1.3.Педагогнинг дидактик қобилияти.
Дидактика – педагогиканинг мустақил тармоғи. Таълим – тарбия назарияси, яъни мақсадлари, мазмуни, қонуниятлари, тамойилларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Дидактика педагогикада таълим жараёнининг умумий қонуниятларини ўрганувчи қисмдир.
Дидактика грекча сўз бўлиб, “didasko” – ўқитиш, “didaskol” – ўргатувчи деган сўзлардан келиб чиққан.
“Дидактика”нинг сўзма – сўз таржимаси таълим назариясини англатади.
Бу атамани немис педагоги В. Ратке (1571-1635) фанга киритган. Дидактика номи остида назарий ва методологик асосларини тадқиқ қиладиган илмий фанни тушунди. Дидактиканинг фундаментал илмий асослари илк бор Я. А. Коменский (1592 - 1670) томонидан ишлаб чиқилган. У 1657 йилда у чех тилида «Буюк дидактика» асарини ёзди. Дидактика номи остида Коменский “Ҳаммани ҳамма нарсага ўргатиш санъати”, деб тушунди. Дидактиканинг моҳиятини ишлаб чиқишда Г. Песталоцци, И. Гербарт, К.Д. Ушинский, В. Острогорский, П. Каптерев каби машҳур олимлар катта ҳисса қўшишди. Бу йўналишда дидактлар Ю.К. Бабанский, Н. Груздев, М. Данилов, Б. Есипов, Л. Занков, М. Скаткин кабилар ҳам анча ишларни амалга оширишди.
Дидактика педагогиканинг “Нима учун ўқитиш керак”, “Нимани ўқитиш керак”, “Қандай ўқитиш керак”, “Қандай ҳажмда ўқитиш керак”, “Кимларни ўқитиш керак”, “Қаерда ўқитиш керак”, “Нимадан фойдаланиб ўқитиш керак” каби саволларига жавоб излайди.
Умумий дидактика ўз навбатида айрим фанларга оид усуллар билан жуда мустаҳкам боғланган бўлиб, уларга оид маълумотларига таяниб ўқитишнинг умумий қонуниятларини очиб беради ва айни вақтда ҳар бир ўқув фанини ўқитиш усуллари учун умумий асос бўлиб хизмат қилади.
Дидактика ўз олдига ўқитишнинг ўқувчиларни ҳар томонлама тарбиялаш мақсадларига жавоб берувчи умумий қонуниятларни билиб олиш вазифасини қўяди.
Дидактикада таълимни ташкил этишнинг умумий масалалари, ўқитиш жараёнининг моҳияти, таълимнинг мазмуни, ўқитиш қонуниятлари, ўқитиш тамойиллари, методлари, унинг ташкилий шакллари ёритилади.
Ўқитиш жараёни педагогнинг ўргатувчилик фаолиятини ва таълим олувчиларнинг махсус ташкил этилган билиш фаолиятини ўз ичига олади. Шу ўринда бу жараёнларнинг таҳлилига эътибор қаратайлик. Таълимда ўқитувчининг бошқарувчилик роли ўз касбининг ижтимоий асосларидан келиб чиқиб, аждодларининг бой тажрибасини, инсониятнинг асрлар давомидаги билиш, меҳнат, мулоқот, умумий алоқалар, эстетик ҳамда ахлоқий қарашлар жараёнида қўлга киритган ютуқларни эгаллашни шарт қилиб кўяди.
Дидактика ва методика мустаҳкам алоқа ҳамда ўзаро боғлиқликликда жойлашади. Дидактика ўқитишнинг умумий қонуниятларини ўрганади. Аниқ бир предметни ўқитишнинг ўзига хос хусусиятлари хусусий методикаларда ишлаб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |