Хўжаликнинг умумий таърифи. Андижон вилоятида макроиқтисодиётнинг барча тармоқлари ривожланиб бормоқда. Ялпи ички маҳсулот ўртача йилига 3-5 фоиз кўпаймоқда. Саноат ишлаб чиқаришининг ўсиш суръатлари бўйича эса ушбу вилоят Республикада энг олдинда: мустақиллик йилларида мазкур тармоқ маҳсулоти яқин 5 мартага ортган.
Таъкидлаш жоизки, бу ерда қишлоқ хўжалиги ҳам илдам ривожланиб бормоқда. Вилоят бу борада 1991 йил даражасидан 1996 йилдаёқ ўзиб кетиб, ҳозирда барқарор ўсиш кўрсаткичига эга. Ҳатто Республикамиз учун обҳаво шартлари ноқулай келган 2000 йилда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш 108,8 фоизга ўсган.
Мустақиллик йилларида Андижон вилояти мамлакатимизга биринчи ўзбек автомобилини, пахтачиликда янги «Андижон усулини» берди. Бу ерда хўжаликнинг бошқа тармоқлари ҳам яхши кўрсаткичларга эга. Масалан, 2000 йилда капитал қурилиш (маблағ) 127 фоизга, пуллик хизмат ҳажми 140,5, шу жумладан, маиший хизмат кўрсатиш 120,7 ва чакана савдо обороти 108,8 фоизга ошган.
Ҳозирги кунда вилоятда 40 га яқин қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Улар жумласига, Асакадаги «УзДЭУавто» корхонасидан ташқари, Ўзбекистон-Америка «Антри» (трикотаж маҳсулотлари), Хонобод шаҳридаги «Хон-Бугдо» Ўзбек-Хитой (макарон маҳсулотлари), «Эталон-Плюс» Ўзбек-қирғизистон, Андижондаги олмос асбобларини ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон–Италия, Шаҳрихондаги кабел, Куйганёр шаҳарчасидаги маъданли сувлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар мавжуд. Шунингдек, Хонободда «УзКоджи» (енгил автомобиллар учун электр асбоблари), Андижонда трикотаж ва тикув маҳсулотлари берувчи «РамзДзинДу», ЎзбекХитой ва «Полипропилен» қўшма корхоналари ҳам қурилган. Барча қК вилоят саноат маҳсулотининг 63,4 фоизини ва экспортнинг асосий қисмини ташкил қилади. 2001 йилда Шаҳрихондаги «Антекс» корхонаси ҳам четга маҳсулот чиқара бошлади.
Кўриниб турибдики, вилоятда бозор ислоҳотлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Саноат маҳсулотининг 95,6 фоизи, қишлоқ хўжалигида эса деярли барча маҳсулот давлат тасарруфида бўлмаган корхона ва хўжаликларда яратилади.
Саноати. Андижон вилоятида 150 асосий саноат корхонаси бор. Улар Республиканинг 1/10 га яқин, иқтисодий районнинг 1/3 саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришади. Жумладан, вилоят Ўзбекистоннинг 100 фоиз енгил автомобилларини, 10,5 фоиз енгил саноат маҳсулотини беради. Бу ерда электротехника машинасозлиги, ипгазлама ишлаб чиқариш ҳам мамлакат аҳамиятига эга.
Мазкур вилоят Ўзбекистон Республикасининг 100 фоиз электр двигателларини, 10 фоизга яқин пайпоқ маҳсулотлари ва ип газламасини, деярли 1/3 трикотаж, 17 фоиз пойафзал, 15 фоиз тикув маҳсулотлари, 10 фоиздан ортиқроқ ўсимлик ёғини ишлаб чиқаради (2000 й.).
Вилоят саноати мажмуасида маҳсулот қиймати бўйича машинасозлик ва метални қайта ишлаш (53,3 фоиз), енгил саноат (17,8 фоиз) ҳамда ункрупа, омухта ем ишлаб чиқариш етакчилик қилади. Бу ҳақда 28жадвал аниқ маълумотларни беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |