Ҳайвонлар ривожланишининг навбатдаги босқичи бўлиб гребневикларнинг пайдо бўлиши саналади (200-расм). Ҳаётнинг кейинги ривожланиши бундан 630 млн йил илгари денгизлар саёзлиги тубида ривожланган ва кейинчалик уларнинг чуқур қисмларига тарқалган булутларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ (201-расм).
200-расм. Гребневик.http://wwlife.ru
201-расм. Булутлар.http://wwlife.ru
Ўсимлик дунёси бактериялар, замбуруғлар ва колониялар тарзида тарқалган кўкяшил сувўтларидан иборат бўлган. Кўкяшил сувўтларининг шиллиқ моддасида қобиқ ва уюшиқлар ҳосил қилган оҳакли моддалар кўп миқдорда бўлган. Бу ҳосилалардан баъзан строматолитлар ва онколитлар деб аталувчи рифсимон таналар шаклланган. Кечки протерозой океанларида ўша вақтнинг геологик шароитларини тиклаш учун етарли миқдорда кўп сонли ҳайвонлар ва ўсимликлар тарқалган деб ўйлаш мумкин. Бахтга қарши улар скелетсиз бўлганлиги туфайли тошқотган ҳолда жуда кам учрайди. Шунинг учун ҳам кечки протерозой Ер тарихининг олдинги босқичлари каби қабул қилинган умумий стратиграфик табақаларга эгамас.
Венд даврида скелетсиз кўп ҳужайрали организмлар гуркираб ривожланган. Венд биотаси олдинги органик дунё вакилларидан ҳам, кембрий даври вакилларидан ҳам кескин фарқ қилади. Кембрий биотаси кўп сонли ва таксономик томондан хилма-хил бўлган минерал скелетсиз кўп ҳужайрали ҳайвонларнинг қўққисдан пайдо бўлганлиги билан характерланади. Фақат венднинг охиридагина тубуляр хитиноидли ёки минерал скелетли майда шаклларгина пайдо бўлган.
Скелетсиз ҳайвонларнинг жуда яхши сақланганлиги ва кўплиги ҳали озуқа занжирининг оддий ва қисқа бўлганлигидан далолат беради. Чунки венд денгизларининг тубида тўпланган чўкиндилар суст биологик қайта ишланган.
Венд фаунасининг ўзига хос хусусияти бўлиб гигантизм саналади. Диаметри 0,5 м дан ортиқ бўлган медузоидлар, ўлчами 1 м га борувчи дикинсонийларнинг тамғалари кўплаб учрайди. Венд ҳайвонларининг гигантизми уларнинг эволюциясидаги филогенетик тупик ҳақида далолат беради деб тахмин қилинади. Айнан шунинг учун кўп ҳолларда кембрий организмлари орасида венд ҳайвонларининг бевосита авлодларини кўрсатиб бўлмайди. Вендда гигант ҳайвонлар қаторида майда скелетсиз шакллар ҳам яшаган. Эҳтимол, уларнинг авлодлари кембрийнинг бошларида скелетсиз умуртқасизларнинг гуркираб ривожланишига олиб келган (202, 203-расмлар).