Қуйидагилар ишсиз деб эътироф этилмайди: таклиф этилган мақбул келадиган ишни иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз икки марта рад этган шахслар;
маҳаллий меҳнат органига ёки ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш бўйича секторга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган маҳаллий меҳнат органи ходими ҳузурига мақбул келадиган иш юзасидан таклиф олиш учун иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун ичида узрли сабабсиз келмаган шахслар;
таълим муассасаларида ва ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таҳсил олаётган шахслар, бундан таълимнинг сиртқи шаклида таҳсил олаётганлар мустасно;
қонунчиликка мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар (пенсия туридан қатъи назар);
бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилаётган, ишламаётган аёллар;
ишини ўзгартирмоқчи бўлган, лекин маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан ўтиш пайтида, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотларда ишловчи ёки уларнинг штатида ҳисобда турувчи шахслар;
суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазога ҳукм қилинганлар;
фермер хўжаликларининг раҳбарлари ва ходимлари, оилавий корхоналарнинг иштирокчилари, деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар;
ўзини ўзи банд қилган шахслар.
Ишсиз шахс деб эътироф этиш рад қилинган шахс таклиф этилган ишни рад этган пайтдан ёки мақбул келадиган иш бўйича таклиф олиш учун маҳаллий меҳнат органига узрли сабабсиз келмаган пайтдан эътиборан ўттиз календарь кун ўтганидан кейингина иш қидираётган шахс сифатида такроран рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга.
Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақасини олиш даврида бир ойда камида икки марта маҳаллий меҳнат органларига келиши шарт. Келиш жадвали, санаси ва вақти иш қидираётган шахсларни рўйхатга олишни амалга оширувчи маҳаллий меҳнат органи ходими томонидан ишсиз шахснинг маҳаллий меҳнат органига келиши қулайлиги ҳисобга олинган ҳолда .
Мавзу бўйича назорат саволлари: Меҳнат муносабатлари тартибга солинишида локал меъёрий ҳужжатлар қандай ўрин тутади?
Жамоа шартномаси нима ва унинг функциялари нималардан иборат?