Мавзу: Машина деталларининг коррозияланиши ва коррозия таснифи
Режа:
Коррозия тушунчаси
Коррозия турлари
Металлар емирилишига қарши кураш чоралари омиллари
Коррозия -гетероген жараён бўлиб, металл-газ ёки металл- суюқлик бўлиниш чегарасида кечади. Коррозиянинг тезлиги металл сиртининг аҳволи ва тузилишининг хусусиятлари, коррозияловчи муҳитнинг ҳарорати, таркиби ҳамда ҳаракат тезлиги, ашёнинг механиқ зўриқишлари каби кўпгина омилларга боғлиқ.
Транспорт воситалари деталлари атмосфера таъсирида кўпроқ коррозияга дучор бўлади. Бунда деталнинг емирилиш тезлиги ҳавонинг намлиги, ҳароратига, қуёш радиациясига, шунингдек, ҳавонинг коррозион-агрессив газ ва туз қўшилмалари билан ифлосланганлик даражасига боғлиқ. Коррозия тезлиги юқорида айтилган омилларнинг қандай кечишига ҳам боғлиқ.
Коррозия таснифи. Емирилишнинг геометрик характерига кўра коррозия яхлит (умумий) ва маҳаллий, сирт ости, кристаллитлараро, танлама ва бошқа турларга бўлинади.
Металлнинг муҳит билан ўзаро таъсирлашиши характерига кўра ток ўтказмайдиган муҳитларда (газ, нефть ва ҳоказо) кечадиган кимёвий коррозия ҳамда электролитларнинг сувдаги эритмаларида (тузли, кислотали, ишқорли ва бошқалар) кечадиган электр-кимёвий коррозия бўлиши мумкин.
Коррозияловчи муҳитнинг турига кўра атмосфера, денгиз, ер ости коррозиялари фарқ қилинади.
Коррозияловчи муҳит таъсир қилиши билан бир вақтда металлга таъсир кўрсатадиган қўшимча таъсирларнинг характерига кўра - кучланиш таъсиридаги коррозия, ишқаланишдаги коррозия, ўзаро таъсирлашувдаги коррозия, фретипг-коррозия, ташқи ток таъсиридаги коррозия, радиокимёвий коррозия (радио- актив нурлар таъсирида), биокоррозня (микроорганизмлар ажратадиган маҳсуллар таъсирида) фарқ қилинади.
Коррозиядан емирилишнинг кўпроқ учрайдиган турлари 1.16-расмда кўрсатилган. Ўрни келганда шуни айтиб ўтиш керакки, коррозиядан емирилишнинг қайси тури энг хавфли деган саволга умумий жавоб бўлмагани каби, коррозиянинг умум томонидан қабул қилинган ягона таснифи ҳам йўқ.
Ҳозирги замон техникаси учун коррозиянинг энг хавфли турлари коррозиядан ёрилиш (1- расм, «з»), кристаллараро коррозия (1. расм, «б»), доғли коррозиядир (1.14-расм, «г»). Машиналар деталлари, цилиндрлар каллаклари, чиқариш коллекторлари, қувурлари, автомобиллар кузовлари, цилиндрлар гильзалари мос равишда коррозиянинг мазкур турларига дучор бўлади.
1.14-расм. Пўлатнинг коррозиядан емирилиш турлари: а-бир текис; б-нотекис; в-тузилиш танлама; г-доғлар кўринишидаги коррозия; д-ярасимон коррозия; з-нуқталар кўринишидаги коррозия; ж-кристаллараро; е-коррозиядан ёрилиш; и-сиртқи.
Коррозия тезлиги ёки даражасини баҳолаш учун бевосита ва билвосита кўрсаткичлардан фойдаланилади.
Бевосита кўрсаткичларга қуйидагилар киради: а) сирт бирлигига бўлинган массанинг ортиши ёки камайиши (вақтга бўлинган бу кўрсаткич коррозия тезлигини ифодалайди); б) коррозия чуқурлиги; в) сиртнинг коррозия маҳсуллари билан банд бўлган қисми; г) сирт бирлигидан ажралиб чиққан водороднинг ёки ютилган кислороднинг ҳажми; е) коррозиянинг биринчи манбаи пайдо бўлгунча ўтадиган вақт; ж) коррозион дарз пайдо бўлгунча ёки жисм батамом смирилгунча ўтадиган вақт; з) коррозия қиймати.
Металлар емирилишига қарши кураш чораларини учта асосий омилга ажратиш мумкин:
1. Металлга таъсир кўрсатиш (легирлаш, термик ишлов бериш, турли хил қопламалар ва мойларни қўллаш).
2. Муҳитга таъсир кўрсатиш. Инерт ёки ҳимояловчи газлардан фойдаланиш, шунингдек, ҳаволи махсус адсорбенглар билан қуритиш.
Лойиҳага (машина конструкциясига) таъсир кўрсатиш. Бунда ашёлар ва қистирмаларни танлаш йўли билан ўзаро таъсир емирилишининг олдини олиш; деталлар кесимларининг қўшилиб кетишини таъминлаш; болт ёрдамида бириктиришга нисбатан пайвандлаб бириктиришни кўпроқ қўллаш; машиналарии ишлатиш ҳамда таъмирлаш жараёнида турли қопламаларни пишириб ёпиштириш ва тиклаш имкониятини таъминлаш зарур.
Транспорт воситалари юксак даражада сақланишини (айниқса ишламаётган даврда ва куз-қишда) таъминлайдиган тадбирлар қуйидагилардан иборат: қаттиқ қопламали махсус хоналар ҳамда майдончалар тайёрлаш, турли тагликлар ва остқўймалардан фойдаланиш, деталларни технологик ифлосликлар ва тупроқдан тозалаш, бўялмайдиган иш сиртлари ва бошқа сиртларга ҳимояловчи мойлар (НГ-203, НГ-204, ЦИАТИМ-202, СХК, ва бошқалар) суртиб қўйиш, кўчган лак-буёқ қопламаларини ўз вақтида тиклаш, машиналарнинг электр жиҳозлари, резина деталлари, асбоблари, иш органларини ёпиқ хоналарда сақлаш ва ҳоказо.
Транспорт техникасининг деталлари юкланиш ва тезликлар (физик омиллар), кислотали ёки ишқорли муҳитлар (кимёвий майдонлар) таъсирида ҳамда физик ва кимёвий майдонлар биргаликда таъсир кўрсатиши оқибатида шикастланади ва емирилади. Кўп холларда биргина деталь ёки туташманинг ўзига бир йўла бир нечта омиллар таъсир кўрсатади, аммо улардан фақат биттасигина асосий омил бўлиб ҳисобланади
Деталлар ўлчамлари ва шаклининг ейилиши оқибатида ўзгариши уларнинг механнзмда ишлашига турлича таъсир кўрсатади. Айрим ҳолларда, масалан, деталь машина ёки қуролнинг иш органи бўлганда, бу ўзгаришлар деталларнинг иш сифатини ёмонлаштириши ва ейилишини тезлаштириши мумкин. Агар деталь узатиш механизмининг иш бўғини бўлса, у ҳолда тирқишларнинг катталашуви мазкур бўғиннинг механизмда жойлашиш аниқлигига таъсир қилади, бу эса иш сифатининг ёмонлашувига, туташ деталларнинг, баъзан эса бутун механизмнинг жадал ва хатто фалокатли даражада ейилишига олиб келади. Бу ҳолда узатиш бўғинларида ишқаланишга энергия исрофи кўпаяди, иш ашёларининг сарфи ортади, машинанинг иқтисодий ва агротехника кўрсаткичлари пасаяди.
Юқорида баён этилган масалалар қишлоқ хўжалиги учун ва айниқса пахтачиликка мўлжалланган машиналар учун ўта муҳим аҳамият касб этади, чунки пахтачиликда ишлатиладиган машиналарнинг деталлари, одатда. абразивдан ейилади, юқори ҳарорат шароитида ишлайди ва чидамлилиги пасаяди.
Ҳозирги вақтда машинасозликда сирпаниш подшипникларининг аксарияти кулранг чўяндам тайёрланади. Чўян подшипниклар ишқаланувчи сиртларга ишлов беришни, аниқ ўрнатишни, узоқ вақт сийқалантиришни, яхшилаб ва узлуксиз мойлаб туришни талаб қилади. Подшипниклар ашёсининг микро- тузилиши муайян талабларни қаноатлантирмоғи лозим қишлоқ хўжалик машинасозлигида бу талаблар ҳаммавақт ҳам қаноатлантирилавермайди. Бунинг устига ишқаланувчи узелларга тез- тез чанг тушишини ҳам инобатга оладигaн бўлсак, нисбатан енгил иш шароитларида ҳам подшипниклар ва валлар бўйинлари нима учун жадал ейилишини тушуниш қийии эмас.
Ишқаланувчи узелларини тез-тез мойлаб туриш зарурлиги қишлоқ хўжалик машиналаридан фойдаланишни мураккаблаштиради, чунки иш жараёнида ҳаммавақт ҳам буни амалга оширишнинг имкони бўлмайди, баъзи узеллар эса мойлаш учун ноқулай жойлашган бўлади
Сиртларнинг абразив муҳитда ишқаланиши масаласи энг долзарб, аммо кам ўрганилган масалалар жумласига киради. Ишқаланувчи сиртлар ўзаро таъсирлашганда уларда қаттиқ зарралар сирпаниб ва ботиб кириб, сиртлардан металлар микро- ҳажмини қирқиб олиши абразивдан ейилишга сабаб бўлади. Сиртлар ўзаро таъсирлашувининг бу туридаги ишқаланиш кучлари ботиб кирган зарралар сирпанишига, эзилишига ва микроқириндиларни қирқиб туширишига бўладиган қаршилик билан аниқланади. 1.15-расмда деталларнинг заррача (абразив) таъсирида ейилиш схемаси кўрсатилган.
1.15-расм. Деталларнинг заррача (абразив) таъсирида ейилиш схемаси.
Абразивдан ейилишда ишқаланиш коэффициенти абразив зарраларнинг ўлчамлари ва шаклига ҳамда абразивлар ва ишқаланувчи сиртлар метали механиқ хоссаларининг нисбатига боғлиқ бўлиб, жуда кенг доираларда ўзгариши мумкин. Ейилиш жадаллиги абразивлар ҳамда металл сиртларнинг ўлчамлари, шакли ва хоссаларига боғлиқ. Агар бунда абразив зарраларнинг сирпаниш ва туташ сиртларни деформациялаш жараёни устун бўлса, у ҳолда металлнинг ҳаво кислороди билан ўзаро таъсирлашувидан келиб чиқадиган ҳодиса (оксидланиш) ҳамда муҳитнинг намлигн ва кимёвий таркиби катта аҳамият касб этади. Машина деталларининг абразивдан ейилиш жадаллиги мк/соат доирасидаги катталиклар билан ифодаланади [24; 33].
Абразивдан ейилиш машиналар деталлари ейилишининг энг кенг тарқалган туридир. Абразивдан ейилишда деталларнинг ишқаланувчи сиртлари ўлчамларининг аста-секин ўзгариши унинг сиртига уринадиган қаттиқ зарраларнинг қирқиши ёки тирнаши таъсирида юз беради.
Абразивдан ейилишда сиртқи қатламларнинг қайишқоқ деформацияланиш чуқурлиги ва қирқилиб чиқадиган зарралар ўлчамлари абразив ашёнинг турига, қаттиқ зарраларнинг ўлчамларига, ишқаланиш тартиботига (тезлик, меъёридаги босимга) ҳамда ишқаланувчи сиртлар металлининг механиқ хоссаларига боғлиқ.
Профессор М. М Хрушчов ва М. А. Бабичевларнинг ўтказган тадқиқотлари натижалари абразивдан ейилишнинг моҳиятини ўрганиш нуқтаи назаридан катта ахамият касб этиб, ейилишнинг ана шу тури металларни қирқиш жараёни билан тўғридан-тўғри боғлиқлигини кўрсатади.
