2. Меҳнат таълими дарсларининг типлари. Ҳар бир аниқ дарс олдига қўйиладиган асосий таълимий вазифага қараб дарснинг таркиби ва айрим босқичларининг вазифаси ўзгариши мумкин. Шу нуқтаи назардан устахоналардаги дарсларни бир неча типга бўлиш мумкин.
Меҳнат таьлими дарслари асосий типлари.
Ўқувчилар янги билимларни эгаллайдиган дарслар. Бу типдаги дарсларга кириш машғулотлари, шунингдек, асосий таълимий вазифаси ўқувчиларга назарий маълумотлар бериш, уларда баъзи тушунчаларни шакллантиришдан иборат бошқа ўқув мавзуларига доир (масалан, «Пўлатнинг асосий сортлари ва маркалари», «Деталлар ва механизмлар» мавзулари бўйича ўтиладиган) дарслар киради.
Ўқувчиларнинг янги билимларни эгаллайдиган дарсларда янги материални баён қилиш асосий ўрин олади.
Масалан, 5 синфдаги кириш машғулотларида ёғочга ишлов беришни ҳам, металлга ишлов беришни ҳам ўрганишда ўқувчиларга устахоналарда ҳар қандай буюмни тайёрлаш учта асосий босқичдан, яъни деталларни механик ишлаш, йиғиш, охирги пардозлаш босқичларидан иборат эканини кўрсатиш вазифаси қўйилади. Бу вазифани ҳал қилиш учун дарсни суҳбат шаклида ўтказиш керакки, унда ўқувчиларнинг кучи синфларда меҳнат дарсларида олган билимларига таяниш мумкин бўлсин. Ўқитувчи ўқувчиларга 1-4 синфларда буюмларни тайёрлаш қандай босқичлардан иборат бўлганини эслашни таклиф қилади. Шундан кейин бу босқичлар ўқув устахонасида ҳар хил буюмлар ясаш жараёни билан таққосланади. Натижада ўқувчиларнинг қизиқишлари ортади ва уларнинг политехник билим доираси кенгаяди, технологик жараён ҳақидаги дастлабки тушунчалар ҳосил қилинади.
«Пўлатнинг асосий сортлари ва маркалари» мавзуси бўйича дарс ўтиш методикаси бошқача. Бу дарсда ўқитувчининг тушунтиришига асосий ўрин берилади, чунки ўқув материали ўз ичига ўқувчилар учун янги маълумотларни ҳам оладики, уларни баён қилишда ўқувчиларнинг бошқа ўқув фанларидан олган билимларига таяниш қийин бўлади.
«Станокларда металларни қирқиш жараёни» мавзусидаги дарсда ўқитувчи тушунтиришни суҳбат билан қўшиб олиб бориши мумкин, чунки бу дарсда асосий вазифа ўқувчиларнинг тасаввурини ва устахонадаги таълим давомида металларни қирқиш бўйича олган билимларини умумлаштиришдан иборат бўлади. Умумлаштириш жараёнида ўқувчиларнинг билимларига таяниш, суҳбатдан фойдаланиш учун яхши шароит яратади. Аммо ўқувчилар металлларни қирқиш ҳақидаги билимларини умумлаштириб ана шу билимлар билан чегараланиб қолмайдилар, уларнинг билимлари ўқитувчининг тушунтиришлари туфайли кенгаяди ва тўлади.
Янги билимлар олиш дарсларида ўқувчиларнинг мустақил ишлари ҳам ўз ўрнини топмоғи керак, бу мустақил иш янги материални дарсликдан ўрганишдан, содир бўлаётган жараёнларни кузатишдан (масалан, ўқитувчи металларни чархлашда, «қиров» ҳосил бўлишини намойиш қилади ва ҳоказолардан) иборат бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |