Туркистон ва Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгашлари ҳамда уларнинг фаолияти.
«Ҳарбий коммунизм» сиёсати туфайли совет ҳокимияти инқирозли ҳолатга келиб қолган бўлиб, большевиклар бу вазиятдан чиқишнинг бирдан-бир йўлини иқтисодиётни ҳам бир жойдан туриб бошқариш ва тақсимотни ҳам бир жойда амалга ошириш зарурлигида деб билдилар. Бу йўналишда большевиклар раҳбари В.Ленин совет давлати органларининг амалий фаолиятини социализм қуриш истиқболига боғлаган ҳолдаги ғояларини ишлаб чиқиб, қуйидагича таъкидлади: “Маҳаллий хўжалик органлари ишини мувофиқлаштириш, шунингдек, назоратни амалга ошириш учун маҳаллий иқтисодий кенгашлар тузиш таклиф этилади. Иқтисодий Кенгашлар маҳаллий органларга партия ва ҳукумат кўрсатмаларини, қарор ва директиваларини амалга ошириш, жойларда Марказнинг назоратини кучайтириш имконини беради”.
Лениннинг бу кўрсатмаси асосида барча ҳудудларда Иқтисодий Кенгашлар тузиш бошланди. Жумладан, 1920 йилнинг феврал ойида Тошкентда Туркистон Иқтисодий Кенгаши (ТИК) – Турк ЭКОСО ташкил этилди. Вилоятларда эса, вилоят иқтисодий кенгашлари тузила бошланди.
ТИК раиси Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланиб, ХКС раисининг биринчи ўринбосари ҳисобланган. ТИКнинг биринчи раислигига Н.А.Паскуцкий, унга ўринбосарлар қилиб эса А.Асаткин ва Шерғозиевлар тайинланди. ТИК турли хўжалик тадбирлари, маъмурий назорат вазифаларини бажаришда, барча иқтисодий комиссарликлар идоралари билан бир қаторда, зарурият юзасидан Туркистон АССР марказий ва маҳаллий муассасалар идораларидан фойдаланарди. ТИК ўзига берилган ваколатлар ва ҳуқуқлар доирасида ўлка ҳаётининг барча жабҳаларини ўз назоратига олди.
1921 йил 14 мартда Туркистон АССР МИҚнинг Марказий ва маҳаллий иқтисодий органларини бирлаштириш тўғрисидаги қарори чиқди. Унда шундай дейилган эди:
1. Туркистон Республикаси Халқ Комиссарлари қошида комиссия ҳуқуқига эга бўлган “Иқтисодий Кенгаш” ташкил этилсин.
2. Иқтисодий Кенгаш таркибига Туркистон Республикаси Халқ Комиссарлари кичик кенгаши ва қуйидаги халқ комиссарлари киради: меҳнат ва ерни қайта ишлаш, алоқа йўллари округи, касаба уюшмалари кенгаши раиси, Туркфронт инқилобий ҳарбий кенгаши аъзоси ҳамда маслаҳат бериш овози билан Туркистон Республикаси статистика бошқармаси бошқарувчиси.
3. Иқтисодий Кенгашга хўжалик қурилиши соҳасидаги идораларни бошқариш ва мувофиқлаштириш ҳамда улар фаолиятни кучайтириш топширилсин.
ТИК таркибига вилоят ва уезд иқтисодий кенгашларидан ташқари турли соҳаларда иш олиб борувчи 19та комиссариат мавжуд бўлиб, шулардан 10таси моддий ишлаб чиқариш ва иқтисодий соҳага, 9таси номоддий соҳага тегишли бўлиб, жумладан, почта ва телеграф, статистика, соғлиқни сақлаш комиссарликлари ва бошқалар фаолият кўрсатган. Бир қатор комиссарликлар (асосан, моддий илаб чиқариш ва иқтисодий соҳада) ҳамда уларнинг вилоят ҳамда уездлардаги бўлимларида Давлат режа қўмитаси (Госплан) мавжуд бўлган.
1921 йил 6 октябрда Туркистон МИК ва Туркистон ХКС ТИКнинг фаолиятини кучайтириш мақсадида “Туркистон Республикаси Иқтисодий Кенгаши ҳақида” Низом қабул қилди. Ушбу Низомга кўра, ТИК қуйидаги ҳуқуқларга эга эди:
1. Туркистон АССРнинг ягона хўжалик режасини ишлаб чиқиш учун дастлабки топшириқларни белгилаш, ХКС ва ТМИҚ томонидан буткул тасдиқлангунига қадар, уларни алоҳида қисмларда тасдиқлаш.
2. Совет ҳукуматининг марказий ва маҳаллий идораларига уларнинг раҳбарлари шахсий жавобгарлиги остида, хўжалик қурилиши бўйича мажбуриятлар белгилаш.
3. Ягона халқ хўжалиги режаси асосида республиканинг юқори хўжалик идораларига тегишли кўрсатмалар бериш ҳамда халқ комиссарликлари берган таъминот ва моддий маблағ ажратиш режаларини тасдиқлаш.
4. Туркистон АССР хўжалик қурилиши бўйича ягона режага зарурият туғилмаганда тегишли тарзда ўзгаришлар киритиш, унга асосан моддий ресурсларни, ишчи кучи ва пул маблағларини қайта тақсимлашни амалга ошириш.
5. Хўжалик фаолияти соҳасида мажбурий қарорлар ва кўрсатмалар чиқариш, уларнинг бажарилишини таъминламаганларни жавобгарликка тортиш.
6. Ўз ихтиёрига кўра тафтишлар ва назорат ишларини ўтказиш (ишчи-деҳқон инспекцияси ва фавқулодда ҳолат идораларини жалб қилган ҳолда).
7. Мулкни хатлаш, мусодара қилиш, завод, фабрика, бошқа саноат ва мол айирбошлаш муассасаларини национализация қилиш, шунингдек, биринчи тоифали муассасаларни ижарага бериш масалаларини кўриб чиқиш.
8. РСФСР ва Туркистон АССР мулкий хўжалик режасига мувофиқ концентрация, трестлаштириш, синдикатлаштиришни амалга ошириш.
Умуман олганда ТИК ўзига берилган ваколатлар ва ҳуқуқлар доирасида ўлка ҳаётининг барча жабҳаларини ўз назоратига олди. Аммо, Марказ ТИКга ҳеч қандай эркинликлар бермади. Хусусан, Иқтисодий кенгашларнинг жойлардаги қуйи тармоқларини ташкил этиш РСФСР Меҳнат ва Мудофаа Кенгаши раиси В.Лениннинг қатъий кўрсатмалари асосида белгилаб берилган эди.
Меҳнат ва Мудофаа Кенгаши барча иқтисодий кенгашларнинг ҳисоблари, статистик маълумотлари, мажлис баённомалари ва ҳатто хабарларини қаттиқ текшириб борди. Бу вазифани амалга ошириш ХКС ҳамда Меҳнат ва Мудофаа кенгаши ишлари ёрдамчиси большевик Смольяниковга топширилган. Бундан кўринадики, жойлардаги маҳаллий ва марказий иқтисодий кенгашлар иши тўла Марказ ихтиёри ва мунтазам кузатувида бўлган ҳамда унинг фаолиятига катта аҳамият берилган.
Шу тариқа Марказ бутун мамлакатни, хусусан, Туркистон АССРни иқтисодий жиҳатдан “жиловлаб” олиш учун қуйидан то юқоригача иқтисодий кенгашлар ташкил қилди. ТИК аслида Турккомиссия, Тукрбюро каби совет давлатининг ўлкани Марказнинг хом ашё базасига айлантирувчи яна бир муҳим “қуроли” бўлиб, Туркистонда РСФСР Меҳнат ва Мудофаа кенгашининг умумий қоидаларига мос келувчи ўзгаришларни амалга ошириши, бу билан бирга, Марказнинг кўрсатмаларига қатъий амал қилган ҳолда ўлкани ягона халқ хўжалиги режаси асосида бошқариши лозим эди. Айнан шунинг учун ҳам Туркистонда совет давлатининг иқтисодий ислоҳотларини амалга оширишда ТИКнинг роли катта бўлди.
ТИК 1921 йилнинг феврал ойидан то октябр ойигача бўлган фаолияти даврида 35 та мажлис ўтказиб, унда 160дан зиёд масала кўриб чиқилган. Кенгаш бу жараёнда асосий эътиборни ишлаб чиқариш (46,2 фоиз) ва саноат (24,4 фоиз)га қаратган. Кейинги ўринда қурилишни ташкил қилишга (21,1 фоиз), яъни, меҳнат таъминоти, қурилиш, кооперация ва маҳсулот айирбошлаш каби бошқа масалаларга эътибор қаратилган.
Умуман олганда, Туркистон иқтисодиётидаги инқирозли ҳолатдан чиқиш, айниқса, саноат ва ҳунармандчиликда юз берган айрим ижобий тикланишлар Иқтисодий Кенгашлар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ эди. Большевиклар “ижоди” бўлган Иқтисодий Кенгашлар Марказ манфаатларини қанчалик ҳимоя қилган бўлмасин, Туркистон ўлкаси саноатининг қисман тикланишига, маҳсулот ишлаб чиқаришига, маҳаллий аҳолининг иш билан таъминланишига имкон яратди. Бу Туркистон халқлари ижтимоий – иқтисодий аҳволининг ижобий томонга силжишига олиб келди.
Иккинчи томондан эса, Иқтисодий Кенгашлар Туркистонни совет Россиясининг асосий хом ашё етиштирувчи, саноат маҳсулотларига бирламчи ишлов бериб, ярим хом ашё маҳсулотлари тайёрлаб берувчи ўлка сифатида Марказга боғлаб берди. Шу даврдан бошлаб Туркистонла унинг аҳолиси истаган саноат марказлари эмас, балки, Марказ истаган, унинг эҳтиёжларига мос келадиган, зарурий хом ашё етказиб берадиган саноат корхоналари барпо этишга киришилди.
1921 йилнинг бошларидаги амалдаги вазият тақозоси билан совет ҳокимияти ва унинг раҳбари В.Ленин жамиятда юзага келган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий танқисликдан тезда чиқиб кетиш мақсадида “ҳарбий коммунизм”дан янги иқтисодий сиёсат (ЯИС - НЭП) йўлига ўтиш зарурлигини тушунди. 1921 йил мартда бўлиб ўтган РКП (б)нинг Х съезди янги иқтисодий сиёсатга ўтиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу йўл мамлакатда “большевикча диктатурани амалга ошириш” ҳамда “социалистик жамият барпо этиш” вазифасини амалга оширишда янгича тактик ёндашув бўлиб, у янги иқтисодий сиёсатда ўз ифодасини топди. Ушбу сиёсатнинг асосий моҳияти озиқ-овқат тақсимотини озиқ-овқат солиғи билан алмаштириш, савдо-сотиқни эркинлаштириш, саноатда, хизмат кўрсатиш ва майда ҳунармандчилик соҳаларида хусусий тадбиркорликка рухсат этиш, бозорни тартибга солиш, ижарага олиш ҳамда ёлланма меҳнатнинг чекланишини бекор қилишдан иборат эди.
Озиқ-овқат тақсимотининг озиқ-овқат солиғи билан алмаштирилиши деҳқон хўжалигининг давлат билан йил охирига қадар тузиладиган шартномасини кўзда тутиб, давлат билан деҳқон хўжалиги ўртасида маҳсулот етказиб беришга қаратилган эди. Натижада деҳқонлар ўзларининг шартномадан ортиқча маҳсулотларини бозорларда эркин сотиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу ҳолат деҳқонларнинг меҳнатга бўлган муносабатини ўзгаришига олиб келди. Ундан ташқари, нархларни тартибга солиш юзасидан чора-тадбирлар ҳам кўрилди.
Янги иқтисодий сиёсат иқтисодий соҳаларнинг қисман бўлса-да, силжишига олиб келди. “Ҳарбий коммунизм” сиёсати даврида давлат ички ва ташқи бозорни ўз қўлига олган бўлса, янги иқтисодий сиёсат ички бозорга эркинлик берди. Аммо, ташқи бозор давлат ҳукмронлиги таъсирида қолди. Бу сиёсат шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришга, яқинлаштиришга, иқтисодий муносабатларни йўлга қўйишга қаратилди.
Таъкидлаш лозимки, 1922 йилнинг иккинчи ярми – 1923 йилнинг бошларида маҳаллий хўжаликлар ҳаётида сезиларли иқтисодий ўзгариш кўзга ташланди. Бу жараёнда иқтисодиётни жонлантиришдаги қарорларнинг аҳамияти катта бўлди. Мисол учун, Туркистон советлари МИК 1922 йил 11 апрелда “Натура солиғи ҳақида” қарор қабул қилди. Янги иқтисодий сиёсатни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу қарорга кўра, деҳқонларнинг норозилигига сабаб бўлган озиқ-овқат тақсимоти ўрнига ялпи ҳосилнинг 10 фоизи миқдорида озиқ-овқат солиғи белгиланди. Аммо, орадан кўп ўтмай деҳқон хўжаликларининг катта-кичиклигидан келиб чиқиб солиқни табақалаштириш жорий этилди.
Солиқ йилнинг охирида олинган ҳосилга қараб эмас, балки экин экиладиган майдон ҳажмига қараб белгиланган эди. Солиқлар қўйидаги ҳажмда олиниши белгилаб қўйилган: 2 десятинагача ери бўлган хўжаликлардан ҳосилнинг 5 фоизи, 2-4 десятинагача – 10 фоиз, 4-6 десятинагача – 12 фоиз, 6-8 десятинагача – 14 фоиз, 8-20 десятинагача – 16 фоиз.
Туркистонда янги иқтисодий сиёсат асосида халқ хўжалигининг аосий тармоғи ҳисобланган саноатни ривожлантиришга қаратилган ишлар йўлга қўйила бошланди. Кичик ва ўрта бўғиндаги саноат тармоқлари билан қаторда Хилково цемент заводи, Фарғона пиллакашлик фабрикаси қурилиб, Хилково-Қизилқия темир йўл шахобчаси барпо этилди.
Хоразм Республикасида саноат корхонлари (асосан ҳунармандчилик усталари) давлат ихтиёрига ўтказилиб, давлат назоратига олинди. Манғит, Гурлан, Тошҳовуз каби пахта тозалаш заводлари давлат ихтиёрига ўтказилди. 1923 йилда Хива шаҳрида 120га яқин темирчилик устахоналари, 131та дурадгорлик устахоналари, 50та бўёқчилик ҳамда 136та терини қайта ишлаш корхоналари фаолият кўрсатиб, уларда 2058 нафар ҳунарманд иш билан таъминланган эди. Бухоро Республикасида ҳам бир қанча саноат корхоналари давлат тасарруфига олинди. Хусусан, 1923 йилда Бухорода 23та саноат корхонаси давлат ихтиёрига ўтказилди. Аммо, улардан атиги 6таси фаолият кўрсатар эди.
Янги иқтисодий сиёсат асосида чеклашлар билан бўлса-да, қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи ҳисобланган пахтачилик соҳасида ҳам маълум бир ишлар амалга оширилди. Адабиётларда берилишича, маҳаллий раҳбар ходимларнинг талабларига кўра, қийинчиликлар билан бўлса-да, 1923 йил январь ойида Иттифоқ Меҳнат ва Мудофаа Кенгаши қабул қилган қарорда “Республика ичида пахтани харид қилишда давлат монополияси бекор қилинсин”, деб кўрсатиб ўтилган эди. Шунга кўра, пахтанинг қатъий нархи бекор қилинди. Чунки, пахта етиштиришдаги харажатлар ўзини қопламас эди. Деҳқонларни керакли қишлоқ хўжалик воситалари билан таъминлаш, от-улов солиғини бекор қилиш, баъзи камбағал хўжаликларни эса озиқ-овқат солиғидан озод этиш тартиби жорий этилди.
Хоразм советларининг 1923 йил 18-20 октябрда бўлиб ўтган кенгаши ерга нисбатан хусусий мулкчиликни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарорга кўра, ер-сув ислоҳотини большевиклар андозаси бўйича синфий ёндашув аосида кескин тусда амалга ошириш бошланди. Натижада 1923 йил охирларига келиб Хоразмдаги 64 минг таноб ер ўз эгаларидан тортиб олинди.
Шунингдек, 1923 йилнинг октябрида Бухоро республикасида советларнинг умумбухоро IV қурултойида янги Ер кодекси тасдиқланди. Бу кодексга кўра, “барча ерлар, улардан ким фойдаланишидан қатъий назар, ишчи-деҳқон давлатининг мулки”, деб эълон қилинди. Ерга ким ишлов берса, унга “эгалик қилиш ҳуқуқи” берилди. Битта хўжаликка мўлжалланган чекланган ер нормаси 30 таноб (7,5 десятина) қилиб белгиланди. Ўрта Осиё республикаларида фаолият кўрсатаётган Иттифоқ Бош Пахта Қўмитаси баъзи ўзгаришларни амалга оширган бўлса-да, ўзининг асл мақсади бўлган монополия сиёсатини сақлаб қолди.
Аста-секинлик билан ўлка иқтисодиёти, унинг қишлоқ хўжалиги Иттифоқ манфаатларига бўйсундириб борилди. Ўлканинг барча бойликлари асосан пахта ва бошқа хом ашёлар, мустамлака даврида бўлгани каби, ташиб кетила бошланди. Ўлка иқтисодиётининг тобора қарам бўлиб бориши унинг издан чиқишига, халқнинг ижтимоий – иқтисодий аҳволининг янада оғирлашувига олиб келди. Туркистон ўлкасига четдан ғалла, металл буюмлар ва бошқа кўплаб маҳсулотлар келтириш камайиб кетди. Бунинг асосий сабаби, Ўрта Осиё республикаларида тоталитар тузумининг маъмурий буйруқбозлик бошқарув усулининг кучайиб бориши эди. Айнан шунинг учун ҳам янги иқтисодий сиёсат ўзининг асл моҳиятини йўқотиб борди. Бу эса 1920-йилларнинг охирларига келиб, янги иқтисодий сиёсатга барҳам берилишига олиб келди.
1923 йил 5-9 март кунлари Тошкентда Туркистон, Бухоро ва Хоразм республикаларининг I иқтисодий конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу конференциянинг 9 март куни бўлиб ўтган охирги мажлисида уч республикани иқтисодий жиҳатдан бирлаштириш ҳақида қарор қабул қилиниб, Тошкентда Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши (СЭС) ташкил этилди. Конференцияда шу вақтдан бошлаб учала республиканинг иқтисодий фаолияти ва хўжалик режаларини ягона иқтисодий сиёсат доирасида бирлаштиришга қарор қилинди. Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши раиси этиб ТИК раҳбари Н.А.Паскуцкий тайинланди.
Ўрта Осиё ИК тузилганидан сўнг 1923 йилнинг апрел ва июн ойларида БХСР ва ХХСР Нозирлар Шўроси қошида ҳам иқтисодий кенгашлар ташкил этилди. Маълумотларга кўра, “Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши тўғрисидаги” Низомда унинг асосий вазифаси этиб, “Бухоро, Хоразм ва Туркистон республикаларининг хўжалик ҳаётини ривожлантириш ва бошқариш, шунингдек, уч республиканинг хўжалик ҳаётига раҳбарлик қилиш ҳамда бошқариш ва уларга кўрсатмалар бериш” белгилаб қўйилган. Ўз навбатида Ўрта Осиё ИК ўз фаолиятида СССР Меҳнат ва Мудофаа кенгаши олдида жавобгар ҳисобланар эди.
Ўрта Осиё ИК ташкил этилиши билан унинг қошида Ўрта Осиё давлат режа комиссияси ва ҳакамлик суди комиссияси тузилди. Давлат режа комиссияси таркибига қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, бюджет ва кредит ҳамда умумий бўлимлар мавжуд бўлиб, ҳар бир бўлим ўз соҳасига кўра, ўзига юклатилган вазифа бўйича уч республика миқёсида иш олиб борди. Ҳакамлик суди комиссиясининг асосий вазифаси эса, Ўрта Осиё республикаларидаги давлат идоралари ва корхоналараро мулк масалалари бўйича юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш, шунингдек, СССР иқтисодий сиёсати ва қонунчилигининг Ўрта Осиё республикаларида ўрнатилиши, уларнинг ижросини назорат қилиш эди.
Шу тариқа Ўрта Осиё ИК ташкил этилиши Ўрта Осиё республикалари иқтисодиётини Марказ томондан бошқариш йўлидаги биринчи қадам бўлиб, бу ташкилот орқали уч республика халқ хўжалиги маъмурий буйруқбозлик усулида бошқарила бошланди. СЭС ташкил этилган вақтидан бошлаб ўзига юклатилган вазифалар асосида уч республиканинг иқтисодиётини Марказнинг эҳтиёжини қондириш учун мослаштиришга ҳаракат қилди.
Янги тадқиқотларга кўра, большевиклар аввал бошданоқ яккаҳокимликда марказлашган давлат тузишни асосий мақсад қилиб қўйган эдилар. Совет ҳукумати кўзланган мақсадга эришиш учун турли маъмурий бошқарув бўғинларини кўпайтириб, йирик бюрократик давлат аппаратини вужудга келтирдилар. Иқтисодий Кенгашлар мамлакатнинг энг нозик ва муҳим бўғинини бошқарувчи, миллий республикалардаги Иқтисодий Кенгашлар эса туб ерли аҳоли яратган моддий бойликларни “оқилона” тарзда Марказга етказиб берувчи воситага айландилар.
Иқтисодий Кенгашларнинг ҳаракатлари туфайли Бухоро ва Хоразм республикаларининг мустақиллик рамзларидан бири бўлган валютаси бекор қилиниб, совет пули муомалага киритилди. Шунингдек, ҳар иккала республикада мавжуд бўлган солиқ тизими бекор қилиниб, советларнинг солиқ тизими жорий этилди. БХСР ва ХХСР ташқи алоқалар масаласида ҳам мустақилликни бой берди. Уларнинг ташқи алоқалари фақат Марказ орқали ёки унинг рухсати билан олиб бориладиган бўлди.
Мавзу бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижаларига эътибор берадиган бўлсак, Иқтисодий Кенгашлар Туркистон, Хоразм ва Бухоро республикаларининг ўша даврдаги оғир иқтисодий аҳволини тиклаш борасида бир қанча ишларни амалга оширган эди. Бунинг натижасида миллий республикаларнинг иқтисодиёти бирмунча интеграциялашиб, бир-бирига ёрдам бериш асосида иқтисодиётнинг қийин ва оғир жабҳалари ривожланиб, изга тушди. Афсуски, Иқтисодий Кенгаш бутун фаолияти давомида иқтисодий ва сиёсий жараёнларни биринчи галда Марказ манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, Марказ андозалари асосида олиб борди. Бунинг натижаси ўлароқ, миллий республикалардаги сиёсий, иқтисодий ва молиявий соҳаларни бошқариш маҳаллий раҳбарлар қўлидан Марказ ихтиёрига ўтди.
Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий давлат чегараланиши ўтказилиши натижасида Ўрта Осиё ИК ўзининг 1924 йил 24 ноябрда бўлган охирги мажлисида 25 ноябрдан эътиборан ўз фаолиятини тўхттганлиги ҳақида қарор қабул қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |