Бюджетлараромуносабатлар – Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджети, шунингдек туманларнинг маҳаллий бюджетларини ўртасида бюджет жараёнида содир бўладиган муносабатлар мажмуидир.
Давлат бюджети маблағларини бюджетлар ўртасида қайта тақсимлаш Давлат бюджети маблағлари турли даражадаги бюджетлар ўртасида қуйидаги йўллар билан қайта тақсимланади:
юқори бюджетлардан қуйи бюджетларга бюджет дотациялари, бюджет субвен циялари ва ўтказиб бериладиган даромадни ажратиб бериш;
бюджет ижроси жараёнида пайдо бўлган ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича маблағларни юқори бюджетдан қуйи бюджетга, шунингдек қуйи бюджетдан юқори бюджетга йўналтириш;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетида ва маҳаллий бюджетларда даромадлар ва харажатлар ўртасида пайдо бўладиган вақтинчалик узилиш айланма касса маблағи меъёри ҳисобига, юқори бюджетлардан бериладиган бюджет ссудалари, фойдаланилмаган бюджет маблағлари қолдиқлари ҳисобига қопланади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси бюджетида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетларида назарда тутилган айрим харажатларни мақсадли молиялаштириш учун қуйи бюджетлар ҳисобига киритиладиган даромадларни республика бюджетига ўтказиши мумкин.
Бюджетлараро муносабатларнинг назарий асослари ва тамойиллари Бюджет давлат учун зарур бўлган молия ресурслари миқдорини акс эттиради ва шунга қараб мамлакатдаги солиқ сиёсати белгиланади. Бюджет маблағларининг сарф этилиши, миллий даромадни ва ялпи ички маҳсулотни қайта тақсимлашдаги аниқ йўналишларни акс эттиради ва натижада у иқтисодиётнинг самарали дастаги бўлиш имкониятларига эга бўлади. Бюджет хилма-хил муносабатларга дахлдор категориядир. Унинг пайдо бўлиши ва ривожланиши давлатнинг пайдо бўлиши ва шаклланиши билан боғлиқ. Давлат бюджетдан бевосита ўз фаолиятини таъминлаш воситаларидан бири ҳамда иқтисодий ва ижтимоий сиёсат ўтказишнинг муҳим унсури тарзида фойдаланади. Бюджет - иқтисодиётга, ишлаб чиқариш жараёнига, хўжалик ҳаётига давлат томонидан таъсир ўтказувчи воситадир. У давлат истеъмолининг молиявий асоси сифатида намоён бўлади, ҳамда давлат томонидан ижтимоий соҳаларни бошқариш учун фойдаланилади.
Бюджет тизимининг бўғинлари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бюджетлараро муносабатлар механизми орқали ташкил қилинади. Бюджетлараро муносабатлар бу бюджет тизимининг бир поғонасидан иккинчи поғонасига бюжет маблағларининг кўчирилишидир. Давлат бюджети маблағларининг турли поғонадаги бюджетлар ўртасида қуйидагича тақсимланади:
1.Умумдавлат аҳамиятидаги солиқлар ва бошқа даромадлардан ажратмалар;
2.Бюджет дотациялари;
3.Ўзаро ҳисоб-китоблар;
4.Бюджет ссудалари;
5.Бюджет субвенциялари;
Умумдавлат аҳамиятидаги солиқлар ва бошқа даромадларни тақсимлашда қуйидаги мезонлар асос қилиб олинади:
1. Минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси;
2. Минтақада давлат инвестиция дастурига мувофиқ капитал қўйилмаларни молиялаштириш;
3. Маҳаллий бюджетдан маблағ билан таъминлашда ўз даромадларининг етишмаслиги.
Бюджетлараро алоқалар қуйидаги тамойиллар асосида йўлга қўйилади:
- Ўзаро жавобгарлик;
- Барча бюджетларни тўлдиришнинг ягона усулини қўллаш;
- Ҳудудлар даромадини тенглаштириш ;
- Бюджетлар ўртасидаги молиявий муносабатларни максимал даражада қисқартириш ;
- Маҳаллий бюджетларни хукумат қарори асосида тўлдириб бориш;
- Маҳаллий хокимиятларни ўзларининг бюджетлар даромадини оширишига қизиқишини кучайтириш ;
- Бюджетлараро муносабатлар ошкоралигини таъминлаш.
Бюджетларни тузиш ва тасдиқлаш жараёнида, моддий-техника базасининг бир хил бўлмаганлиги учун бюджетларнинг айримларида даромадлари режалаштирилаётган харажатдан ортиқ бўлса, бошқалари эса режалаштирилаётган харажатлари суммаси режалаштирилаётган бюджет даромадларидан ошиб кетган ҳолатларда ўзаро ҳисоб-китоблар керак бўлади. Бюджет тасдиқлангандан сўнг давлат ва маҳаллий солиқлар ва даромадлар тўғрисида, маъмурий-ҳудудий бўлинишдаги, ташкилотларнинг бўйсунишидаги ўзгаришлар, турли хилдаги бўйсунишдаги қурилиш объектлари ўртасида капитал қўйилмалар лимитларини қайтадан тақсимлашдаги ўзгаришлар бўйича янги қонунлар қабул қилиниши натижасида алоҳида олинган бюджетларга ўзгартиришлар киритилган ҳолларда бюджет ижроси жараёнида юзага келадиган бюджетлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича бажариладиган операциялар ҳисобга олинади.