МЎМИНОБО ҚАБРИСТОНИ.Ушбу қабристон 1965 йилда Самарқанд вилояти Ургут тумани Мўминобод қишлоғининг фуқароси М.Тошев ўз томорқасида узум кўчатлари экиш учун чуқурчалар қозиётган пайтда топилган. У берган маълумотга кўра, қабрда одам скелети чап биқини билан оёқ-қўллари букилган ҳолда учратилган. Скелетнинг бош томонида иккита сопол кўзача, кўкрак қафаси бўшлигида кўп сонли мунчоқлар, қулоқ қисмида бронза сирға, билагида қўшолоқ билагузуклар ва олтин суви берилган ҳалқалар, бронза ойна ва бошқа қатор матолар ётганини кузатади. М.Тошев 1966 йил баҳорида Самарқанд университетига келиб, археологларга учрайди. Шундан сўнг археолог Д.Н.Лев Мўминободга отланиб, дарҳол объектга етиб келади. Мўминобод қабристонини ўрганиш иши билан ўша йили (1966 й.) кузда А.Асқаров шуғулланиб, у жойдан яна 4 та қабр очади.
Қабрларга скелетлар бир ёни билан, оёқ-қўллари букилган ҳолда, боши ғарбга қаратилиб кўмилган эди. Ҳар бир қабрда скелетларнинг бош томонида 2-3 тадан дашт қабилалари маданиятига хос сопол идишлар учратилган. Бир қабрда аёл скелетининг қулоқ қисмида карнайгул шаклида ишланган бронза сирғаси, мозор майдони бўйлаб майда мунчоқ шодалари сочилиб ётган. Мозорнинг бир жойида 7 та бронза билак узуги бир-бирига боғлангандек қаришиб ётарди. Бу марҳуманинг бисотидан, улар буғдойпоядан тўқилган саватчада бўлиб, ундан чириб, кукунга айланиб кетган излари сақланган.
Мозорларни бирида тош ёрғучоқ топилган. Бошқа бир қабрда марҳума скелетининг қулоқ қисмида карнайгул шаклида ишланган олтин сирға топилган. Худди шундай яна бир олтин сирға марҳума бурун тешигида бўлган. Унинг ҳар иккала қўл суякларига учтадан бронза билагузук кийгизилган бўлган. Оёқ суяклари устида цилиндр ва биконик шаклидаги бронза мунчоқлардан иборат мунчоқлар шодаси чиққан. Марҳума скелети қуйма бронза мунчоқчалар билан қопланган эди. Мунчоқларнинг аксарияти пастадан ясалган бўлиб, уларнинг тешигида чириган ип қолдиқлари сақланган. Ушбу қабрда ётган марҳума скелетининг чап кўкрак чўнтагида суякдан ишланган музика асбоби-най топилган. Найчанинг ўрта қисмида ромби шаклида тешикчаси бор. Тешикча ўткир тиғли қурол билан кесилган. Унинг икки учи қиёроқ кесилиб, устига ойнадек силлиқ сайқал берилган. Найча тешикчалари атрофида тиниқ қизил ранг излари учрайди. Бу най Ўрта Осиё ҳудудида бронза даври ёдгорлигида илк бор топилган музика асбоби бўлиб, уни биринчи санъат асбоби сифатида илмий аҳамияти беқиёсдир. Қабр ашёвий далиллари орасида бронзадан ясалган билагузуклар аксарият кўпчиликни (улар 17 та) ташкил этади. Топилмалар орасида сон жиҳатидан карнайгули сирғалар, мунчоқ ва майда мунчоқлар кўпчиликни ташкил қилади. Билагузукларнинг учлари илон боши сифат шаклида ишланган. Олтин суви берилган карнайгулсимон сирғалар Жанубий Сибир ва Қозоқистон даштларининг чорвадор қабилалари мозорларида ҳам учрайди. Бундай шаклдаги сирғалар андронова маданиятига характерлидир
Мўминобод қабристонидан топилган одам бош чаноқлари (улардан 2 тасини антрополог В.Я.Зезенкова ўрганган) Ўрта Осиёнинг неолит ва энеолит даври одамлари билан генетик жиҳатдан яқин эканлигини кўрсатади. В.Я.Зезенкова хулосасига кўра, ўрганилган бош чаноқлар тип жиҳатидан андронова одамларини эслатсада, аммо улар долихоцефаль, яъни узунчоқ овал шаклида, андронова одамларидан юз тузилишининг узунчоқлиги ва ўртача тор қирра бурун ҳамда бодом қовоқлиги билан ажралиб туради. Мўминободлилар айнан мана шу жиҳатлари билан замонбобо ва чуст маданияти одамларини эслатади. Таъкидлаш жоизки, худди Мўминободдагидек Андронова маданиятига хос ашёвий далилларнинг Ўрта Ер денгизи антропологик типидаги одамлар скелети билан бирга учраши Ўрта Осиё дашт қабилалари маданияти учун янгилик эмас. Таниқли антрополог Т.А.Трофимова тозабоғёб маданиятига тегишли Кўкча 3 қабристони антропологик серияси ичида Андронова маданиятига хос протоевропеидлар билан Ўрта Осиёнинг қадимги аҳолисига хос ўрта ер денгизи типи аралаш учраганини таъкидлайди.. Т.А.Трофимова бу ҳолатга баҳо бериб, бу тип Ўрта Осиё ва Шимолий Ҳиндистон (аниқроғи Покистон) ҳудудларида бронза даврида кенг тарқалган қадимги ўрта ер денгизи типи билан умумий ўхшашликка эгадир, деган хулосага келади.Буларнинг барчаси бир томондан, Ўрта Осиё бронза даври дашт маданиятлари аҳолисининг этник таркиби қанчалар мураккаб эканлигини кўрсатса, иккинчи томондан, турли этник гуруҳлар ўртасида иқтисодий–хўжалик ва этномаданий алоқаларнинг кенг кўлами ҳақида таҳлилий хулосаларга олиб келади, яъни ўзбек халқи этногенезининг бошланиши бронза даврига бориб тақалишига ишора қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |