Чўкинди жинсларнинг текстураси. Тоғ жинсларининг текстураси деб уларнинг таркибидаги структура ҳосил қилувчи доначаларнинг ўзаро маълум тартибда жойлашишига ва қатлам юзаларида ҳар хил кучлар таъсирида ҳосил бўлган нотекис юзаларга айтилади. Текстуралар тоғ жинсларининг ҳосил бўлишидаги табиий географик муҳит билан узвий боғлиқ бўлиб, уларни мукаммал ўрганиш ва таҳлил қилиш муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эга.
Текстуралар келиб чиқишига қараб 4 гуруҳга: 1) динамик, 2) деформацион, 3) биоген ва 4) кимёвий текстураларга бўлинади.
Динамик текстуралар чўкинди ҳосил бўлиш жараёнидаги сув ва ҳаво оқимларининг ҳаракат фаолияти туфайли вужудга келади. Бунда чўкиндиларнинг қатламланиши алоҳида хусусиятларга эга бўлади.
Моддий таркиби ва структураси бўйича бир жинсли, остки ва устки томонларидан таҳминан параллел чегаралар билан ажралиб турувчи геологик танага қатлам дейилади. Бир-бирига мувофиқ ётувчи қатламлар тизими қатламланишни ташкил этади.
Қатламлар бир-биридан моддий таркиби, структураси ва текстурасидан ташқари қалинликлари билан ҳам фарқ қилади. Қатламлар қалинлигининг турлича бўлиши, чўкинди ҳосил бўлиш муҳитининг давомийлигига, оқим зичлигига ва чўкинди ҳосил бўлиш тезлигига боғлиқ.
Қатламларнинг ўзидаги динамик текстуралар уларнинг устки ва остки юзаларида ҳамда ичида кузатилади. Улар структура ҳосил қилувчи доналарнинг моддий таркиби, ўлчами, шакли, мўлжалланиш ва жойлашиш тартиби билан ифодаланган бўлади. Қатламларнинг устки юзасидаги текстуралар тўлқин, оқим ва эол рябларидан иборат бўлади.
Қатламларнинг остки юзасидаги текстуралар асосан алевролитлар ва сланецлар устида ётувчи қумтош ва баъзан оҳактош қатламларининг остки юзасида учраши мумкин. Бу текстураларнинг кўпчилиги ҳали қотиб улгурмаган илли ётқизиқлар юзасида оқим ҳаракати туфайли вужудга келадиган чуқурлик ва нотекисликларнинг акс тасвиридан иборатдир. Улар оқим уюрмалари ҳосил қилган ювилиш нотекисликлари, бегона жисмларнинг судралиш жўяклари ва чизиқлари, уларнинг думалаш излари ва ряб белгиларининг акс тасвирларидан иборатдир.
Қатламларнинг ички текстуралари морфологияси ва келиб чиқиши бўйича жуда хилма-хилдир. Улар тўрт гуруҳга: горизонтал, тўлқинсимон, қийшиқ ва градацион қат-қатликларга ажратилади. Бу текстуралар терриген жинслардаги структура ҳосил қилувчи доналарнинг ўлчами, моддий таркиби, шаклининг ўзгариши, мўлжалланиши ва жойлашиш тартиби бўйича ифодаланади.
Деформацион текстуралар чўкинди ҳосил бўлгандан кейин, улар қотиб ва зичлашиб улгурмасдан ички ва ташқи кучлар таъсирида вужудга келади. Уларга дўл ва ёмғир томчиларининг излари, кўпбурчакли қуриш дарзликлари, қотиб улгурмаган юмшоқ чўкиндиларнинг оқиш излари киради.
Биоген текстуралар ҳар хил мавжудотларнинг ҳаёт-фаолияти натижасида вужудга келади. Бундай текстуралар уларнинг излари, ётиш жойлари бўлиши мумкин. Баъзи моллюскалар денгиз қирғоғи ва туб тоғ жинсларини, уларнинг синиқ бўлакларини ва чиғаноқларни пармалаб из қолдиради.
Биоген текстуралар қуруқлик ва денгиз ётқизиқларида кўплаб учрайди. Терриген алевролитлар ва қумлар ихнофосиллиялар деб аталувчи организмларнинг ҳаёт-фаолият изларига эга бўлади. Чунки бундай излар кўринарли бўлиши учун улар ўзаро структуравий контрастликка эгадир. Организмлар ҳаёт-фаолият изларини қатламларнинг устки юзасида, ичида ва остки юзасида кузатиш мумкин.
Кимёвий текстуралар гил ётқизиқлари юзасида ҳар хил шаклдаги муз ёки бошқа минерал бирикмалар кристалларининг сақланиб қолган изларидан иборат бўлиб, улар ётқизиқлар ҳосил бўлиш шароитини аниқлашда катта аҳамиятга эга.
Тоғ жинсларидаги текстураларни синчиклаб ўрганиш ва улардан тўғри хулоса чиқара билиш, олиб бораётган геологик текшириш ишларининг муваффақиятли ўтиши гаровидир.