предмети, ишнинг мақсад ва вазифалари, ишнинг тузилмаси ёритиб берилган.
Ишнинг биринчи боби “Экотуризмнинг туризмда тутган ўрни ва мазмун моҳияти” деб номланиб, экотуризм тушунчаси, объекти, предмети, экотуризм турлари ва уларнинг туризмда тутган ўрни, экотуризмнинг ривожланиш тарихи масалалари ёритилган.
Ишнинг иккинчи боби “Навоий вилоятига экотуризм нуқтаи назаридан табиий географик тавсиф” деб номланган бўлиб, унда геологик ва геоморфологик ресурсларнинг ҳамда иқлим ва ички сув ресурсларининг экотуризмни ташкил этишдаги роли, кўриб чиқилган.
Ишнинг учинчи боби “Навоий вилоятининг экотуристик имкониятларидан фойдаланиш ва туристик маршрутларни ишлаб чиқиш” деб номланган бўлиб, унда Навоий вилоятининг экотуристик имкониятлари ва туристик маршрутлари каби масалалар ўрин олган.
Хулоса қисмида ишнинг мақсади ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда умумий хулоса берилган.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхатида келтирилган манбалар ишнинг мазмун моҳиятига тўғри келади.
Умуман олганда магистрант З.Актамов томонидан ёзилган диссертация ишининг режаси мантиқан тўғри тузилган бўлиб, боблар ва бўлимларда кетма-кетликка риоя қилинган.
Магистрант қуйидаги камчиликларга эътиборини қаратса ишнинг самарадорлиги янада юқори бўлади. Жумладан:
Диссертацияда 6 бетдан 8 бетгача ҳаволалар келтирилмаган, 1.3 бобда келтирилган экотуризмнинг ривожланиш тарихи бутунлигича А.Нигматов ва Н.Шамуратоваларнинг ўқув қўлланмасидан (2007) қўчириб олинган, лекин ҳавола Г.А.Бекбулатовага (2008) берилган. Нечундир 2 бобда тупроқлар ўсимлик ва ҳайвонот оламига тавсиф берилмаган. Айниқса ўсимлик ва ҳайвонот олами экотуризмда объект сифатида алоҳида аҳамиятга эга. 3.1. бобда Навоий вилоятида мавжуд маданий мерос объектлари сони жадвали берилган, унинг ўрнига экотуристик объектлар рўйхати берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек, 3.1. бобда келтирилган объектлар ҳақидаги маълумотлар қаердан олинганлиги мавҳум, ҳаволалар келтирилмаган. Баъзи бир бетларда интернет саҳифаларидан маълумотлар шундай кўчириб қўйилган бўлиб, матнда тушунмовчиликлар мавжуд, айнан 53-54-55-56-бетларда яққол кўзга ташланади. Диссертациянинг 67-бетида тарих бўлими ажратилган бўлиб, унда тарихга тегишли маълумотлар келтирилган, агар ишни экотуризмнинг табиий географик жиҳатлари нуқтаи-назаридан кўрилса, тарих бўлими ортиқчалик қилади. 68-бетда берилган Тери кўза ҳақидаги маълумот ишнинг 72-бетида, Омоч ишнинг 69- ва 73-бетларида, Сангдон 70- ва 73-бетларида ҳам ўз аксини топган. Шу билан бирга Навоий вилоятида экотуризм йўналишида амалга оширилаётган ишлар диссертацияда ўз аксини топмаган. Шунингдек боблар бўйича хулосалар берилмаган, умумий хулоса эса иқтисодий нқутаи назардан хулосаланган. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати низом талаблари бўйича келтирилмаган.
Юқорида келтирилган камчиликлар асосий ҳимояга қадар тўғирланиш кафолати билан Актамов Зокир Орзи ўғлининг “Навоий вилоятида экотуризмни ривожлантиришнинг географик жиҳатлари”мавзусидаги магистр академик даражасини олиш учун ёзилган ишини дастлабки ҳимояга тавсия этаман.
Ўзбекистон Миллий университети
Табиий география кафедраси
доценти, г.ф.н. Н.Т.Шамуратова
Do'stlaringiz bilan baham: |