Ширалар (Aphidinae) тенг қанотлилар (Homoptera) туркумига мансуб кенжа туркумлардан бири. Тўлиқсиз ўзгаришли ривожланади.
Ширалар танаси нозик (юмшоқ), кўпинча овал кўринишда, баъзан шар ва, ҳатто, цилиндрсимон, сийрак ёки зичроқ туклар, баъзан оқ ғубор ёки безлар ишлаб чиқарган оқ мумсимон момиқ билан қопланган. Ранги яшил, сарғиш ёки тўқ яшил, қорамтир ва қора бўлиши мумкин. Буртлари 6 бўғимли, турларига қараб бўғимлар сони камроқ ҳам бўлади. Личинка буртлари бўғими сони етук формаларникига нисбатан оз. Буртларнинг биринчи икки бўғими қисқароқ ва йўғонроқ. Буртларда ринарийлар деб аталувчи органлар бор. Уларнинг форма ва ўрнашиш тартиблари ҳар хил. Ширалар туғилишидаёқ пайдо бўлган бошланғич ёки доимий ринарийлардан бири сўнгги бўғимнинг чўққиси ўрнашган жойида, иккинчиси бўлса, ундан олдинги бўғимда бўлиб, ҳашаротнинг умри бўйича сақланиб қолади. Охирги туллашдан сўнг қанотли формалари буртларида доимо, қанотсизларникида бўлса, баъзан, иккиламчи ринарийлар пайдо бўлади. Ринарийлар юмалоқ, овал ёки гардишсимон бўлиши мумкин.
Ширалар хартуми чўзиқ пастки лабдан иборат бўлиб, уч бўғимлидир. Биринчи бўғими жуда қисқа, иккинчиси энг узуни. Кўкрак қисми олдинги — ўрта ва орқа кўкракдан иборат. Урта кўкрак энг каттаси бўлиб, қанотларида орқа кўкрак билан туташиб кетган.
Қаноти нозик, пардасимон, одатда тиниқ, баъзан тутун рангли. Олдинги қанотларида узунасига кетган иккита: косталь ва субкосталь томирлар бор. Бу томирлар қанотнинг уч қисмида кул рангли «кўзча» ҳосил қилади. Субкосталь томиридан қиялаб тўртта томирчалар чиққан. Тўртинчи томирча кўзчадан бошланади ва дугасимон илинган ҳолда қанот учи томон йўналади. Орқа қанотларида биттадан узунасига кетган радиал томир бор, ундан иккита қия томирлар чиқади, баъзан, улар тараққий этмайди.
Оёқлари туклар билан қопланган. Урғочилари орқа оёқлар болдирида ринарийларни эслатувчи рангли юмалоқ майда тешикчалар бор. Шираларнинг панжалари одатда икки бўғимли, улардан биринчиси бир бўғимлидир.
Қоринчаси 9 бўғимдан ташкил топган бўлиб, кўпчилиги бир- бирндан аниқ ажралмайди. Биринчи етти сегментлари ёнбошида бир жуфтдан стигмалари — нафас олиш тешиклари бор. Кўпчилик тур шираларнинг олтинчи сегменти юқори томонида турли катта-кичикликда ва формада «шира бўртмалари» ёки «шира найчалари» бор. Улар ҳавода тез қотиб қоладиган суюқ елимсимон модда ажратади. Шира найчалари турли бўйли; кўриниши цилиндр, шиш, гумбазсимон ва бошқача бўлиши мумкин. Урғочи жинсий тешиги қоринчанинг 8 ва 9 бўғимлари оралиғига жойлашган. Аналь тешиги думча остида жойлашган кўндаланг ёриқча формададир. У орқали ширанинг «шарбат-шудринг» деб аталувчи ёпишқоқ, суюқ чиқиндиси чиқариб ташланади. Бу чиқинди таркибида шира томонидан ҳазм қилиб улгурилмаган қанд мод- даси бор. Мана шу чиқинди ўсимликни ифлослантиради.
Кўпчилик тур ширалар етук даврида тўрт хил формада: тирик туғувчи қанотсиз, тирик туғувчи қанотли, тухум қўювчи қанотсиз урғочи зотлар ва қанотли (аҳён-аҳёнда қанотсиз) эркак зотлар учрайди. Кўпроқ тирик туғувчи қанотсиз ва маъсум деб аталувчи урғочи зотлар учрайди. Баҳор — ёз вақтларида ширалар колония тўпламларининг кўпчилигини ташкил этувчи бундай формалар партеногенетик (уруғланмасдан) урчийди.
Мавсум давомида шираларда жинсий ва жинссиз урчиш бўғинлари навбатлашади. Жинсий бўғинлар кузда вужудга келади ва уруғлантирилмаган тухумлар қўяди. Тухумлар қишлайди. Баҳорда улардан ширалар очиб чиқади. Бу тлялар катта ёшга етгандан сўнг келгуси бўғинлар учун асос бўлади, шунинг учун уларни асосчилар дейилади. Улар деярли қанотсиз бўлади ва жинссиз усулда қанотли ва қанотсиз зотлар туғади. Шулар жумласидан тирик туғувчи қанотлилари, одатда, кўп бўлмайди. Улар турнинг тарқалишини таъмин қилади, шу сабабли тар- қалишчилар деб аталади. Кузга бориб қанотли урғочи формалар кўи миқдорда пайдо бўлади, улар жинсий — эркак ва урғочи зотлар туғади ва жинслилар деб аталади.
Шундай қилиб, баҳор — ёз даврида шира колониялари нуқул жинссиз тирик туғувчи ва личинка зотлардан иборат бўлади ва фақат кузга бориб эркак ва тухум қўювчи урғочи зотлари юза- га келади.
Уруғлантирилган урғочи тухум қўяди. Тухумлар қишлайди. Улар ялтироқ —қора рангда, овал формали ва кўзга кўринади.
Ширалар етук даврига қадар тўрт қайта туллайди. Булар баҳорда 15—20 кунда, ёзда 4—8 кунда ривожланади. Охирги туллашдан сўнг ширалар тирик туға бошлайди.
Бўғинлар алмашишдан ташқари, ширалар бир тур ўсимликдан иккинчисига кўчиб ўтади. Улар учун дарахтлар, асосий ўтсимон ўсимликлар эса, кўпинча, ўткинчи хўжайин ролини ўйнайди. Асосий ўсимликларга қишловчи тухум қўяди ва уларда асосчиларнинг бир-икки бўғин зотлари яшайди ва фақат қанотли урғочи тарқалувчилар ўткинчи ўсимликларга учиб ўтади. Ниҳоят, бу ерда ёзги тирик туғувчи зотлар урчий бошлайди. Кузда қанотли жинслилар пайдо бўлади, улар яна асосий хўжайин ўсимликларга учиб ўтади ва у ерда эркак ҳамда урғочи зотлар туғади.
Кўпчилик тур ширалар бир тур ўсимлик билан овқатланади. Фақат нисбатан камчиликни ташкил этувчи тур ширалар кўпхўрлардир, лекин улар ҳам қандай бўлмасин бир тур ёки группа тур ўсимликларда овқатланади. Усимликлар баргида яширинсиз яшовчи ширалар ясси овал кўринишда. Ярим яширин, масалан, букилган барглар ичида яшовчиларнинг танаси бўртган, бутунлай яширин шароитларда (масалан, тупроқ ичида, илдизда) ҳаёт кечирувчиларининг танаси жуда бўртган бўлади. Улар танаси рангсиз, сариқ, оқиш ёки оч сариқ.
Шираларни характерлашда уларнинг қуйидаги биологик хусусиятлари катта аҳамиятга эга. 1. Бир уйли — ҳаёт кечириш циклини тамомила (шу тур шира ёки унинг формасини бир ёки кўпхўр бўлишидан қатъи назар) бир тур ўсимлик — хўжайинда ўтказувчи тур ёки турлича формадалиги. 2. Икки уйли — амфигон (икки жинсли) бўғини, қишловчи тухуми, асослантирувчиси ва унинг авлодлари бирламчи хўжайинида (доимо дарахт ўсимликларда), миграциядан кейинги бўғинлари эса иккиламчи хўжайинда (ўт, баъзан дарахт ўсимликда) ривожланувчи тур ёки формадалиги. 3. Тўлиқсиз циклли — амфигон бўғини ва у билан алоқадор бўлмиш қишловчи тухум ва асослантирувчиларини йўқотган ва фақат партеногенетик урчиган тур ёки кўпинча тур ичра формада эканлиги муҳим биологик белгиларидан ҳисоб- ланади.
Шираларнинг ҳаёт фаолиятига температура кучли таъсир этади.
Ширалар қанчалик наслдор бўлмасин уларнинг сони турли ташқи таъсирлар ва уларнинг паразитлари томонидан чегараланиб туради. Ширалар колониясидаги зотларнинг 90% и парда ҳанотлилардан бўлган афидиус ва афелинуслардан ҳалок бўлишлари мумкин. Ширалар билан бирга тез урчиб борувчи йиртқичлар айниқса катта аҳамиятга эга. Улар жуда кўп миқдорда кўпайиб, кўпинча шира колонияларини еб битиради. Тугмача қўнғизлар ва уларнинг личинкалари бир кунда ўзларининг оғирлигидан олти марта ортиқ шира ейди. Ииртқичлар қаторига, шунингдек, визилдоқ пашшалар ёки сирфйдлар (5—6 тур), лейкопис-пашша ва олтинкўзлар личинкалари ҳам киради.
Ширалар ўсимлик ширасини сўриб олиши натижасида тўқима жароҳатланади, нормал ўсиш издан чиқади. Улар ажратган чиқиндилар ўсимликнинг барг, мева ҳамда маҳсулотларини ифлослантиради, уларни пўпанаклар босади. Ширалар ўсимликларнинг касалликларини, айниқса вирус, замбуруғ ва бошқа касалликларни юқтиради.
Бу зараркунандаларнинг бир тури — филлоксера (Viteus vitifolii Fitch) токнинг муҳим зараркунандасидир. MДҲда, Молдавия, Украинанинг жануби, Қрим, Шимолий Кавказ ва Закавказьеда учрайди. Асли ватани Шимолий Америкадир. Зараркунанда ток илдизида шира сўриб, ўсимликни шикастлайди.
Шираларга қарши курашда қишлоқ хўжалик зараркунанда- ларига қарши кураш усулларининг ҳаммасидан фойдаланилади.
Шираларнинг ғўзага ўтишининг олдини олиш учун пахта майдонлари атрофидаги ёввойи ўтлар баҳордаёқ йўқотилиши керак. Чунки шираларнинг биринчи бўғини бегона ўтларда ривожланади.
Сабзавот экин майдонларида ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, кузги шудгор келгуси баҳорда шираларнинг кам бўлишига ёрдам беради.
Мевали боғларда барг шираларига қарши курашишда уларнинг қишловчи тухумларини йўқотиш мақсадида дарахт бачкиларини ва «семиз» бутоқларни кесиб ташлаш тавсия қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |