7.2- расм. Марказдан қочирма консол насослар:
а — қуввати 10 кВт гача бўлган, б — қуввати 10 кВт дан ортиқ булган;
I— қопқоқ, 2— қобиқ, 3— зичловчи ҳалқа, 4— ишчи ғилдирак, 5— гайка,
6— салник зичлама, 7— ҳимоя ҳалқаси. 8— салник қопқоги, 9— ўқ,
10— таянч, 11—подшипник қопқоғи, 12—муфта, 13—подшипник,
14—канал, 15— фонуссимон ҳалқа.
Консол туридаги насослар ҳарорати 85°С гача бўлган сувни ҳайдаш учун мўлжалланган. Ҳарорати 105°С гача бўлган суюқликларни ҳайдашга мўлжалланган насослар ҳам мавжуд.
Тузатиш учун насос демонтаж қилиниб, буткул (ёки қисман) қисмларга ажратилади ҳамда насоснинг йиғиш бирликлари ва унсурларининг бузуқликлари аниқланади. Созлаш ишлари таъмирлар орасида фойдаланиш муддатини (аварияли вазиятлардан ташқари) ҳисобга олган ҳолда тузилган график асосида олиб борилади.
Насос 5... 10 минг соат ишлагандан кейин бажариладиган капитал таъмирлаш вақтида у бутунлай қисмларга ажратилади. Бунинг учун дастлаб қувурлар насоснинг сўриш ва босим қувурларидан ажратилади. Муфталарнинг ҳимоя кожухи олинади ва муфта насосни электрюритгичдан ажратиб қисмларга бўлинади, сўнгра насос пойдевор плитадан ечилади. Насос қопқоғи 1 ни маҳкамлаб турувчи гайкалар бураб чиқарилади, сўнгра қопқоқ олинади. Муфта 13 валнинг учидан винтли съёмникдан фойдаланилиб чиқариб олинади. Муфтани съёмник ёрдамида олиш имкони бўлмаган ҳолларда, у газ алангали горелка ёки кавшарлаш лампаси билан камида 200 ... 250°С ҳароратгача қиздирилиб, сўнг муфта чиқариб олинади. Кейин махсус ён калит билан ишчи ғилдираги 4 ни маҳкамлаб турувчи гайка 6 бураб чиқарилади ва ғилдирак олинади. Салник қопқоғи 8 бўшатилади. Насос қобиғи 2 ни таянч стойка 10 га маҳкамлаш шпилькаларидан гайкалар олинади ва қобиқ чиқариб олинади. Сўнгра подшипниклар қопқоғи 11 олинади ҳамда насоснинг вали 9 подшипниклар 13 билан бирга чиқариб олинади ва подшипниклар олинади. Подшипникларни олишда уларни 80 ... 100°С гача қиздирилган минерал мой билан иситиш мумкин. Иситиш вақтида мойнинг кўп қисми валга эмас, балки подшипникнинг ички ҳалқасига тушиши кузатиб турилади. Насос унсурлари ва йиғиш бирликларини қисмларга ажратишда зубило, пўлат фоналардан фойдаланиш қатъий тақиқланади.
Насос унсурларининг шикастланииш ишчи ғилдираги ва бошқа унсурларнинг ейилиши: ташқи унсурлар, қопқоқ, корпус, насоснинг таянч кронштейнида дарзлар, чуқур кириб борувчи коррозия, синган жойлар тарзида намоён бўлади. Бундай ҳолларда бу унсурлар алмаштирилиши лозим.
Салник зичлама ейилганда эски салник зичлама олиб ташланади ва зичланадиган жой янги материал билан тўлдирилади. Агар ишчи суюқлик сизишини зичламани алмаштириш йўли билан бартараф этиб бўлмаса, унда алмаштирилувчи ҳимоя втулкаси 7 алмаштирилади. Ҳимоя втулкаси 7 салник зичлама 6 насос ўқи 9 га зич жойлашиши лозим. Втулка бўш жойлашганда салник зичламадан ишчи суюқлиги оқа бошлайди. Зичлаш ҳалқаси 3 ни алмаштиришда ҳалқа билан ишчи ғилдирагининг зичловчи белбоғи орасидаги тирқишга эътибор берилади. У 0,3... 0,5 мм дан ошмаслиги лозим, акс ҳолда насос паспортида келтирилган тавсияларга мувофиқ ишламайди, чунки суюқликни юқори босим бўшлиғидан паст босимли сўриш қувури бўшлиғига кўп оқиб ўтади. Бу тирқишни алмаштирилувчи зичлаш ҳалқасининг ички диаметри ва иш ғилдирагидаги зичлаш белбоғининг ташқи диаметрини ўлчаш ёки туширилган изга қараб аниқлаш мумкин.
Насос тавсифини олиш ва синаш учун буткул йиғилган насос агрегати стендга (7.3-расм) жўнатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |