Кейинги йилларда Марказий Осиёдаги ўзаро интеграциялашув ҳамда этноижтимоий ҳамжиҳатлик жараёнлари ривожини кузатиб, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Марказий Осиё минтақасида миллатлараро муносабатлар ривожи этноижтимоий тараққиётда табиий жараён сифатида ижобий моҳият касб этиб бораверади.
Минтақа миллий ҳаётидаги хусусийлик, яъни алоҳида этник гуруҳга мансублик хислатлари аста-секинлик билан умумий жиҳатларнинг устунлигига ҳамда этноижтимоий барқарорликка асосланган ҳуқуқий- демократик жамиятга ва умуминсоний қадриятларга мансублик хислатлари ўсиб бораверади.
Ташқи таҳдид (экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик) минтақада этник тараққиёт ривожига салбий таъсир этувчи омиллар сифатида ҳамда бу
таҳдиднинг фожиали оқибатларини чуқур ҳис этган минтақа халқларининг ушбу фожиага қарши интеграциялашув мавқеи ва ҳаракатлари яна ҳам ошади.
Бугунги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ва маданий тараққиётнинг бош омили сифатида минтақада этник барқарорлик, яхши қўшничилик руҳида яшаб келаётган халқларнинг янада яқинлашиб, муносабатларнинг теран, ижобий мазмунга эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Муҳими, этноижтимоий ҳамжиҳатлик жараёнларининг ижобий ривожи минтақада этник тараққиётни таъминлаш билан бир қаторда, ҳозирги давр учун глобал муаммо бўлиб ҳисобланган минтақавий хавфсизликнинг ҳам таъминланишида муҳим роль ўйнайди.
Минтақада бозор муносабатларига асосланган ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт республикаларда туб миллат манфаати билан бир қаторда барча этник гуруҳларнинг ижтимоий манфаатларининг кафолати сифатида ижобий моҳият касб этиб бораверади.
Минтақа халқларига хос бағрикенглик тамойили ўзаро яхлитликни таъминлаш билан бир қаторда минтақа давлатларининг жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашув жараёнларининг ижобий ривожини ҳам таъминлайди.
Айни пайтда дунёнинг кўпгина мамлакатларида иқтисодий интеграция жараёнлари кузатилаётган экан Марказий Осиё давлатлари ҳам глобал
ҳамкорликка тайёргарлик сифатида ўзаро яқинлашиб, ижтимоий, маданий, иқтисодий ва ҳарбий-техникавий жиҳатдан ҳамкорликни ривожлантириш йўлида қатор ишлар қилмоқдалар.
Миллий истиқлол жамиятимиз аъзоларининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий-маънавий камолотининг кафолати сифатида кундалик ҳаётимизда ижобий аҳамият касб этиши билан бир қаторда жамиятнинг сиёсий-ижтимоий янгиланишида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Айниқса, жаҳонда обруйи ва эътибори ошиб бораётган, Евроосиё континенти ҳудудининг бешдан уч қисми, яъни 30 млн. кв.км.дан кўпроқ майдонда 1 млрд 455 млн аҳоли (Ер шари аҳолисининг яқин тўртдан бир қисми) истиқомат қилувчи ҳудудларни бирлаштирувчи аҳамияти ва ижтимоий- сиёсий функцияларни бажариши жиҳатидан Европа Иттифоқига ўхшаш ташкилот - Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг фаолияти минтақада этносиёсий ҳамкорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ташкилот ўзининг илк фаолиятидан Евроосиё минтақасида хавфсизликни таъминлашнинг янги қирраларини очиб бериб, фаолият доирасидаги ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг сони жиҳатидан ҳам халқаро миқёсдаги йирик сиёсий ташкилот сифатида БМТ, Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, АСЕАН ва бошқа халқаро сиёсий бирликлар томонидан эътироф этилиб, Евроосиё қитъасида ушбу нуфузли ташкилотнинг тузилиши нафақат регион, балки бутун дунёда тинчликни сақлаш, этносиёсий жараёнларнинг ижобий ривожини таъминлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланмоқда. Ушбу ташкилотнинг ижобий томони - Евроосиё-Тинч океанминтақасида коллектив хавфсизлик тизимини шакллантириб, этносиёсий ва ижтимоий жараёнларнинг позитив ривожига таҳдид солувчи хуружларнинг олдини олишдир. Ҳамда Евроосиё қитъасида тинчлик, хавфсизлик, ижтимоий- иқтисодий ва сиёсий барқарорликни, Ер куррасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшиш, бугунги глобаллашув жараёнида миллий биқиқликдан халқаро интеграциялашув асосида минтақа халқлари ва жаҳон ҳамжамиятига таҳдид солувчи муаммоларни ҳал этишга эришиш орқали минтақада сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамда хавфсизлик масалалар ечимида якдил фикр ва умумий консенцусга эришишдир. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти - турфа цивилизация вакилларини умумий мақсад асосида бирлаштириб, мавжуд этносиёсий ва иқтисодий муаммолар ечимида барчанинг манфаати ҳисобга олинган ҳолда масаланинг ечимига эришиш ҳамда жаҳон миқёсида цивилизациялараро мулоқотнинг сиёсий жиҳатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, цивилизациялараро манфаатларнинг туташ нуқтасини топиш ҳамда ушбу туташлик орқали умумий мақсад йўлидаги ҳамкорлик инсоният учун турли хавфлар таҳдид солиб турган бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Минтақада интеграциялашув жараёнларига мойиллик биринчидан геосиёсий жиҳатдан ҳудудларнинг ўзаро чегарадошлиги, сиёсий-иқтисодий муаммоларнинг туташлиги ҳамда транспорт-коммуникация масалаларида минтақа давлатларининг бир-бирига боғлиқлик жиҳатларининг устунлик даражада намоён бўлаётганлиги бўлса, иккинчидан халқаро ҳамжамиятга таҳдид солувчи террористик ҳаракатлар, наркотик обороти ва уюшган жиноятчиликка қарши умумий фаолиятни йўлга қўйишда муҳимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |