1. Ишлаш аниқлиги. Аниқлик – ҳар қандай маҳсулотни, шу жумладан, тикувчилик саноати маҳсулотларини тайёрлашга қўйиладиган талабдир.
2. Вақт меъёри. Меъёрлаш хусусида меҳнат топшириғини бажаришни вақт бўйича чегаралаш ўқувчилар меҳнат операцияларини бажариш усулларини эгаллаб олганларидан кейин амалга оширилиши керак. Бунда ўқувчилар бир йўла ҳам ишнинг сифатли бажарилишини кузатишни, ҳам уни маълум муддатда бажаришга интилишни уддалай олмаслиги ва таълимнинг биринчи босқичида вақт меъёри киритилса, миқдор кўрсаткичлари сифат ҳисобига ортишидан келиб чиқади.
3.Ўқувчиларнинг билимлари. Ўқувчиларнинг амалий ишлари уларнинг билимларига асосланиб ташкил қилинади. Шу сабабли уларнинг фаолиятини баҳолашда ўқувчилар дастур материалини қандай ҳамда ва қанчалик чуқур ўзлаштирганини ҳисобга олиш керак.
4.Меҳнат усулларини тўғри бажариш. Ўқувчилар асбобни ушлаш, иш ҳолатида туриш, асбобнинг ишлов берилаётган сиртга нисбатан қандай ҳолатга тутиш ҳақидаги кўрсатмаларни қатъий бажаришлари керак. Меҳнат усулларини тўғри бажариш кўникмалари ўқитувчи томонидан баҳоланади.
5. Иш ўрнини тўғри ташкил қилиш. Ишлаб чиқаришда иш ўрнини тўғри ташкил меҳнат унумдорлигини оширади. Ўқувчилар меҳнат маданиятининг савияси кўпроқ ўз иш ўрнини тўғри ташкил қила олишига боғлиқдир.
6. Меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш. Агар ишнинг хавфсизлигини таъминловчи қоидалар бузилса, жароҳатланиш хавфи туғилади. Жиҳозлар ва асбобларни ишлатишдаги меҳнат усуллари ва ҳоказоларни бажаришдаги хавфсизлик қоидаларини бузган ўқувчиларнинг баҳосини пасайтириш керак.
Баҳолаш ўтказилиш вақтига кўра уч турга ажратилади:
Бошланғич баҳолаш
Жорий, яъни шакллантирувчи баҳолаш
Якуний, яъни умумлаштирувчи баҳолаш
Бошланғич баҳолаш — таълим жараёни бошида таълим олувчиларнинг дастлабки билим, кўникма ва малакаларини аниқлаш учун ўтказилади. Бундай баҳолаш натижалари таълим жараёнининг мазмуни, усуллари ва шаклларини танлаш имконини беради.
Жорий (шакллантирувчи) баҳолаш мунтазам равишда ўтказиб борилади. У таълим жараёнидаги ютуқ ва камчиликларни, таълим жараёни самарасини тезкор (оператив) аниқлаб бориш, ўқув жараёнини мувофиқлаштириш ва таълим берувчи ва таълим олувчи ўртасидаги қайтар алоқани таъминлаш имконини беради.
Якуний (умумлаштирувчи) баҳолаш - таълим олувчининг таълим жараёнининг маълум давридаги ўзлаштириш натижаларини белгиланган мезон ва стандартларга жавоб беришини аниқлайди. Якуний баҳолаш таълим жараёнининг маълум босқичи якунида ўтказилади. У жорий баҳолаш натижаларини жамлайди.
Умумлаштирувчи баҳолашни ўтказишда қуйидагиларга эътибор бериш лозим:
Таълим олувчи умумлаштирувчи баҳолаш нима учун ўтказилиши ҳақида маълумотга эга бўлиши лозим. Бу уни баҳолашга тайёргарлик кўришга олиб келади.
Баҳолашни ўтказиш шартлари унга жиддий ёндашишига, диққатни чалғитадиган ёки тасодифий узилишлардан ўзини четга олишга ҳамда таълим олувчини ўз қобилиятини намойиш қилишига имкон беради.
Баҳолаш ўтказиш шароитида ўқувчи ўзини эркин тутиши ва нохушлик ҳис қилмаслигига имконият яратиш керак. Баҳоловчи ва таълим олувчи баҳолаш нима бериши, у қачон, Ким томонидан ва қандай ўтказилишини билишлари муҳим аҳамиятга эгадир. Қўйилган баҳо ўқув натижасини тушуниш ва уни мужассамлаштириш учун аҳамиятлидир. Таълим олувчи олдиндан белгиланган натижалар мезони ёрдамида баҳоланиши лозим. Режалаштирилмаган баҳолашни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас.
Қуйидаги бешта асосий тамойиллар баҳолаш тизими самарадорлигининг пойдевори ҳисобланади.
Ўқув мақсадларига асосланганлик
Ҳақиқийлик
Ҳаққонийлик
Ишончлилик
Қулайлик
Ўқув мақсадларига асосланганлик. Самарали баҳолашнинг асосий тамойили ўқув мақсадларига асосланганлик ҳисобланади. Баҳолашнинг сифати ўқув мақсадларига тўғридан-тўғри боғлиқдир. Ўқув мақсадлари баҳолаш мазмунини аниқлаб беради. Ўқув мақсадларининг қўйилиш даражасига қараб, баҳолашнинг шакли ва усуллари танланади. Шунингдек, ўқув мақсадларига эришиш учун бажарилган фаолият натижаси, баҳолаш мезонларини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳақиқийлик. Ўқув мақсадида кўзда тутилган натижанигина баҳолашга қаратилган топшириқ ёки тест ҳақиқий ҳисобланади. У баҳоланиши озим бўлган билим ва кўникмалар соҳасидаги натижаларга қаратилган бўлиши лозим.
Ҳаққонийлик (объективлилик). Бир-биридан мустақил таълим берувчилар бир хил таълим олувчиларга берилган бир хил топшириқ ва тестлар бўйича бир хил баҳо берган ҳолдагина мазкур топшириқ ва тест ҳақиқий ҳисобланади. Бу ҳаққонийлик ҳар хил вақтларда берилган баҳолар учун тааллуқлидир.
Ишончлилик. Натижаларни баҳолаш мобайнида ҳар хил усулардан фойдаланиш мумкин. Лекин бу усулларни танлашга қўйиладиган асосий шарт ишончлилик ҳисобланади. Услуб ишончли бўлиши учун баҳолаш асосли ва аниқ маълумотларга асосланган бўлиши зарур. Бунда топшириқ ёки тестнинг ўрганиш мақсадларини назорат қилишга йўналтирилганлигини қанчалик ишончлиэканлилиги назарда тутилади.
Қулайлик. Баҳолаш тизими ўқув мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ўқув ва ишлаб чиқариш стандартларига мосбўлиши, мураккаб бўлмаслиги, назорат ўтказувчи ва таълим оувчи учун қулай бўлиши лозим. Баҳолашни ўтказишда имкон қадар компьютерлардан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Охирги пайтларда Республикамиз таълим муассасаларида қуйидаги иккита баҳолаш тизими қўлланилиб келинмоқда баҳолашнинг беш баллик тизими ва рейтинг тизими.
Баҳолашнинг беш баллик тизимида баҳолашга қуйидаги дидактик талаблар қўйилади:
Текшириш ва назорат қилиш тизимли, доимий тарзда бўлиши шарт. Бу талабга риоя этилмаса, ўқувчиларнинг ўқишга нисбатан муносабати ёмонлашади, билимларнинг сифатига салбий таъсир қилади. Таълим олувчилар дарсга ҳар куни тайёрланиб боришлари керак. таълим берувчининг доимий равишда назорат қилиб туриши шунга мажбур этади.
Билимларни баҳолаш индивидуал характерга эгадир. Ҳар бир ўқуувчи унинг билимлари, кўникма ва малака баҳоланаётганини тушуниши керак.
Давлат таълим стандартларига асосланганлик. Таълим олувчиларнинг билимлари, малака ва кўникмалари давлат ўқув дастурларининг бажарилиши нуқтаи назаридан текширилади ва баҳоланади.