13.3. Қурилиш ишлаб чиқаришини ва қурилиш-монтаж
ташкилотларининг қувватларини ривожлантиришни режалаштириш
Қурилиш-монтаж ташкилотлари - бу қурилиш бошқармалари, трестлар, монтаж бошқармалари ва трестлари, кўчма ва шу жумладан ихтисослашган кўчма механизациялашган колонналар, ишлов бериш бошқармалари ва трестлари, йўл-қурилиш бошқармалари, кўприк қуриш отрядлари - яъни қурилиш индустриясининг ишлаб чиқариш бўғинлари бўлиб, улар ҳам деярли саноат корхоналари ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқларидаги корхоналар бажарган ишлаб чиқариш функцияларни бажарадилар. Бошқача қилиб айтганда, қурилиш-монтаж ташкилотлари ҳам қурилиш тармоғининг ишлаб чиқариш бўғинлари каби, кўп жиҳатдан қурилиш ишлаб чиқаришининг жорий ва истиқболли дастурларининг режалаштирилиши ва амалга оширилишини белгилаб беради.
Қурилиш ишлаб чиқаришини режалаштиришнинг асосий вазифалари капитал қурилиш режасида кўзда тутилган ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларни ишга тушириш топшириқларининг бажарилишини таъминлаш, қурилиш-монтаж ташкилотларининг қувватларини ҳамда қурилишнинг ишлаб чиқариш-техник базасини ўз вақтида ва керакли миқдорда ривожлантириш, шунингдек, қурилиш ишлаб чиқаришининг самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Қурилиш ишлаб чиқариши режаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларини ишга тушириш;
2) қурилиш-монтаж ишлари ҳажми;
3) қурилиш-монтаж ташкилотларининг қувватларини ривожлантириш.
Бу режа энди аввалги пайтлардагидек “юқоридан” тасдиқланган буйруқ эмас. У кўпроқ аккумулятив характерга эга бўлиб, қурилиш ишлаб чиқаришининг ҳудудлар, йирик ишлаб чиқариш мажмуалари ва миллий иқтисодиёт тармоқлари бўйича соҳавий дастурни акс эттиради. Бошқача қилиб айтганда, бу режада бутун республика миқёсида навбатдаги (режадаги) даврда қурилиш фаолиятининг бутун “панорамаси” ўз аксини топади.
Қурилиш ишлаб чиқариш режасида ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларни ишга тушириш кўрсаткичлари қурилиш рўйхатлари асосида қабулқилинади. Агар ишлаб чиқариш қувватлари ва объектлари қурилиш рўйхатларида кўзда тутилмаган бўлса, у ҳолда бу кўрсаткичлар қурилишларнинг таркибидаги рўйхатлар ёки имзоланган шартномалар (контрактлар) бўйича қабулқилинади.
Маълумки, ҳар қандай режа тегишли қувватлар ва ресурслар билан таъминланган тақдирдагина ҳаётий бўла олади. Шунинг учун қурилиш-монтаж ташкилотларининг қувватларини ривожлантириш қурилиш ишлаб чиқаришни режалаштиришнинг таркибий қисми ҳисобланади. Айниқса қурилиш фаолияти ҳажми ортиши кўзда тутилаётган пайтларда у ўта муҳим аҳамият касб этади. қурилиш-монтаж ташкилотларининг қувватларини ривожлантиришни режалаштириш қурилиш-монтаж ишлари дастўрини ишлаб чиқариш ресурслари ва имкониятлари билан мувозанатлашга имкон беради, яъни қурилиш ишлаб чиқаришининг салбий ва ижобий томонларини аниқлашга ва тегишли чоралар кўришга имкон беради.
Ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантиришни режалаштириш икки хил усулда амалга оширилади:
1) кенг кўламли - тармоқ ва халқ хўжалиги миқёсида;
2) аниқлаштирилган (батафсил) - пудратчи ташкилотлар миқёсида.
Агар биринчи ҳолда режалаштириш ишлаб чиқариш қувватларига бўлган умумий эҳтиёжни ҳамда уларни қоплаш манбаларини аниқлашга қаратилган бўлса, иккинчи ҳолда қуйидагилар ҳисобланади:
амалдаги ва режадаги (лойиҳадаги) қувват;
ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси, унинг келгуси даврдаги қурилиш дастури билан солиштириш;
ишлаб чиқариш қувватларига ва уларни қоплаш манбаларига бўлган қўшимча эҳтиёж;
қувватларни ошириш ва улардан фойдаланишни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |