1. Ҳаёт фаолияти хавфсизлигининг назарий асослари бўлимида фаннинг асосий тушунчалари, уларнинг мазмуни, хавфсизликни таъминлаш усул ва воситалари, инсон фаолиятининг турлари, ишлаб чиқариш санитарияси ва гигиенаси, уларга қўйиладиган талаблар ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари мавзулари муҳокама этилган.
Ҳаёт фаолияти хавфсизлигининг назарий асослари илмий фан сифатида ўзининг назарияси, методологияси ва методларига эга ва бир вақтнинг ўзида муҳандислик психологияси, одам физиологияси, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, экология, эргономика ва бошқа фанларнинг ютуқларига суянади.
2. Фуқаро муҳофазаси бўлимида фавқулодда вазиятлар, уларнинг сабабчи омиллари, хусусиятлари ва оқибатлари, фавқулодда вазиятлардан фуқароларни, моддий бойликларини, объектларни ҳимоя қилиш усуллари ва ҳимояловчи воситалардан фойдалана билиш қоидаларига ўргатиш, шикастланган ўчоқларда қутқарув ва биринчи тиклов ишларини ўтказиш ва бошқа муҳим вазифалар муҳокама этилган. Бу бўлимда келтирилган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасига оид қонунлар, Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари ва фавқулодда вазиятлар вазирлигининг йўриқномалари асос қилиб олинган.
3. Ёнғин хавфсизлиги бўлимида, ёнғин, унинг сабабчи омиллари ва салбий оқибатлари, ёниш жараёни, унинг фазалари, ёнғин хавфига бардошли бино, иншоотлар ва қурилиш материалларининг турлари. ёнғинни сўндирувчи воситалар, уларнинг хусусиятлари, уларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги масалалар муҳокама этилган. Бу бўлимда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 сентябрда қабул қилинган «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги» Қонуни асос қилиб олинган.
4. Фавқулодда вазиятларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимида фуқароларни ишлаб чиқариш хавфларидан ҳамда ҳаётий фаолиятининг бошқа жабҳаларида юз берадиган табиий, техноген ва экологик тусдаги фавқулотда вазиятлардан оладиган турли жароҳатларида уларга мос биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоида ва усулларини, ёрдам кўрсатишда фойдаланиладиган тиббиёт воситаларини ўргатади. Шу сабабдан ҳар бир фуқаро биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш муолажаларини билиши зарур ҳисобланади.
Фанни ўқитишда узвийлик ва изчилликни таъминлаш, дарслик ва ўқув қўлланмаларни такомиллаштириш, илм-фан соҳасидаги янгиликларни уларда акс эттириш, бугунги ва истиқболдаги вазифаларни ёритиш, мустақил таълим, ўқитиш жараёнида илғор педагогик ва замонавий ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинади.
Ҳаёт фаолияти хавфсизлигини ўқитиш борасида миллий ва хорижий тажрибаларни ўрганиш ва қиёсий таҳлил қилиш, фан намунавий ўқув дастурини такомиллаштириш ва унинг асосида маъруза матнлари, янги авлод ўқув адабиётлари, электрон адабиётларни яратиш ва таълим жараёнига босқичма-босқич жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
“Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” фанининг асосий тушунчаларига тўҳталадиган бўлсак, уларнинг асосийларидан бири хавф тушунчасидир.
Хавф-хатар - одамлар ҳаёти ва соғлиғига, ҳаёт фаолиятига тахдид, моддий ва атроф-мухитга етказилиши мумкин бўлган зарар. Хавф-хатар фавқулодда вазият манбаи ҳисобланиб, муайян шароитда фавкулодда вазиятни келтириб чиқаради.
Инсоннинг фаол ҳаракатлари йиғиндиси - фаолият тушунчасини билдиради. Меҳнат эса инсон фаолиятининг энг олий шаклидир. Шунинг учун фаолият ҳам, меҳнат ҳам бўлмаса, кишилик жамияти ҳам бўлмайди.
Ҳаётий фаолият - бу одамнинг кундалик фаолияти, дам олиши, турмуш тарзидир.
Хавфсизлик - бу фаолиятнинг ҳолати бўлиб, маълум эҳтимолликда хавфларнинг келиб чиқишини бартараф қилишдир.
ишлаб чиқариш фаолияти — маҳсулот ишлаб чиқариш, хом ашёни қайта ишлаш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш чоғида амалга ошириладиган ҳаракатлар йиғиндиси;
иш ўрни — меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг доимий ёки вақтинчалик бўлиш жойи;
меҳнат шароитлари — меҳнатни амалга ошириш чоғидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари йиғиндиси;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса — ходимнинг иш берувчининг ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда, шу жумладан иш берувчи томонидан берилган транспортда иш жойига келаётган ёки ишдан қайтаётган вақтда меҳнатда майиб бўлишига ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланишига олиб келган ва ходимни бошқа ишга ўтказиш заруратига, у касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки турғун йўқотишига ёхуд вафот этишига сабаб бўлган ҳодиса;
меҳнатда майиб бўлиш — ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида ходимнинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки турғун йўқотиши;
касб касаллиги — ходимнинг унга зарарли ишлаб чиқариш омили ёки хавфли ишлаб чиқариш омили таъсири натижасида юзага келган ва унинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёхуд турғун йўқотишига сабаб бўлган ўткир ёки сурункали касаллиги;
ноқулай ишлаб чиқариш омиллари — зарарли ишлаб чиқариш омилининг ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилининг мавжудлиги;
зарарли ишлаб чиқариш омили — таъсири ходимнинг касб касаллигига чалинишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили;
хавфли ишлаб чиқариш омили — таъсири ходимнинг шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили;
меҳнатни муҳофаза қилиш — меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ҳамда воситалари тизими;
Фавқулодда вазият - одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат. Фавқулодда вазиятлар келиб чиқиш сабабларига кўра табиий, техноген ва экологик турларга бўлинса, бунда зарар кўрган одамларсони, моддий зарар миқдори ва кўламларига кўра локал, махаллий, республика ва трансчегара турларга бўлинади.
Ёнғин - одамларнинг ҳаёти ва (ёки)соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига, шунингдек атроф табиий муҳитга зарар етказадиган, назорат қилиб бўлмайдиган ёниш.
Do'stlaringiz bilan baham: |