Махаллий паст навли фосфат хом ашёларидан мураккаб аралашмали фосфорли ўғит олишнинг технологик тизими.
Юқорида келтирилган илмий изланишлар натижалари паст сифатли фосфоритларни қишлоқ хўжалигида ишлатиб келинаётган минерал ўғитлар билан фаоллаштиришнинг илмий асослари ҳисобланади. Бунда озиқа элементлари турли нисбатда бўлган янги навли мураккаб аралашмали ўғитлар олиш мумкинлиги тавсия этилди. Чунки, республикамизда турли хил қишлоқ хўжлиги маҳсулотлари хар хил иқлим ва тупроқ минтақаларида етиштирилади. Уларни экиш, ўсиш, ривожланиш ва хосил тўплаш даврларида хар хил нисбатдаги озиқа элементлари билан озиқлантириш тавсия этилади.
Фосфоритларнинг тузлар билан фаоллашиши ёки унинг таркибидаги фосфорни ўсимлик ўзлаштирадиган шаклга ўтказиш жараёни экинларни суғориш вақтида тупроқдаги намлик ҳисобига боради. Бу шароитда тузлар диссоциаланиб, кислотали мухит ҳосил қилади ва у фосфоритни (шунингдек тупроқдаги бошқа озиқа элементларни хам) фаоллаштиради. Шунинг учун илмий изланишларда минерал тузларнинг концентрацияси 2 % дан 20 % гача ўзгартирилди.
Изланишлар мобайнида, юқорида айтиб ўтганимиздек, энг самарали натижа нитрат мочевина билан олинди. Нитрат мочевинали фосфорли маҳсулот келажакнинг ўғити сифатида тавсия этилади.
Фосфатларни минерал туз билан фаоллаштириш тадқиқотлари маълумотларига асосланиб, улардан мураккаб аралашмали ўғит олишнинг содда технологик тизими ишлаб чиқилди.
Ушбу технология тизимидаги қурилмалар ёрдамида туз ва фосфорит аралаштирилиб, озиқа элементлари зарур нисбатда бўлган ўғит узлуксиз тартибда олиш мумкин.
Фосфорит билан тузни узлуксиз аралаштириш маҳсулотнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланиш сифатини оширади. Тавсия этилаётган аралашмали мураккаб ўғит олишнинг технологик тизими қуйидагича:
фосфорит хом ашёсини қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва қадоқлаш;
минерал ўғитларни қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва қадоқлаш;
бирлаштирувчи эритма тайёрлаш ва ташиш;
озиқа компонентларини бир текисда аралаштириш;
маҳсулотни сақлаш ва қадоқлаш босқичларидан иборат.
Паст сифатли фосфорит хом ашёси омборхонадан механик мослама ёрдамида фосфорит бункерга (1) ортилади. Керакли миқдордаги фосфорит оғирлик дозатори (3) орқали узатиш транспортёрга (4) юборилади, ундан кейин эса шнекли–аралаштиргичга (5) туширилади. Керакли минерал ўғит ҳам омборхонадан туз бункерига (2), оғирлик дозатори (3) орқали узатиш транспортёрига (4) тушади, сўнгра у шнекли–аралаштиргичга (5) келиб тушади. Асосий компонентларни аралаштириш вақтида ҳосил бўладиган чанг миқдорини камайтириш ва уларни бир текисда аралаштириб, бир хил шаклдаги аралашмали ўғит олиш мақсадида шнекли-аралаштиргичга (5) минимал миқдордаги туз эритмаси пуркалади. Бирлаштирувчи эритмани аммонийнинг сульфат ёки нитрат ёки фосфат тузлари ёки уларнинг аралашмаларидан тайёрлаш мумкин. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг товар хоссаларига қараб, бирлаштирувчи тузнинг концентрацияси ва миқдори аниқланади. Ҳосил бўлган мураккаб фосфорли аралашма қабул қилувчи бункер (6) ва транспортер (7) орқали тайёр маҳсулот омборхонасига ёки қадоқлаш қурилмасига (8) юборилади.
Келтирилган содда технологик тизимни ташкил қилиш кўп сарф харажат талаб қилмайди ва уни қишлоқ хўжалигининг кимё таъминот базаларида жорий этиш тавсия этилади.
Хотима. Фосфат хом ашёларини минерал туз эритмалари ёрдамида фаоллаштириш жараёнини ўрганиш асосида Марказий Қизилқум ва Гулиоб фосфоритлари таркибидаги фосфорнинг ўсимлик ўзлаштирувчан ва сувда эрувчан Р2О5 шаклларга ўтказиш туз концентрацияси ва меъёрига боғлиқ ҳолда ўзгариши аниқланди.
Хом ашёларнинг парчаланиш даражаси туз эритманинг кислотали мухитига, яъни унинг диссоцияланган ҳолатдаги ионларига ва фосфорит миқдорининг ўзгаришига боғлиқлиги исботланди.
Фаоллаштирилган фосфорит таркибининг кимёвий тахлили натижалари нитрат мочевинанинг кучли кислотали мухити, яъни рН=0,5–1,0 эритмаси таъсирида хом ашё деярли тўлиқ парчаланиши кўрсатади. Жумладан, нитрат мочевинанинг 2 % дан 20 % гача бўлган эритмалари таъсирида 2 г бойитилмаган фосфорит унининг фаоллашиш даражаси 76 % дан 96 % гача, паст сифатли фосфоритда 64,8 % дан 94,2 % гача ва Гулиоб фосфоритида эса бу кўрсаткичлар 42 % дан 85 % гача ўзгаради. Нитрат мочевина таъсирида фосфоритларнинг фаоллашиш жараёнига ўхшаш боғлиқликлар аммонийнинг сульфат, нитрат ва хлорид тузлари, моноаммонийфосфат, калий хлорид ва карбамид каби туз эритмаларида ҳам аниқланди.
Паст сифатли фосфатларнинг минерал тузлар иштирокида фаоллашиш жараёнининг илмий изланиш натижалари шуни кўрсатдики, Марказий Қизилқум ва Гулиоб фосфоритларининг парчаланиш даражаси туз эритмаларининг мухитига боғлиқ. Эритма мухити қанчалик нордон, яъни рН<7 кислотали бўлса, фосфоритларнинг парчаланиш даражаси шунчалик юқори бўлади.
Олиб борилган илмий тажрибалар натижасида тузларнинг қуйидаги фаоллаштирувчи қатори тузилди.
Нитрат мочевина > аммоний сульфат > моноаммонийфосфат > аммоний нитрат > аммоний хлорид > калий хлорид > мочевина.
Паст сифатли фосфоритлар ва минерал тузлар ёрдамида таркибида озиқа элементлари керакли нисбат ва миқдорда бўлган ва қишлоқ хўжалик талабига мос келадиган янги навли мураккаб ўғитлар тайёрлаш мумкин. Шунингдек, фаоллаштиришнинг бу усулини маҳаллий хом ашёлардан жойларда катта сарф харажатсиз ташкиллаштиришга имкон беради. Фосфоритларни минерал тузлар таъсирида фаоллаштириб, уларни таркибида ўсимлик ўзлаштирувчан ва сувда эрувчан фосфор қисмини ҳосил бўлиши натижасида хом ашёни парчалаш учун зарур бўлган кислотани сарф миқдори тежалади.
ЎзРҚСХВ қошидаги Ўзбекистон пахтачилик илмий–тадқиқот институти, ЎзРФА Умумий ва ноорганик кимё институти трофология лабараторияларида ўтказилган агрокимёвий синов натижалари фосфоритларни минерал тузлар ёрдамида фаоллаштириб олинган фосфорли ўғитларнинг янги намуналари ўз самарадорлиги бўйича маълум стандарт ўғитлардан қолишмаслигини исботлади.
7>
Do'stlaringiz bilan baham: |