2. Кучли ижтимоий сиёсат концепцияси. Барча ислоҳотларнинг туб мақсади инсоннинг ижтимоий турмушини яхшилашга қаратилгандир. Ўзбекистон тараққиётидаги ўзига хос йўлнинг асосий тамойилларидан бири кафолатланган ижтимоий сиёсатни амалга оширишдан иборатдир. Унинг моҳияти жамиятда кам таъминланган, боқувчиси йўқ, кўп болали оилаларни, ногирон ва қарияларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жамият аъзоларининг ўта бойлар ва камбағалларга табақаланиб кетишининг олдини олишга қаратилган. 1994 йилни октябридан бошлаб давлат томонидан бола боқувчи оналарга, 16 ёшгача болалари бор, кам таъминланган оилаларга нафақа жорий этилди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида аҳоли турмуш даражасини барқарорлаштиришга қаратилган зарурий чора-тадбирларнинг дастури ишлаб чиқилди ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Бу тадбирларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан 1999 йил давлат бюджетини шакллантиришда объектив сабабларга кўра юз берган айрим қийинчиликларга қарамасдан, маъмурий ва бошқарув органлари тизимида ўтказилган қисқартиришлар ҳисобига ижтимоий соҳаларга ажратиладиган маблағларнинг камайишига йўл қўйилмади.
1998 йил охиридаги ҳисобга кўра мамлакатда 3 млн. 252 мингдан ортиқ киши пенсия ва нафақалар олди ва бу мақсад учун 75 млдр. 541 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди. Шундан фақат икки ёшгача боласи бор оналарга 10 млрд. 448 млн. сўм нафақа берилди.
Кам таъминланган аҳоли қатламлари нафақа ва моддий ёрдамдан ташқари турли хил имтиёзлардан кенг фойдаланади. Жумладан, жамоат транспортида текин, арзон ҳақ тўлаб юриш, турар жой ва коммунал хизматлари учун ҳақ тўлашда, дори-дармонларни бепул ёки арзон нарҳда олиш ва бошқа бир қанча енгилликлар берилган. Булардан ташқари мустақиллик йилларида халқ таълими, ўрта махсус ва олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларига, тиббий ходимларга электр энергия, газ ва коммунал хизматларидан фойдаланишда қатор имтиёзлар берилди.
Бозор муносабатига ўтиш жараёнида аҳоли даромадининг моҳияти янгиланмоқда. Уларнинг манбалари ўзгармоқда. Маош билан ўлчанган иш ҳақидан ташқари тадбиркорлик даромади, акциядорлик дивиденди, мулкдан келган даромад, томорқа маҳсулотларини сотишдан олинадиган тушум шаклларида бозор даромадлари пайдо бўлди.
Аҳоли даромадларини бозорга боғлиқ манбаларининг йилдан-йилга ўсиб бориши муносабати билан иш ҳақининг салмоғи пасайиб бормоқда. Масалан, 1992 йили иш ҳақи аҳоли даромадининг 57% ни ташкил қилса, 1995 йилда эса-44,2% ни ташкил қилди. 1997 йили аҳоли барча даромадларининг қарийиб чорак қисми тадбиркорлик фаолиятидан тушди.
Бозор иқтисоди шароитида аниқ йўналтирилган ижтимоий сиёсат амалга оширилмоқда. 1994 йили энг кам маош 150 сўм бўлса, 2004 йили бу кўрсаткич 6400 сўмни ташкил қилди. Айни бир вақтда нарх-навонинг ошиб кетмаслиги чоралари кўрилмоқда. 1995 йили кам таъминланган оилаларга 6 млрд. сўм тўланди.
1998 йили 10 ноябрда соғлиқни сақлашни ислоҳат қилиш тўғрисида Президент фармони чиқди. Давлат соғлиқни сақлаш муассасалари билан бир қаторда нодавлат, шахсий тиббиёт муассасалари ривожланмоқда. 1991-2001 йилларда 19,5 минг ўринли шифохоналар ишга туширилиб, 2001 йили 1500га етди. Бундан ташқари жами 5700 нодавлат шахсий тиббиёт муассасалари ишланмоқда. 2001 йил март ойидан 1-шаҳар клиник шифохонаси Республика илмий марказга айлантирилди. Кардиология, хирургия, Офталмология, онкология республика марказлари ташкил этилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |