Наршахий. «Бухоро тарихи»
Бу асар «Китоб-ул-ансоб» мажмуасининг муаллифи Самъоний далолат беришига қараганда, тарихчи Наршахий қаламига мансубдир. Наршахий Бухоро вилоятида Наршах қишлоғида туғилган. Унинг тўла исми Абу Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик (899-960 йй) дир. Гап шундаки, араб тилида ёзилган бу асарнинг асл нусхаси бизгача етиб келмаган ёки ҳозирча топилгани йўқ. Бизгача етиб келган «Бухоро тарихи» сўз бошисида ёзилишича, китобни 1128 йили араб тилидан қувалик Абу Наср Ахмад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Қубовий ўз дўстлари таклифига биноан форс тилига таржима қилган. Қубовийнинг ёзишича, у таржима жараёнида китобдаги ортиқча тасвир ва кераксиз жойларни қисқартирган, аммо асл моҳияти ва мазмунини қолдириб, кейинги тарихий воқеалар баёнини ўзидан қўшган. Китобнинг 1939 йилда Теҳронда нашр этилган нусхасидан кўринадики, «Бухоро тарихи»га кейинроқ ҳам бошқа муаллифлар томонидан қўшимчалар киритилган. Бу ҳақда эронлик олим Муҳаммад Тоқи Баҳор ўзининг 1958 йили Теҳронда нашр этилган «Малик уш-шуаро» китобида гувоҳлик беради.
Тарихий нуқтаи назардан, таржимон Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Қубовий бундай хабар қилади: Наршахий асарининг дўстлари таклифига биноан араб тилидан форсчага таржима қилинишининг сабаби, асарни кўпчилик ўқиб тушуниши-га қулай бўлиши; қизиқарли бўлмаган уринлар, ортиқча арабча ўхшатишлар ва жимжимадор ифодаларни қисқартириб, китобнинг оммабоп бўлиши учундир. Иккинчи таржимон Муҳаммад ибн Зуфар ибн Умар эса 1178-1179 йилларда «Бухоро тарихи» ни форс тожик тилига таржима қилганда, уии янада қисқартирди ва яна қайта кўчириш, кўпайтириш учун тайёрлади. Китобнинг бу таржима нусхасини ўқир эканмиз, 1178-1179 йилда юз берган тарихий воқеалардангина эмас, 1220 йилгача бўлган воқеалардан ҳам хабардор бўламиз. Гап шундаки, тарихчи О.А.Сухарева Эрон олими Муҳаммад Тоқи Баҳорларнинг маълумотларига қараганда «Бухоро тарихи» биз юқорида тилга олганимиздан бошқа кўп кишилар томонидан қисқартирилган, қўшимча киритилган ва изоҳланган. Шунга қарамасдан, ҳамма таржимон ва шарҳчилар китобнинг асл муаллифи Наршахий эканлигини бир овоздан тасдиқлайдилар.
Бу асарнинг номи ҳақида бир неча сўз. Ўз асарига Наршахий қандай ном бергани ҳақида маълумот йўқ. Шунинг учун унинг номи турли юрт тарихшунослик адабиётларида турли шаклларда ишлатилади: «Тарихи Наршахий», «Наршахий тарихи», «Тарихи Бухоро», «Таҳқиқ ул-вилоят» («Вилоят ҳақиқатини аниқлаш»), «Ахбори Бухоро» («Бухоро ҳақида хабарлар») ва ҳоказо.
Шунга қарамай, у ҳозирги тарих фанида «Тарихи Бухоро» бў-либ қатъий ўрин олди. VIII-XII аср Бухоро давлати тарихига оид тарихшунослик асосан «Бухоро тарихи» китобидан олинганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу асарга бўлган катта қизиқиш унинг жаҳон халқлари тилларига кўп марта таржима қилинишига ва кетма-кет нашр этилишига сабаб бўлди. Масалан, француз шарқшуноси Ч. Шефер 1892 йили Парижда «Бухоро тарихи»ни нашр этди. Бу асарни Самарканд уездининг собиқ бошлиғи, полковник Н.Ликошин рус тилига таржима қилиб, 1897 йили Тошкентда, ўзбек маърифатчиси Мулла Султон сўзбоши билан 1904 йили Бухорода, Эрон олими Мударис Ризавий 1939 йили Теҳронда, Англия шарқшуноси Р. Фрай 1954 йили Кембрижда нашр этган. Ниҳоят, 1966 йили ўзбек тилида Содиқ Мирзаев таржимасида Тошкентда нашр этилди.
Шундай қилиб, асл муаллиф Муҳаммад ибн Жаъфар, унинг таржимони ва давомчиси Аҳмад ибн Муҳаммад, шунингдек, кейинги мутаржим ва шарҳловчи Муҳаммад ибн Зуфар «Бухоро тарихи»да VIII-XII асрларда юз берган тарихий воқеаларни баён қиларкан, мусулмон тарихшунослиги нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ислом асослари ва фиқҳни ҳимоя қиладилар. Шу туфайли халқнинг аҳволи ва араб босқинчиларига қарши ҳаракат (масалан, Муқанна бошчилигидаги халқ ҳаракати) қораланади. Ҳукмрон синфларнинг унга қарши ҳаракати маъқулланади. Аммо шунга қарамай, XII-XIIl аср тарихий воқеаларининг ҳолисона баёни уни қимматли манба даражасига кутаради. Бусиз Ўрта Осиё халқларининг араблар ҳукмронлиги давридаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий аҳволига, кенг халқ оммасининг босқинчиларга қарши қурашига баҳо бериш мушкул. «Бухоро тарихи»нинг ҳозирги тарихшунослик учун қимматли манба эканлиги шубҳасиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |