Иш юритишни тугатиш тартиби ва оқибатлари. Иш юритишни тугатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Суд ажримда иш юритишни тугатиш асосларини кўрсатади, шунингдек суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш ва қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда давлат божини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилади.
Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.
Маъмурий ҳужжатнинг амал қилиши:
агар маъмурий ҳужжат муддатли хусусиятга эга бўлса, маъмурий ҳужжатнинг амал қилиш муддати ўтиши;
маъмурий ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш билан боғлиқ шартнинг юзага келиши;
маъмурий ҳужжатнинг бекор қилиниши;
тартибга солиш предметининг барҳам топиши муносабати билан тугатилади.
Маъмурий ҳужжатнинг амал қилишини тугатиш унинг асосида берилган ҳужжатлар амал қилишининг тугатилишига олиб келади.
Хулоса
Юқоридагилардан келиб чиқиб, маъмурий суд ҳужжатларини ижро борасида амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича қуйидаги таклифлар илгари сурилади:
Биринчидан, амалдаги қонунчиликда маъмурий суд ҳужжатларини оқилона муддатда кўриб чиқиш принципи ўз аксини топмаган. Хорижий мамлакатлар (Германия, Россия ва бошқалар) тажрибаси ва суд ҳужжатларини ижро этиш муддатини юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш нуқтаи назардан маъмурий суд ҳужжатларини оқилона муддатда ижро этилиши принципини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига киритиш мақсадга мувофиқдир.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига маъмурий суд ҳужжатларини киритиш мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига Маъмурий суд ҳужжатлари ижросини кечиктириш ва ўзгартириш тартибини алоҳида модда сифатида киритиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунида мазкур тартиб ўз ифодасини топган бўлсада, иш суд аралашуви билан амалга ошишини ҳисобга олиб Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига киритиш мақсадга мувофиқ.
Ўз навбатида хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Биринчидан, хорижий мамлакатларда маъмурий суд иш юритувига оид махсус қонунчилигида ижро ҳужжатлари рўйхати кўрсатиб ўтилади;
Иккинчидан, маъмурий суд ҳужжатларини ижро этишга оид бошқа қонун ҳужжатдарининг номи ҳам аниқ белгилаб ўтилади;
Учинчидан, давлат органларининг суд ҳужжатларини ижро этиш борасидаги мажбуриятлари белгиланган;
Тўртинчидан, маъмурий суд ҳужжатларини ижро муддатлари аниқ белгилаб берилади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини таҳлил қиладиган бўлсак, маъмурий суд иш юритувига хос бўлган бирорта норма мавжуд эмас. Деярли барча нормалар бошқа суд процесс (фуқаролик, иқтисодий)ларига ўхшашдир. Жумладан, қуйидаги жадвалда мазкур ҳолатни кузатиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, Ижро ишини юритиш тўғрисидаги кодекси қабул қилиниши ва хорижий мамлакатлар тажрибасида келиб чиқиб, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 4-бўлими (суд ҳужжатларини ижро этиш)ни қайта кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Маъмурий ҳуқуқ: Дарслик / Х.Т. Одилқориев, И.Исмаилов, Н.Т. Исмаилов ва бошқ.; проф. Х.Т. Одилқориев ва Б.Э.Қосимовнинг умумий таҳрири остида. – Т.: Ўзбэкистон Республикаси ИИВ Акадэмияси, 2010. – 640 б
2. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т.: “Ўзбекистон”, 2017. 76 б.
3. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси.
4. http://www.lex.uz
5. http://www.gov.uz
Do'stlaringiz bilan baham: |