Абразивдан ейилиш ишқаланувчи сиртларига абразив зарралар ташқаридан тушадиган ёки ишқаланувчи материаллардан бирида (чўянда) ишқаланиш натижасида абразив зарралар ажралиши натижасида ҳам юз беради.
Ишқаланишдаги абразив зарраларни фақат шартли равишда эркин деб ҳисоблаш мумкин, чунки ишқаланувчи туташма ишлаётганида эркин абразив зарралар ишқаланувчи сиртлардан бирининг металлида қадалиб қолади ва ана шундай шароитдагина ейилтиришда фаол қатнашади.
Абразивдан ейилишда қайишқоқ деформация катта бўлишининг сабаби туртиб чиққан қисмлари унча баланд бўлмаган ва тўмтоқ учли абразив зарралар ишқаланувчи сиртларни қирқмайди, балки улар бўйлаб катта куч билан сирпаниб металлнинг сиртқи қатламларини қайишқоқ деформациялайди. Сиртдан кўпроқ чиқиб турган ўткирроқ абразив зарралар ҳам хар бир қиринди йўниш даври олдидан ишқаланувчи сирт бўйлаб сирпаниб ўтади. Ишқаланишда тангенциал ва меъёридаги кучлар биргаликда таъсир қилиши натижасида юзага келган зўриқиш ейилаётган металлнинг мустаҳкамлигидан ортиб кетган пайтда абразив зарра қадалади ва қиринди йўнади. Қадалиш оқибатида ишқаланувчи сиртларнинг микрорельефи ўзгаради.
Абразивдан ейилишда абразив эркин зарраларининг ҳамма- ёқлари деталларга тегади. Бундан ташқари, улар сирпанганда ҳам деталлар сиртини деформациялаши ва емириши мумкин.
Равшанки, абразив зарралар сони кўп бўлганда уларнинг йирикларигина ейилаётган сиртлар билан ўзаро таъсирлашади. Ейилиш жадаллиги абразив зарранинг сирт бўйлаб думалаши ёки сирпанишига боғлиқ бўлади.
Манбалардан [7; 24] маълумки, абразивнинг анчагина қисми ҳаракатнинг бошланғич пайтида сирт билан ўзаро таъсирлашувдан чиқади ва ҳаракат жараёнида металлни калта масофада тирнайди. Тирналишларнинг кўриниши зарралар сирпанишдан ташқари, бурилиши ва думалашини ҳам кўрсатади.
Металлнинг абразив зарралар таъсирида сайқалланиши содир бўладиган шароит қадалган зарра сирпанганида унга таъсир қилувчи кучлар моментларининг тенг эмаслиги билан ифодаланади.
Абразивдан ейилган металл намуналари сиртини синчиклаб ўрганиш айрим тирналишларнинг чуқурлиги ҳар хил эканлигини кўрсатади, чунки ҳаракат жараёнида йўнилиб чиқаётган металл зарралари абразив зарра сиртидаги микроўйиқларни тўлдиради. Шунингдек, абразив зарралар сиртидаги ўткир қирралари ва чиқиқлари синади, уваланади, натижада улар силлиқроқ бўлиб қолади, қадалган зарранинг ҳаракатланишига қаршилик ортади, оқибатда заррача юзага чиқади ёки бурилади.
Манбалардан [7; 2:4] маълумки, чангда майда зарралар қанча кўп бўлса, улар деталларнинг ишқаланувчи сиртларнга шунча кўп киради ва улар қанча қаттиқ бўлса. деталларнинг ейилишига шунча кучли таъсир қилади. Кварц зарралари, шунингдек, чангда кам миқдорда бўладиган алюминий ва темир оксидлар зарралари энг қаттиқ ҳисобланади.
Шу сабабли чигит экиш ва уни культивация қилиш чоғида ҳаводаги чанг миқдорини аниқлаш, шунингдек, чангнинг дисперс таркибини таҳлил қилиш катта аҳамиятга эга. Пахта етиштиришдаги асосий механизациялаштирилган ишлар бажарилаётганда ҳаводаги чанг миқдори 0,60—3,45 г/м3 атрофида бўлади [33].
Do'stlaringiz bilan baham: |