Аҳоли турмуш тарзининг оғирлашуви. Орол фожиаси.
ХХ аср Собиқ иттифоқда давом этган ижтимоий-сиёсий жараёнлар Ўзбекистондаги экологик ҳолатга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади. Мамлакатдаги маъмурий буйруқбозлик тизими, мафкуравий ҳукмронлик минтақадаги экологик холатга ҳам ўз салбий ўтказди. Зеро, Собиқ иттифоқ даврида тоталитар, мустамлакачилик тузум зўровонлиги Ўзбекистонда юз берган экоижтимоий инқирозлар ўз моҳиятига кўра маънавий фожеа ҳамдир. Экологик шовинизм барча соҳаларда сиёсий ва иқтисодий қарамликлар, миллий маънавий қадриятларнинг топталиши, кадрлар тайёрлашнинг империя манфаатларига мослаштирилиши, табиий бойликларга нисбатан талончилик сиёсати кабиларда намоён бўлди. Амалга оширилган шовинистик сиёсат натижасида табиатга ваҳшиёна муносабат Орол фожеасига олиб келди, флора ва фауна бузилди, турли хил касалликлар, жумладан, бепуштлик, аёллар ва болалар ўлими ошди. Биргина мисол, ўша пайтда АҚШ ва Японияда туғилган 1000 та боладан 1-2 таси ёшига етмай ўлган бўлса, бу кўрсаткич, Ўзбекистонда 46 тага етганлигини қандай изоҳлаш мумкин?. Экоижтимоий маънавий инқирозлар кўрсаткичи аҳолининг саломатлигининг ёмонлашишида ҳам ўз аксини топди. Жумладан, 1976 йилдан 1990 йилгача фақат Ўзбекистоннинг ўзида катта ёшдаги ва болалар орасида умумий касалга чалиниш (ҳар 10 минг киши ҳисобига) мунтазам ўсиб борган. Республика бўйича катталар ва ўсмирларнинг умумий касалланиш интенсив кўрсаткичи 1976 йилда 2466,5 тадан 1990 йилда 3598,6 тага етган. Ташқи муҳитнинг салбий таъсири туфайли асаб тизими, тери, тери ости касалликлари 1989 йилнинг ўзида - 1,4, қон айланиш тизими касалланиши - 1,3 марта кўпайган. Сил касаллигига чалиниш 3 фоизга кўпайган. Болалар жумладан, гўдаклар ўлими собиқ Иттифоқнинг бошқа ҳудудларидаги кўрсаткичидан икки марта юқори бўлган. Республикада ҳар йили 200 мингга яқин киши гепатит касалига дучор бўлган. Ер, сув, ҳавога эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш каби экокўникмаларимиз миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимиз коммунистик мафкура асосида шакллантирилган совет удумларини қарор топтириш орқали унутилди. Экомиллий кўникмаларимизнинг унутилиши эса юз берган фожеанинг навбатдаги маънавий инқирози эди.
Бу даврда ижтимоий ва хўжалик вазифаларини маъмурий-буйруқбозлик билан ҳал этиш мумкин бўлмай қолди. Иқтисодий ўсиш эса йилдан-йилга камайиб бораверди. Республика халқ хўжалигида умумий ижтимоий меҳнат унумдорлигининг пасайиши ҳисобига мўлжалдагидан 4,3 фоиз ёки 850,4 миллион сўмга кам миллий даромад олинди. 1989 йилда Ўзбекистондаги ҳар бир кишига собиқ иттифоқдаги ўртача даражадан бир ярим баравардан кам капитал маблағ тўғри келди.Ўша даврда республикада миллий онгнинг ўсиши, ўзликни англаш даражасининг кучайиши яна кўплаб муаммоларнинг ечимини кун тартибига қўйди. Аммо собиқ республика раҳбарлари бу муаммоларни ечиш учун қилинаётган ҳаракатларни “жамиятга қарши ҳаракат”, деб тушундилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |